1. Вайл бўлсин ўлчовдан уриб қолувчиларга.
“Вайл” сўзининг икки хил маъноси бор, бири “Вой бўлсин”, иккинчиси “Вайл” дўзахнинг номларидан бири, яъни ўлчовдан уриб қолувчиларга “Вайл дўзахи” бўлсин, дегани. Бизнингча, икки маъно бир-бирини тўлдириб келади: “Вайл”га тушган одамнинг ҳолига вой бўлади, ҳолига вой бўлган одам “Вайл”га тушади. Демак, Ислом ўзининг дастлабки кунларидан бошлабоқ, бировнинг ҳаққини ҳаромдан ейишга қарши қаттиқ уруш очган. У ўлчовдан оз-оз уриб қолувчиларнинг ҳам дўзахга тушиб ҳоли вой бўлишини эълон қилган. Қуръони Карим бу масалани ушбу сураи каримадан бошқа сураларда ҳам кўтарган. Хусусан, Шуайб алайҳиссалом қиссасида у зот қавмларининг энг катта айби ўлчовда бировнинг ҳаққидан уриб қолиш эканлиги такрор-такрор таъкидланган. Аллоҳ таоло мазкур айби учун ўша қавмни ҳалок қилгани ҳам ҳар сафар шу ҳақда сўз кетганда такрорланган.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам эса ўз ҳадиси шарифларида ояти карималарнинг маъноларини таъкидлаганлар. Жумладан, имом ал-Ҳоким ва Тобароний Абдуллох ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда у зот соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ўлчовдан уриб қолмаслар. Магар набототдан ман қилинурлар ва қаҳатчилик ила тутилурлар”, деганлар. Бу — ўлчовда бировнинг ҳаққидан уриб қолиш билан машғул бўлган қавмнинг юртидан барака кўтарилиб, очарчиликка дучор бўлурлар, дейилганидир.
Биринчи оятда ўлчовдан уриб қолувчиларга бериладиган жазо эълон қилиб бўлинганидан сўнг, энди келадиган оятларда улар мазкур қабиҳ, ишни қандоқ шаклда олиб боришлари васф қилинади.
2. (Улар) одамлардан нарса ўлчаб олсалар, тўлиқ оларлар.
3. Ва агар одамларга ўлчаб ёки тортиб берсалар, камайтирарлар.
Ҳа, ўлчовда уриб қолувчилар асосан олиб-сотарлар бўладилар. Улар ҳалоллик, поклик билан савдогарлик қилсалар, энг баракали касбни қилган бўлар эдилар. Аммо, уларнинг баъзилари очкўз, еб тўймас бўлиб қолганлар. Шунинг учун савдодан тушганни еб тўймасдан, ўлчовдан уриб ялаб тўймоқчи бўладилар.
Улар кишилардан нарса ўлчаб олаётганларида заррача ҳам камайтирмасдан, иложи бўлса, бир оз ортиқ ўлчаб олишга уринадилар. Ўзлари бировларга ўлчаб ёки тортиб бераётганларида эса уларга сездирмай камайтириб беришга ҳаракат қиладилар. Улар шу йўл билан фойда кўрмоқчи бўладилар. Эҳтимол, улар бу беш кунлик дунёда қўлга тушмай, қилган жиноятларининг жазосини тортмай қутулиб кетарлар, аммо барибир улар тутиладиган Кун келиши аниқ…
Манба: “Тафсири ҳилол”