«Улар омонатларига ва аҳдларига риоя қиладиганлардир.»
Ушбу оятда мўминларнинг фазилатлари васфи келмоқда. Уларнинг яхши сифатларидан яна бири, омонатга хиёнат қилмаслик ва аҳдга вафо қилишдир. Омонат ҳам, аҳд ҳам икки хил бўлади. Аллоҳ таоло билан банданинг ўртасида ва банда билан банданинг ўртасида. Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги омонатга, шариатга амал қилиш ва дин ҳукмларини маҳкам тутиш киради. Шунингдек, Аллоҳ таоло билан банда ўртасидаги аҳдга банда ўз ихтиёри ила Аллоҳ таоло йўлида деб аҳд қилган ишлар, назрлар ва бошқалар ҳам киради.
Банда билан банда ўртасидаги омонатга эса бир-бирига ишониб топширилган нарсалар, айтилган махфий гаплар, уларнинг ўзаро тузган шартнома ва келишувлари киради. Мўминлар иймонга келган дастлабки кунданоқ доимо омонат ва аҳдларнинг риоясини қилдилар, уларнинг бу васфи Қуръони Каримнинг бошқа оятларида ва Пайғамбар алайҳиссаломнинг ҳадисларида баён қилинган.
Манба: Тафсири ҳилол
Изоҳ: демак, ўзини мўмин деб ҳисоблаган инсон нафақат Аллоҳга берган ваъдаси/назри/аҳдига вафо қилиши, балки бошқаларни омонатига ҳам ҳиёнат қилмаслиги, яъни унга ишониб топширилган нарсалар, айтилган махфий гапларни бошқаларга ошкор қилмаслиги, тузилган шартномалар, битим ва келишувларга риоя қилиши керак бўлар экан.