ИБН МУБОРАКНИНГ ОЛИЙ ҲИММАТЛИГИ
Юқорида Ибн Муборак ал-Марвазий тижорат билан ҳам шуғулланар эди, деган эдик. Айтишларича, у ипак ва мўйна билан савдо қилар экан. Молларни Хуросондан Макка Мадинага ёки Шом чегараларига олиб борар эди. Унинг тижоратидан мақсади мол тўплаб, бойлик йиғиш эмас, балки бу мол-дунё билан ўз обрўсини сақлаш ва муҳаддис биродарларига хайру-эҳсон қилиш эди. Ибн Муборакнинг тижорати катта эди*. Фақирларга бир йилда юз минг дирҳам хайру-эҳсон қилар эди. Қаерда бирон олим билан учрашиб қолса унга мурувват қилар эди.
Ибн Муборакнинг олийҳимматлиги ва баъзи қарздор кишиларнинг қарзини адо этишлигини баён қилиб берадиган бу қиссани келтириб, Ибн ал-Жавзий шундай дейди: «Ал Мусаяйб бин Возеҳ айтадики: «Абдуллоҳ ибн Муборакнинг ҳузурида ўтирган эдим. Шу пайтда унга бир кишининг етти юз дирҳам қарздор эканлиги ҳақида сўзлаб беришганда Ибн Муборак шундай деб хат ёзди: «Агар сенга бу хатимни олиб боришса, уни ўқиб бўлгандан сўнг шу хатни олиб борган кишига етти минг дирҳам бер». Хат вакилнинг қўлига етиб келгач, уни ўқиб кўрди ва у кишига юзланиб: «Сенга нима берайин?» деди. У киши: «Унга етти юз дирҳам қарздор эканлигимни айтишган эди» -деди. Вакил: «Хатда хатога йўл қўйилибди, лекин жойингда ўтириб тургин, сенга тегишли маблағни бераман ва хўжайинимга одам юбориб, сен тўғрингда маслаҳатлашиб оламан», деди ва Абдуллоҳ Ибн Муборакка хат ёзиб, унда: «Менга сизнинг ёзган хатингиз келди, уни ўқиб кўриб, нима деганингизни тушунмадим ва хатни олиб келган кишидан сўрадим. У сиздан етти юз дирҳам қарздор эканини айтди. Бу хатда эса етти минг, деб ёзилган экан, агар сиз адашиб ёзган бўлсангиз, тўғрилаб ёзиб беринг, шунга қараб ҳисоб қиламан», деди. Ибн Муборак унга: «Агар сенга бу хатим етиб борса, уни ўқиб кўриб унда айтган гапга тушунсанг, шу хатни эгасига ўн тўрт минг дирҳам бер», деб ёзди. Вакил унга: «Агар ишимиз шундай бўлиб бораверса, тезда мулкимизни сотиб битирамиз», деб ёзди. Абдуллоҳ Ибн Муборак унга жавобан: «Агар сен менинг вакилим бўлсанг, сенга буюрганимни бажар, агар мен сенинг вакилинг бўлсам менинг ўрнимга кел, мен сенинг ўрнингга бориб сенинг буюрганингни бажараман», деди. Ибн Аббос айтади: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтадилар: «Кимки бир мусулмон биродарига тўсатдан бир хурсандчилик келтирса, Аллоҳ таоло унинг гуноҳларини кечириб юборади». Мен ҳам у биродаримга кутилмаганда бир хурсандчилик келтиришни хоҳладим», деб жавоб ёзган экан.
Ибн Муборак молларини муҳтожларга, хусусан, фозил кишилар, толиби илмлар ва уламо биродарларига эҳсон қилар экан, унинг ўнг қўли қилган садақани чап қўли билмас эди. У тақводорлигини ва парҳезкорлигини пинҳона қиладиган зоҳид эди.
