Ассаламу алайкум!
Рибо ал-фадл масаласида қўйилган мақоладан кейин обуначиларимиздан бир қанча саволлар келиб тушди. Саволлардан келиб чиққан ҳолда, ушбу мавзуда яна бироз қўшимча маълумот бериш зарурати борлигини тушундик.
Шу мақсадда, 1932-2015 йилларда яшаб ижод қилган Суриялик машҳур исломшунос, ҳуқуқшунос (ислом ҳуқуқи бўйича), муфассир олим (унинг ат-Тафсӣр ал-Мунӣр (التفسير المنير) китоби 1995 йилда “Ислом дунёсидаги йилнинг энг яхши тадқиқоти” деган ном олган) Ваҳба ибн Мустафа аз-Зуҳайли (وهبة الزحيلي)нинг “Ислом фиқҳи ва унинг далиллари” (الفقه الإسلامي وأدلته) китобининг ислом ҳуқуқидаги молиявий битимларга бағишланган жилдига мурожаат қилдик.
Авваламбор, мавзуга алоқадор машҳур ҳадисни яна бир бор эслаб оламиз:
«Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:
«Тиллага тилла, кумушга кумуш, буғдойга буғдой, арпага арпа, хурмога хурмо, тузга туз, ўхшашга ўхшаш, тенгма-тенг, қўлма-қўл. Қачон ушбу жинслар турлича бўлса, агар қўлма-қўл бўлса, қандай хоҳласангиз, сотаверинглар», дедилар».
(ушбу ҳадис Убода ибн Сомит розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган)
Бошқа бир ривоятда:
«Бас, ким зиёда қилса ёки зиёда қилишни талаб қилса, батаҳқиқ, рибога йўл қўйибди. Уни олувчи ҳам, берувчи ҳам барибир», дейилган.
Бешовлари ривоят қилганлар.
Мана энди, ушбу ҳадис асосида “рибовий маҳсулотлар” учун (олтин ва кумушдан ташқари) мужтаҳид мазҳаббошиларимиз томонидан ўрнатилган мезон/талабларни кўриб чиқамиз. Юқорида номи кўрсатилган манбада рибо ал-фадл (муайян маҳсулотларни айирбошлашда ҳосил бўлиши мумкин бўлган “зиёдалик” рибоси) масаласидаги тўрт сунний мазҳаб – Ҳанафий, Моликий, Шофеъий ва Ҳанбалийларнинг қоидалари келтирилган:
Ҳанафийларда: жинси бир бўлган (яъни бир турдаги) ҳажм (кайл) ва вазн билан ўлчанадиган маҳсулотлар.
Моликийларда: сақланадиган (яъни тез бузилмайдиган) ва ейиладиган маҳсулотлар.
Шофеъийларда ва бир ривоятга кўра Ханбалийларда: ейиладиган маҳсулотларда ва дори-дармон сифатида ишлатиладиган нарсаларда, улар ҳажм ва вазн билан ўлчанадими ёки йўқми, сақлаб қўйса бўладими ёки йўқми ундан қатъий назар.
Машҳур Мадиналик тобеин олим Саид ибн ал-Муссайибнинг фикрига кўра, ҳамда бошқа баъзи ривоятларга кўра Шофеъийлар ва Ҳанбалийларда: ҳажм ва вазн билан ўлчанадиган ейиладиган маҳсулотларда (демак, ушбу икки мазҳабда ҳажм, вазн ва ейиладиганлик сифатлари бўлган маҳсулотларни айирбошлашда рибо ал-фадл вужудга келиши мумкин, дейилган экан).
Шундай қилиб, бошқа 3 (жумҳур) мазҳабдан фарқли равишда, Ҳанафий мазҳабида жинси бир бўлган (яъни бир турдаги), ҳажм ва вазнда ўлчанадиган ҳар қандай маҳсулотларни ўзаро айирбошлаш тенгма тенг ва қўлма қўл амалга оширилиши шарт, акс ҳолда рибо бўлади дейилган. Демак, қум, цемент ёки бензинни ҳам ҳадисда номлари зикр этилган буғдой ёки туз каби тенгма тенг ва қўлма-қўл айирбошлаш керак бўлар экан. Хусусан, 80 маркали 15 литр бензинни 10 литр 95 маркали бензинга ёки 1 тонна 400 маркали цементни 0,8 тонна 500 маркали цементга айирбошлаш мумкин эмас, чунки бирининг сифати иккинчисидан пастроқ бўлса ҳам, уларнинг жинси бир хил ва бу юқоридаги келтирилган рибо ҳақидаги ҳадисга тушади.
Турли сабаблар туфайли фиқҳ уламолари мазҳабларида ўзига хослик ва турли-туманликлар келиб чиққан. Уламолар буни оддий бир ҳолат, турли-туман инсонлар яшайдиган жамиятда бўлиши табиий ва қолаверса, ихтилофлар мусулмон уммати учун раҳмат дейишган. Чунки оғир аҳволга тушиб қолганда бир мужтаҳиднинг фатвосидан жавоб топилмаса, иккинчисиникидан топилади ва ҳоказо. Масалан шогирдлар, хусусан Имом Абу Ҳанифанинг катта шогирдлари Абу Юсуф ва Имом Шайбонийлар баъзи масалаларда ўз устозлари фикрига мос бўлмаган хулосалар беришган. Имом Шофеъий эса Ҳижозда яшаб турган пайтларида муайян масалаларда чиқарган фатволарини Мисрда яшаб турганларида ўзгартирганлар. Бунга у кишининг нафақат Ҳижоздан Мисрга кўчиб ўтганликлари, балки ёш пайтларида Имом Моликка шогирд бўлиб, кейинчалик Имом Муҳаммад Шайбонийга шогирд тушганликлари ҳам сабаб бўлгандир.
Ҳанафий мазҳабининг рибо масаласидаги қоидалари бошқа мазҳаблардан кўра қатъийроқлигига ҳам (ёки оғирроқлигига дейиш мумкин) ушбу мазҳаб асосчиси Имоми Аъзам вояга етган Куфа ҳамда у киши кўп маротаба бўлган Басра илм ривожланган ва шу билан бир қаторда турли эътиқодий ва фалсафий фирқаларнинг баҳс-тортишувлари қизғин тус олган минтақа сифатида танилганлиги сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳудудларда қоидалар қатъийроқ бўлмаса одамлар ўзларига турли “ечимлар” топишга ҳаракат қилиши мумкин.
Кўриб чиқилаётган масала юзасидан Моликий олим Ибн Рушднинг фикри эътиборга молик. Олимнинг ўзи Моликий мазҳабига эргашган бўлса ҳам, бу масалада, “Рибонинг моҳиятига қаралса, у ҳолда Ҳанафийларнинг фикри яхшироқ, чунки рибони тақиқланишидаги асл мақсад – катта адолатсизликни олдини олиш, айирбошланаётган (бир жинсли) маҳсулотларда тенгликни шарт қилиш эса айнан шу мақсадга (яъни адолатни таъминлашга хизмат қилади), деган экан.