Абу-Даби Ислом Банки (ADIB) — Бирлашган Араб Амирликларининг етакчи ислом молия муассасаси — ўзининг мобил иловаси орқали янги Карточкасиз нақд пул ечиб олиш (Cardless Cash Withdrawal) хизматини ишга туширди
Ушбу янги хизмат банкнинг мижозларга қулай ва осон банк хизматларини тақдим этишга бўлган интилишининг исботи дейиш мумкин.
Бу хизмат туридан фойдаланиш орқали мижозлар ADIB банкоматларидан дебит картасисиз пул ечиб олишлари, шунингдек, ўз яқинлари ва дўстларига, (ҳатто ADIB мижози бўлмаганларига ҳам) пул ўтказишлари мумкин. Хизмат ADIB’нинг 500 дан ортиқ банкоматлари орқали амалга оширилади. Бу банкнинг рақамли инновациялар орқали қулай ва ҳамма учун очиқ банк хизматларини тақдим этишга бўлган интилишининг бир қисмидир.
Бутун жараён рақамли бўлиб, фойдаланиш учун осон ва хавфсиз қилиб ишланган. Мижоз ёки қабул қилувчи шахс SMS орқали ёки мобил илова орқали бир марталик Collection Code — код олади, ва ушбу код орқали ADIB банкоматидан 2 соат мобайнида керакли миқдорда пул ечиб олиши мумкин бўлади. Шунингдек, мобил иловадаги пул ўтказмалар хизматидаги cardless cash опциясини танлаб, БААдаги мобил рақамга пул юбориши мумкин.
Amit Malhotra, ADIB’нинг чакана банк хизматлари бўйича раҳбари шундай дейди:
“Карточкасиз пул ечиб олиш соҳада янгилик эмас, аммо бу амалиётнинг биз учун энг муҳим жиҳати — хавфсизлик ва ишончлилик талабларига жавоб берадиган ечимларни тақдим этишдир. Ушбу хизмат мижозларга пул ечиб олишда хавфсиз ва назорат қилинадиган усулни тақдим этиш мақсадида ишлаб чиқилди. ADIB учун бу фақатгина янги технологияларга мослашиш эмас, балки мижоз эҳтиёжларига жавоб берадиган ҳақиқий инновацияларни яратиш демакдир.”
Карточкасиз нақд пул ечиб олиш хизмати ADIB’нинг 2035-йилгача бўлган стратегияси — Vision 2035 — доирасида мобил банк хизматларини ривожлантириш йўлидаги кенг қамровли режаларининг бир қисмидир. Бу узоқ муддатли стратегия янги технологиялар, шу жумладан генератив сунъий тафаккур (Gen AI) ва замонавий рақамли функцияларни жорий этишга қаратилган.
Карточкасиз пул ечиш хизмати ADIB’нинг рақамли банк хизматлари портфелига қўшилиб, қулайликни ошириш, банкка бевосита ташрифлар ва жисмоний иштирокни талаб қиладиган воситаларга бўлган эҳтиёжни камайтиришга хизмат қилади.
Манба: https://www.zawya.com/en/press-release/
Изоҳ: ушбу хабар банк-молия соҳасида юз бераётган ўзгаришларни кўрсатади. Бундай банк хизматлари аллақачон баъзи тижорат банклари томонидан Ўзбекистонда ҳам жорий қилинганлиги таҳсинга сазовор. Энди ислом банклари фаолиятига ҳам рухсат берилса, халқимиз учун янги имкониятлар яратилади ва бу иқтисодиёт ривожи учун ҳам манфаатли бўлади, деб умид қиламиз.