Ибн Муборакдаги олийҳимматлилик ва қиладиган яхшиликларидан мақсади у билан фахрланиш ёки шухратпарастлик эмас, балки шу яхшиликлари билан Аллоҳ таолога юзланиш, унинг розилигига йўл топиш эди. Аллоҳ таолонинг: «Улардан (муҳодирлардан) илгари (Мадина) диёрига ўрнашган ва иймон-эътиқодни (маҳкам ушлаган) зотлар (ансорлар) эса ўзларининг ерларига ҳижрат қилиб келган кишиларни суюрлар ва дилларида уларга берилган нарсалар, ўлжалар сабабли бирон ҳасад туймаслар, ҳамда гарчи ўзларида эҳтиёж бўлсада, ўзларини қўйиб, ўзгаларни ортиқ кўриб иҳтиёр қилурлар. Кимки ўз нафсининг бахиллигидан сақлана олса, бас, ана ўшалар нажот топгувчи зотлардир» («Ҳашр» сураси, 9-оят), деган каломини доимо кўз ўнгига қўяр эди. Ибн Касир ад-Дамашқийнинг қуйидаги ҳикояси Ибн Муборак ҳақидадир: «Ибн Муборак бир сафар ҳаж қилиш учун йўлга чиққанда бир мамлакатнинг ичидан ўтди. Шунда ўзи билан олиб юрган қуши ўлиб қолди. У қушнинг ўлигини ўша жойдаги ахлатхонага ташлашни буюрди. Шериклари ундан олдин йўлга тушишди. Ибн Муборак улардан ортда қолиб борди. Шунда ҳалиги ахлатхона ёнидан ўтаётса, ахлатхона яқинидаги ҳовлидан бир аёл чиқиб бояги ўлик қушни олди ва уни ўраб олиб, шошилиб уйига кириб кетди. Ибн Муборак келиб у аёлдан бу ўлимтикни нега олганлигини сўраганда аёл: «Бу жойда ёлғиз мен ва акам яшаймиз. Бизнинг мана шу битта кийимдан бошқа ҳеч нарсамиз йўқ, ейишга овқатимиз ҳам йўқ. Мана шу ахлатга ташланган нарсалардан олиб еймиз. Бир неча кундан бери мана шу қушнинг ўлимтиги қўлимизга тушди. Отамиз молдор эди, унга зулм қилиб молини тортиб олишди ўзини эса ўлдиришди», деб жавоб берди. Сўнгра Ибн Муборак юкларни қайтаришни буюрди ва вакилга айтди: «Қанча маблағимиз бор?» У деди: «Минг динор». Шунда Ибн Муборак: «Ундан йигирма динорни олиб қол. Марвга қайтиб боришимизга етади, қолганини ана у аёлга бер. Бу ишимиз бу йил ҳаж қилишимиздан ҳам афзалроқдир», деди. Сўнгра ҳажга бормасдан Марвга қайтиб кетишди».
Ибн Муборак худо йўлида чегара жойлардаги жангчиларга инфоқ қилиш билан бирга, ўзи билан Марвдан ҳажга борувчилар учун ҳам инфоқ қилар эди. Ҳаж зиёратини адо этиш учун марвликлардан Ибн Муборакка ҳамсафар бўлганларга қиладиган яхшиликлари ва ёрдамлари ҳақида ал-Хатиб ал-Боғдодий бизга шундай ҳикоя қилади: «Агар Ибн Муборак ҳаж қилишга жазм қилса, биродарларига айтар эди: «Сизлардан ким бу йил ҳаж қилишни ният қилса, харажат учун нафақаларини келтириб берсин. Мен уларга харажат қилиб бераман». Сўнгра улардан нафақаларинии олар ва ҳар бир халта устига эгасининг исмини ёзиб қўяр эди. Уларга тўкин харажат қилиб, яхши уловлар бериб, барча енгилликлар яратиб, яхши муомала қилиб чиқар эди.
Ибн Муборак катта дастурхонни бир туянинг устига юклаб юрар, унда эса гўшт ва ширинликлардан иборат ҳар хил егуликлар бўлар эди. У одамларни овқатлантириб, ўзи эса жазирама иссиқда рўзадор бўлар эди.
Улар ҳажларини тугатгандан кейин уларга: «Сизларни аҳлларингиз бирон совға олиб келишни айтишган эдими?» дер эди. Сўнгра уларнинг ҳар бирига Макка ва Яман совғаларидан олиб берар эди. Агар юртларига қайтсалар йўл давомида уларнинг уйларига одам юбориб, уйларини тузаттириб, таъмирлатар эди. Юртларига етиб келишгач зиёрат қилиб, уларни едириб-ичириб, сарполар кийдирар ва сандиқдан ўша халтачаларини чиқариб, ўз эгаларига тақсимлаб берар эди».
Юқорида зикр қилинганлардан хулоса қилиб айтиш мумкинки, Ибн Муборакнинг бу дунёда қилган савдосини молу-мулк йиғиб жамлаш учун эмас, балки охират савдосида фойда қилиш учун қилар эди.
