Бой фарзанд унинг ёши ва жинсидан қатъий назар, ота-онасини, камбағал бобо ва бувиларини уларнинг мусулмон ёки кофир (ғайридин/зиммий) бўлишидан, бирор касб-корга қодир ёки ожизлигидан қатъий назар, нафақа билан таъминлаши лозим ва муҳтож ота-боболарни нафақалашда бой фарзанд ҳеч кимнинг иштирокига умид қилмайди.
Фарзанд ота-онага энг яқин инсондир. Шунинг учун ота-онанинг нафақасини таъминлашга энг лойиғи фарзанддир. “Зоҳирур-ривоя”га[1] кўра, ота-онанинг нафақаси (бой) ўғил-қиз фарзандларга баробар вожибдир.
Ота-онага нафақа беришнинг вожиблиги Аллоҳ таоло “Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да), дунёда яхши муомалада бўлгин” дегани учундир (Луқмон сураси, 15 оят)[2]. Мазкур ояти карима кофир ота-она ҳақида нозил бўлган, демак, ота-она гарчи кофир бўлишса ҳам, нафақалари мусулмон фарзанд зиммасига тушади. Чунки киши Аллоҳнинг неъматларидан баҳраманд бўлиб туриб, ота-онасини оч қолдирса, “яхши муомала” қилган бўлмайди.
Бағдоднинг ҳанафий фақиҳларидан ҳисобланувчи имом Қудурий[3] роҳимаҳуллоҳга кўра фарзанд ота-онаси ва бобо-бувиларини (агар ота бўлмаса) нафақа билан таъминлаши вожиб бўлиши учун, уларнинг камбағал бўлишларини шарт қилиб қўяди. Чунки улар бой-беҳожат бўлишса, бошқанинг молидан уларга нафақа таъмин қилишдан кўра ўзларининг молидан нафақа таъмин қилиш афзалроқдир.
Шу билан бирга, юқорида айтиб ўтилганидек, ота-она касб-кор қилишга қодир бўлсалар ҳам, фарзанд уларни нафақа билан таъминлаши вожиб. Демак, ота-она бой-беҳожат бўлишса фарзандларнинг уларни нафақа билан таъминлаши вожиб бўлмайди, лекин улар бой-беҳожат бўлишмаса, гарчи улар касб-кор қилишга қодир бўлсалар ҳам фарзандлар[4] уларни нафақа билан таъминлаши вожиб бўлар экан. Чунки ота-она касб кор қилишлари сабабли уларга машаққат етиб қолар экан. Фарзанд эса, улардан зарарни қайтаришга буюрилган.
Агар ота сурункали давом этаётган касал бўлса ёки хотини унинг хизматини қиладиган бирор хизматкорга муҳтожлик сезадиган хасталикка чалинган бўлса, бу ҳолда бой ота камбағал ўғлига хизматкор зарур бўлганида унинг нафақасини адо этганидек, бой ўғил ҳам отасининг хотини ё хизматкори нафақасини тўлаши лозим бўлади. Агар камбағал отанинг бир неча хотинлари бўлса, юқорида зикр этилган отага лозим бўлган бир хотиннинг нафақасидан ташқари бошқа хотинларининг нафақасини тўлаш фарзандга вожиб эмас.
Камбағал ўғилга камбағал отани нафақа билан таъминлаш вожиб эмас, фақат ўғилнинг касб-кори бўлса ва ота ишга ярамайдиган, сурункали касалга чалинган бўлса, шундагина фарзанд отага ёрдам беради. Агар оғир касал отанинг уйида она муҳтож ҳолатда бўлса, камбағал ўғилнинг фарзандлари ҳам бўлса, ота-оналарининг фарзандларига қўшиб барчаларини биргаликда нафақа билан таъминлайди ва уларга имкониятидан ортиқ нарсани беришга мажбурланмайди.
Агар ўғил вақтинча узоққа кетган бўлса-ю унинг мол-мулки бирор кимсага сақлашга ёки қарзга берилган бўлса, қози ўша молдан унинг камбағал ота-онасига нафақа белгилайди. Албатта, ота-онаси буни (кейинчалик) тўлаб бермайди. Шу каби, (камбағал) ота-онанинг қўлида ғойиб ўғилнинг моли бўлиб, ундан ўзларининг нафақалари учун ишлатсалар, уни (кейинчалик) тўламайдилар. Лекин ота-она ўзининг қарзини тўлаш учун ўғилнинг молини сотиш ҳуқуқига эга эмас. Шунингдек, ўғилнинг кўчмас мулкини сотишлари ҳам мумкин эмас.
Агар камбағал ота-онанинг бой ўғил ва қизи бўлса, уларнинг икковлари ота-оналарини моддий таъминотини қилиш/нафақалантиришда баробардирлар[5]. Агар отанинг ўғли ва ўғлининг ўғли (набираси) бўлса-ю, уларнинг ҳар иккови ҳам бой бўлишса, ота-онани нафақа билан таъминлаш ўғил зиммасида бўлади (чунки набирадан кўра ўғил ўз ота-онасига яқинроқ).
