БИСМИЛЛАҲИР РОҲМАНИР РОҲИЙМ
38. Бас, қариндошга, мискинга ва йўлда қолганга ҳаққини бер. Ана шу, Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир. Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир.
Ризқ бериш Аллоҳ таолонинг қўлида бўлгач, ризқнинг камайиб қолишидан қўрқмай, қариндош-уруғларга, мискинлар ва сафари туфайли муҳтожликка тушиб, йўлда қолганларга ҳақларини бер. Хайр-садақа қил, сенинг қўлингдаги ризқи-рўзда уларнинг ҳам ҳақлари борлигини унутма.
“Ана шу, Аллоҳнинг юзини ирода қилганлар учун хайрлидир.»
Қўлидаги молдан қариндош-уруғга, мискинларга ва йўлда қолганларга эҳсон қилиш Аллоҳнинг розилигини кўзлаган кишилар учун энг хайрли ишдир.
“Ва ана ўшалар нажот топгувчилардир.»
Лекин:
39. Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас. Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса, бас, ана ўшалар бир неча баробар қилиб олгувчилардир.
“Рибо” ўзбек тилида “судхўрлик” деб юритилади. Рибо бир одам иккинчисига маълум муддатга маълум миқдор пулни устига фоиз қўйиб қайтариш шарти ила беришидир. Бунда пул эгаси ҳеч қандай меҳнатсиз, фақат пул бериб тургани учунгина текин фойда кўради. Пул олувчи эса, фойда кўриш-кўрмаслигидан қатъи назар, белгиланган муддатда келишилган фоизни қўшиб пулни эгасига қайтариши лозим. Бу нарса Исломда ҳаром қилинган. Рибо орқали одамлар пулларини зиёда қилишни истайдилар. Аммо Қуръони Карим бу ҳақда бошқача ҳукм айтмоқда:
“Одамлар моллари ичида зиёда бўлсин деб рибо учун берган молингиз Аллоҳ ҳузурида зиёда бўлмас”.
Аллоҳ таоло рибони ҳаром қилган, ҳаром нарса қанча кўп бўлса ҳам, зиёда бўлмайди. Шунингдек, рибода савоб ҳам йўқ. Балки гуноҳ бор.
“Аллоҳнинг юзини кўзлаб берган закотингиз эса…»
“Закот” сўзи ўзбек тилида “покиза” ва “зиёда” маъноларини англатади. Дарҳақиқат, закоти берилган мол покизаланади ва Аллоҳ берган барака ила зиёда ҳам бўлади. Ўша закот берган одамлар:
“…бас, ана ўшалар бир неча баробар қилиб олгувчилардир”.
Шунинг учун, рибо йўлига эмас, закот йўлига юриш керак.
Манба: Тафсири ҳилол