Камтаринлиги:
Ҳадиси шарифда: «Кимки Аллоҳ таоло учун холисона камтаринлик қилса, уни Аллоҳ таоло мартабасини баланд қилур», дейилган.
Абу Саид ал-Худрий ривоят қиладилар: «Ҳақиқатан ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам туяга емиш берар, оёқ кийимини ямар, хизматкори билан овқатланар, агар хизматкори чарчаса тегирмон тортар эди. Юкларини бозордан уйга орқалаб келишдан уялмас эди. Бой билан ҳам камбағал билан ҳам қўл бериб кўришар, бошлаб салом берар, чақирилган жойга беписандлик қилмасдан, арзимас хурмога ҳам таклиф қилинсалар, борар эдилар. Енгил овқатли, юмшоқ хулқли, улуғ табиатли, чиройли муомалали, очиқ юзли, табассумли, ўзини хор тутмаган ҳолда хокисор, исрофгарчиликка йўл қўймаган ҳолда олийҳиммат, ҳар бир мусулмонга юмшоқ қалбли меҳрибон эдилар. Тўйиб овқат емаган ва лекин тама қилиб қўл чўзмаган эдилар».
Яҳё бин Яҳё ал-Андалусий Мадинаи Мунаввара имоми Молик бин Анас ҳузурида илмий мажлисга қатнашгани ҳақида ҳикоя қилади: «Бу мажлисга қатнашиш учун Ибн Муборак рухсат сўраб киради. Шунда имом Молик ўрнидан сурилиб ёнидан жой беради. Шу пайтгача у бошқа бирон кимсага ўрнидан сурилиб жой бермаган эди. Ҳар вақтки бирон масала ўтса имом Молик Ибн Муборакдан: «Бу масала тўғрисида нима фикр билдирасиз?» деб сўрар эди. Шунда Абдуллоҳ Ибн Муборак унга секин-аста жавоб берар эди. Мажлисдан сўнг Ибн Муборак туриб чиқиб кетди. Имом Молик у зотнинг одоби ва камтаринлигига ҳайратда қолди ва ўтирганларга: «Бу киши Ибн Муборак – Хуросон элининг фақиҳидир», деди.
Абу Али ар-Равзоийнинг қуйидаги сўзи Ибн Муборакнинг ҳамсафарларига ихлоси, уларга хизматда садоқати ва камтарлигига далолат бўлади. У айтади: «Мен Ибн Муборакка Макка йўлида ҳамсафар бўлдим. Саҳрога кирганимиздан кейин у менга: «Сен амр бўласанми ёки мен бўлайми?» деди. Мен «Сиз бўлинг», дедим. У: «Ундай бўлса сен қулоқ тутиб итоат этасан», деди ва халтани елкасига кўтариб олди. Мен Унга: «Қўйинг, мен кўтараман», дедим. У менга: «Мен амирми ёки сен?» деди. Мен: «Сиз амирсиз», дедим. Бир кеча йўлда тунаб қолганимизда ёмғир қуйиб берди. Ибн Муборак бир кийимни олиб, тонг отгунча мени ёмғирдан пана қилиб чиқди. Мен унга, сиз амир бўлинг дегандан кўра, ўлганимни афзал билдим. Биз манзилга етиб, ажралишаётганимизда, у менга: «Эй Абу Али, агар бирон инсон билан ҳамсафар бўлсанг, худди шундай бирга ҳамсафар бўлгин», дедилар.
Мана бу Ибн Муборакнинг бутун вужудини қамраб олган етук камтаринлигидир. У ўзини ҳеч ким танимасдан, ҳар бир қилган яхшилиги яширин бўлишини хоҳлади ва Аллоҳ таоло учун камтаринлик, хокисорлик қилди, бас, Аллоҳ таоло уни борган жойида, яшаган ерида мартабасини кўтарди ва машҳур қилди. Ашъас бин Шуъба ал-Масисий айтади: «Ҳорун ар-Рашид Ринна шаҳрига келганда одамлар Абдуллоҳ Ибн Муборакнинг орқасидан тўда-тўда бўлиб юрар, уларнинг йиртиқ оёқ кийимлари тагидан тўзон кўтарилар эди. Амир ал-мўминийннинг аёли буни кўриб, «Бу нима?» деб сўради. «Хуросон элининг олими Риннага келган, уни Абдуллоҳ Ибн Муборак дейдилар», деб жавоб бердилар. Шунда Ҳоруннинг аёли: «Аллоҳга қасамки, бу подшоҳдир, одамларни миршаблар ва аъёнларнинг кучи билан тўплайдиган Ҳорун подшоҳ эмас», деди.