Агар ўғил ғойиб бўлса (узоққа кетса) ҳамда унинг моли нақд бўлмаса, у ҳолда отани нафақалантириш ўғилнинг ўғлига (яъни набирага) амр этилади.
Кекса, камбағал/мискин, сурункали оғир касалликка чалинган ва шу сабабли касби-кор қилишга қодир бўлмаган кишиларнинг ёрдам қиладиган фарзандлари ва қариндошлари бўлмаса, у ҳолда уларга давлат томонидан нафақа ажратилиши лозим (маълумки, бизнинг мамлакатимизда барча кексаларга, ногиронларга ва ижтимоий ҳимояга мухтож бўлган инсонларга давлат томонидан нафақа ажратилади).
Юқорида бир неча марта бой фарзандга ота-онани нафақа билан таъминлаш вожиб дейилди. Мана энди “бой” деганда нимани тушуниш кераклигини билиб оламиз. Бойлик Абу Юсуф раҳимаҳуллоҳдан қилинган ривоятга кўра закотнинг нисоби билан белгиланади, яъни закот бера оладиган киши бой саналади. Фатво ҳам шунга берилган. Бироқ, Муҳаммад раҳимаҳуллоҳга кўра бойлик ҳар кунги касб-кордан фойда олиб, ўзи ва оиласи эҳтиёжидан ортган маблағ билан белгиланиши айтилган. Демак, ота-онанинг нафақасига биринчи навбатда моли нисобга етган фарзанд масъул бўлади, агар ундай фарзанд бўлмаса, у ҳолда ҳар кунги касб-кордан фойда олиб, ўзи ва оиласи эҳтиёжидан ортган маблағи бор фарзанд масъул бўлади. Албатта агар фарзандлар бир нечта бўлса ва улар бой бўлмаса, у ҳолда уларнинг барчаси ота-онанинг нафақасини ўзаро келишган ҳолда таъминлашлари мақсадга мувофиқ бўлади. Валлоҳу аълам.
Умматимизни ота-онасига яхши муомала қилишга буюрган Аллоҳ таолога шукроналар бўлсин ва бизларни ота-онасига меҳр-мурруватли инсонлар қаторида бўлишимизни насиб этсин.
Жаҳонгир Имамназаров
Иқтисодиёт фанлари (Ислом иқтисодиёти йўналиши) бўйича фалсафа доктори
Манба: https://islom.uz/maqola/14126 ва Бурҳониддин Марғинонийнинг “Ҳидоя шарҳ бидоятил
мубтади” асари.
[1] “Зоҳирур-ривоя” – Муҳаммад Ибн Ҳасан Шайбоний қаламига мансуб олтита китобни ўз ичига олган ҳанафий мазҳабидаги энг эътиборли китоблар тўплами бўлиб, Имом Абу Ҳанифа, Абу Юсуф ва Муҳаммад ибн Ҳасан Шайбонийнинг кучли қавлларини ўз ичига олган;
[2] Қурони карим маъноларининг таржима ва тафсири муаллифи – Шайх Абдулазиз Мансур.
[3] Қудурий – Абул Ҳусайн Аҳмад ибн Абу Бакр Муҳаммад ибн Аҳмад ибн Жаъфар ибн Хамадон. Ҳижрий 362-санада туғилиб, ҳижрий 428-санада вафот этган.
[4] Фарзандлар деганда фақат кичик фарзанд ёки фақат ўғил тушунилмас экан.
[5] Шу ўринда бир нарсани айтиб ўтиш керак. Бизда қизлар турмушга чиққандан кейин ота-онасининг мулкидан мерос олиш ҳуқуқига эътибор қилинмайди ва буни “чиққан қиз, чиғириқдан ташқари” каби мақоллар билан урфга киритмоқчи бўлишади. Ваҳоланки уларнинг мерос ҳуқуқи Аллоҳ томонидан тегишли оятлар билан Қуръони каримда аниқ белгилаб қўйилган. Демак, қиз фарзанд ота-онасининг мулкига меросхўр бўлар экан, у ота-онасини моддий жиҳатдан таъминлашга ҳам масъул бўлиши мумкин экан (агар бой бўлса). Динимизда аёл киши ўз мол-мулкига эга бўлиши ва шу мулкни эркин тасарруф қилиши шак-шубҳасиз мумкин. Албатта, мол-мулки бўлган ҳар қандай бой инсон қатори аёл киши ҳам закотини тўлашга ва бошқа молиявий мажбуриятларини бажаришга, хусусан ота-онасининг нафақасига ҳам масъул бўлар экан. Оналаримиз, яъни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг завжаи мутоҳҳарали ҳам меҳнат қилиб, пул топиб, хайр-эҳсонлар қилганликлари маълум ва машҳур.