#мулоҳаза
Маълумки, бугунги кунда Россияда таҳминан 20 млн. мусулмон бор (яъни ушбу мамлакат фуқароси бўлган мусулмонлар сони). Мусулмон аҳолиси ўртасида закотни амалда қўллаш масаласига бағишланган кичик ижтимоий тадқиқот натижасига кўра (сўровномада 500 та одам иштирок этган) мусулмонлар манфаати йўлида амалга оширилган турли хайрия мақсадларида бир йилда таҳминан 30 млн. доллар сарфланган. Айнан қайси мақсадларда хайр-эҳсон қилинганлиги қуйидаги жадвалда кўрсатилган (жадвал рус тилида):
Албатта ушбу кичик тадқиқот катта хулосалар чиқаришга имкон бермайди (ижтимоий сўровномалар бўйича қилинган илмий тадқиқларга кўра, жиддий хулосалар чиқариш учун сўровнома камида 1,5 минг иштирокчи ўртасида ўтказилиши лозим). Бироқ, бу одамлар кўпроқ қайси йўналишларга эътибор қаратиши ҳақида муайян тушунча беради. Масалан, юқоридаги жадвал хайр-эҳсон қилувчилар ўз эътиборларини биринчи навбатда хайрия ташкилотларига, масжидларга ҳамда бевосита ижтимоий ҳимояга мухтож одамларга қаратганликларини кўрсатади. Демак, агар хайрия ташкилотлари фаолиятида шаффофлик таъминланса хайр-эҳсон қилувчилар ўз маблағларини осонгина (масалан турли иловалар орқали карталаридан) хайрия ташкилотлари ва масжидларга ўтказиб беришлари мумкин.
Инсон табиати шундайки, ортиқча ҳаракат талаб қиладиган мураккаб нарсалардан қочади, осон нарсалардан эса бажонидил фойдаланади, йирик харажатларни оғриниб, майда харажатларни эса бемалол амалга оширади, қийин ишни чўзиб, енгил ишни эса тезроқ бажаради. Агар ният – мусулмонларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш орқали моддий таъминотга мухтож инсонларга ёрдам кўламини ошириш бўлса, у ҳолда масалага инсоннинг ушбу хусусиятларини инобатга олиб ёндашиш керак. Шунда қўйилган мақсадга тезроқ эришилади. Масалан, фаолияти шаффоф бўлган, жамият аъзоларига амалга оширилган хайрия ишлари бўйича, ҳаражатлар таркиби бўйича турли ижтимоий тармоқлар орқали мунтазам равишда батафсил ҳисобот берувчи хайрия ташкилотининг ҳисоб рақамига омма ўртасида кенг тарқалган турли қулай иловалар орқали пул ўтказишни ташкил қилиш ва тарғиб қилиш катта натижа бериши мумкин.
Мусулмон одамнинг бир йилда бир закот ва фитр садақа бериши билан зиммасидаги барча мажбуриятлари якунига етиб қолмайди. Рамазон ойида қилинган мажбурий хайр-эҳсон билан “жаннатни калитини чўнтакка солиб”, кўнгилни хотиржам қилиб юриш керак эмас. Катта бўлмаса ҳам кундалик/доимий хайр-эҳсон ҳақида қуйидаги ҳадисдан кўп нарса олсак бўлади:
Ибн Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Мўмин банда битта хурмо донасини ёки шунча келадиган пок нарсани садақа қилади. Аллоҳ покдан бошқа нарсани қабул қилмайди. Бас, у Аллоҳ Табарока ва Таолонинг қўлига тушади. Бас, У зот уни бирингиз тойчоғини ўстирганидек, катта адирдек бўлгунича тарбия қилади», дедилар”.
Шарҳ: Ушбу ҳадиси шарифда Аллоҳ Субҳанаҳу ва Таолонинг Пайғамбари соллаллоҳу алайҳи васаллам бизга садақанинг катта-кичиги бўлмаслигини тушунтиряптилар. Хурмонинг бир донаси жуда кичкина нарса, бироқ банда шуни садақа қилса ҳам, эътиборсиз қолмас экан. Бу нарса бориб Аллоҳ Таолонинг қўлига тушар экан. Банда садақа қилган нарсанинг Аллоҳнинг қўлига тушиши жуда улуғ нарсадир. Ўша турган ҳолида қолиши ҳам катта нарса эди, бироқ Аллоҳ Таоло бу садақани худди бир ҳайвоннинг янги туғилган боласини авайлаб катта қилгандек, ўстириб, катта қилар экан, бориб-бориб, бу бир дона хурмо катта адирдек савобга айланар экан.
Демак, қўлдан келган ҳар қандай яхшилик/хайр-садақани кичик бўлгани учун паст санаб, беписандлик қилмай, ихлос билан эҳсон қилавериш керак экан.
Валлоҳу аълам.