ИБН МУБОРАКНИНГ ҲИКМАТЛИ СЎЗЛАРИ
Ибн Муборакнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари бор:
– Илмни дунё учун ўргандик, бас, у бизни дунёни тарк этишга йўллади.
– Дарҳақиқат уламолар пайғамбарларнинг меросхўрларидир, агар улар таъмагир бўлсалар кимга эргашилади. Савдогарлар Аллоҳнинг омонатдорларидаир, агар улар хиёнат қилсалар кимга ишонилади, парҳезкор зоҳидлар ернинг подшоҳларидир, агар улар риёкор бўлсалар кимнинг изидан борилади, подшоҳлар халқнинг ғамхўрларидир, агар ғамхўр бўри бўладиган бўлса, халқни ким ҳимоя қилади?
– Пайғамбарликдан кейин илм тарқатишдан кўра афзалроқ нарсани билмайман.
– Аслзода – тоат ибодати туфайли Аллоҳ улуғ қилган кишидир. Пасткаш – гуноҳ ишлари туфайли Аллоҳ таоло қабиҳ қилган кишидир.
– Илм олишнинг аввали ниятдир, сўнгра Фаҳм, идрок қилиш, ёд олиш ва охири тарқатишдир.
– Агар икки киши сафарда ҳамроҳ бўлсалар, уларнинг бири икки ракат намоз ўқимоқчи бўлса-ю, шериги ўқимаганлиги сабабли тарк қилса, у риёкор бўлади ва ҳамроҳи учун ўқиса у ширк бўлади.
– Агар бирон кишини ғийбат қиладиган бўлсам, ота-онамни ғийбат қилган бўлар эдим, чунки менинг савобларимни олишга ота-онам ҳақлидирлар.
– Кимки ҳаромдан бир пул олса ҳам, у ишончли киши эмас.
Вафоти:
Ибн Муборак Ал-Марвазий Тарсусдаги ғазотдан қайтгач Ҳийт шаҳрига бориб, у ерда 181 ҳижрий йилнинг Рамазон ойида вафот этади. Ал-Ҳажаб Ал-Бағдодий Ибн Муборакнинг вафот кунларини аниқ қилиб шундай дейди: «Ҳийт шаҳрида Рамазондан 13 кун ўтганда 181 ҳижрий йили вафот этди». Ўшанда у зотнинг ёши 63 да эди.
Ҳорун ар-Рашидга Ибн Муборакнинг вафоти ҳақида хабар етганда: «Ҳақиқатан ҳам уламоларнинг саййиди вафот этибди», деган экан.
Ҳийт шаҳри Фурот дарёсининг ёқасида жойлашган бўлиб, у ердаги Ибн Муборакнинг қабри кўзга ташланиб туради. У киши ҳаётини илм олиш, шогирдлар етиштириш, китоблар ёзиш, Ҳаж қилиш, тижорат қилиш мақсадида тинмай сафарлар қилиш, кези келганда фидойилар сафида жангларда қатнашиб ўтказган, тиниб-тинчимас инсон бўлган. Ибн Муборакнинг ҳаётидан кўриш мумкинки, у ўз ҳаётини бир йил ҳаж қилишга, бир йил ғазот қилишга ва яна илм билан машғул бўлиш, шогирдларга илм бериш, ҳамда тижорат билан шуғулланишга бағишлаган.
Доктор Абдул Мажид ал-Мухтасиб (араб тилидан Исмоил Райҳон ўғли таржимаси).
Манба: Islom.uz рортали
Ислом молияси изоҳи:
*баъзи манбаларда келишича, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг жами мол-мулки тўрт юз минг динор қийматидан ошаркан. Йиллик даромади эса юз минг динорга тўғри келар экан. Унинг отаси бор-йўғи бир боғбон бўлиб, бу бойлик ундан қолмаган. Тарихий маълумотларга кўра, ўша пайтларда бир динорга 3 та қўй берган экан. Бугунги кун ҳисоби билан ҳисоблаб кўрсак, Абдуллоҳ ибн Муборакнинг жами мол-мулкининг қиймати ўртача ҳисобда 200 миллион АҚШ долларига тенг бўлган бўлар экан!