Қуйида қурбонликнинг молиявий томонига оид баъзи масалаларни кўриб чиқамиз.
Балоғатга етмаган болалар нисобга етадиган молни мерос сифатида олсалар, ўз номларидан қурбонлик қилишлари вожиб бўлмайди.
Нисоб эгаси қурбонлик кунларида жонивор сотиб олишга нақд пули бўлмаса, қарз олиб қурбонлик қилиши зиммасига вожибдир.
Бир киши бир нечта қурбонлик қилса, улардан биттаси вожиб қурбонлик, қолганлари эса нафл қурбонлик бўлади.
Бой одам қурбонлик кунлари ичида қурбонлик қила олмаса, бир қўй ёки эчкини қийматини садақа қилиши вожиб бўлади. Агар қурбонликка жонивор сотиб олган бўлса, ўша жонворни тириклигича садақа қилиши вожиб бўлади. Агар билмай қурбонлик кунлари ўтиб кетган бўлса ҳам сўявераман деб сўйиб қўйган бўлса, гўштини ўзи емай фақирларга садақа қилиши вожибдир.
Фақир одам қўй сотиб олаётган пайтда қурбонликни ният қилмай, сотиб олгандан кейин қурбонлик қилишни ният қилса, ўша жониворни қурбонлик қилиши вожиб эмас.
Бир кишини учта ёки тўртта ўғиллари бўлиб, улар билан биргаликда тижорат қилсалар ва уларни еб-ичиши, турар жойлари бир жойда бўлса, асл мол отаники бўлиб, фарзандлар отага ёрдамчи бўлсалар, бундай ҳолатда отанинг зиммасига қурбонлик вожиб бўлади. Фарзандларга эса, қурбонлик вожиб бўлмайди. Агар фарзандлари нисоб эгалари бўлсалар, уларнинг зиммасига ҳам қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Бир неча киши шерик бўлиб, қурбонлик қилинаётган суратда судхўр ва шу каби ҳаромдан мол топгувчиларни шерик қилинса, ҳеч бир кишининг қурбонлиги дуруст бўлмайди. Лекин улар бирортасидан ҳалол пул олиб шерик бўлсалар, жоиз бўлади.
Ҳозирги кунда жуда кўп аёллар тақинчоқ ва ортиқча нарсалари ҳамда ўлик моллари ҳисобланса, нисоб соҳибига айланадилар. Гарчи закот бермасаларда, уларнинг зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади. Ўлик молларга уламоларимиз уч сидра кийимдан ортиқчасини ҳам ҳисобга олганлар. Ундан ташқари уйда ишлатилмай турадиган идиш-товоқлар, сувенирлар нархи 85 г тилло ёки 612 г кумушнинг қийматига етса, зиммаларига қурбонлик қилиш вожиб бўлади.
Нисобга эга бўлган киши қурбонлик қилишидан олдин ва қурбонлик вақти чиқишидан олдин фақирга айланиб қолса, зиммасидан қурбонлик соқит бўлади.
Қурбонлик қилиш фақат закот берувчиларнинг зиммасига эмас, балки нисобдан деб ҳисобланмайдиган ҳожати аслиялари (яшаш жойи, еб ичадигани, уч сидра киядиган кийими, ҳунармандларнинг асбоб-анжомлари, миниб турган улови кабилар)дан ташқари мол-мулки бўлган (агар уларнинг қиймати ҳисобланганда нисобга етса)ларга ҳам қурбонлик вожиб бўлади. Шунингдек, нисобга эга бўлганига бир йил тўлиши ҳам шарт эмас.
Кўпчилик кишилар қурбонлик қилганларидан кейин ортган гўштини сотиб юборадилар. Бундай қилиш жоиз эмас. Қурбонлик гўштини сотиб юборган бўлсалар, фақир мискинларга уни пулини садақа қилишлари вожиб бўлади.
Қассобнинг хизмат ҳақини сўйилган қурбонлик гўштидан бериш жоиз эмас.
Қассобнинг хизмат ҳаққини гўшт, тери ёки калла-поча билан адо қилиш жоиз эмас. Агар шундай қилган бўлса, уларни қийматича садақа қилиш вожиб бўлади. Лекин, қассобнинг ҳаққини алоҳида адо қилиб, қўшимчасига уларни унга бериб юборса зарари йўқ. Лекин, эвазига хизмат ҳақини камайтирмаслиги лозим.
Қассоблик касби дуруст бўлиб, Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг замоналарида ҳам қассоблар бўлган. Саҳобаларнинг баъзилари қассоблик билан шуғулланганлар.
Қурбонликнинг териси унинг гўшти каби пулга сотилмайди. Агар сотса, қийматини фақирларга садақа қилиши вожиб бўлади.
Қурбонликка оид баъзи савол-жавоблар:
Савол: Қурбонликнинг териси сотилгач унинг қиймати қандай садақа қилинади?
Унинг қийматини масжид мадрасаларнинг таъмирига ишлатиш жоизми? Териларни масжидга келтириб берилса мутавалли ёки имом уни сотиб пулини масжидга ишлатиши жоизми?
Жавоб: Қурбонлик териси сотилгач шариат юзасидан фақир мискинларга садақа қилиниши вожибга айланади.
Қурбонлик териси сотилгач унинг қиймати закот каби садақа қилиши вожиб бўлади. Шундай экан уни закотга ҳақдор бўлган ўринларга сарф қилинади. Закотни фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт бўлгани каби терининг қийматини ҳам фақир мискинга мулк қилиб бериш шарт. Масжид таъмирига ишлатиладиган ўринда мулк қилиб бериш топилмайди. Мабодо терининг нархини ҳақдор бўлган фақир кишига мулк қилиб берилсаю ва у ўз ихтиёри билан масжидга ҳадя қилса жоиз.
Агар терини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутаваллига берилса улар сотиб пулини масжидга ишлатсалар ҳам жоиз бўлмайди. Чунки бу ерда фарз бўлган мулк қилиб бериш деган нарса топилмаяпти. Мулк қилиб беришнинг маъноси бирор шахсга ҳоҳлаганидек тасарруф қила оладиган шахсий мулк қилиб бериш. Юқоридаги суратда эса бу нарса топилмаяпти. Балки терини пулини масжидга ишлатиш учун имом ёки мутаваллини вакил қилинаяпти. Вакилликнинг шарти эса вакил қилгувчи ўзи тасарруф қилишга эга бўлган шахс бўлиши керак, вакил қилгувчининг ўзи масжидга сарфлашга ҳаққи йўқ бўлганидан кейин унинг вакилини ҳам бунга ҳаққи йўқ. Хулоса шуки тери масжидга етиб келмасдан аввал сотилса ҳам, масжидга етиб келиб сотилса ҳам уни масжидга ишлатиш жоиз бўлмайди.
Савол: Аёл киши нисобга етган мулкка эга эмас, лекин эри унга келгусида нисобга етарли маҳрни беришини ваъда қилган. Ҳозирда у аёлнинг қўлида маҳр йўқ. Аёл маҳрга ҳақдор сабабидан бой ҳисобланадими, зиммасига қурбонлик вожиб бўладими?
Жавоб: Аёл киши эрнинг зиммасидаги маҳр билан бой саналмайди ва қурбонлик қилиши вожиб бўлмайди.
Савол: Бой бўла туриб бир неча йилдан бери қурбонлик қилмаган киши нима қилади?
Жавоб: Аввало қурбонлик қилмаганига тавба қилади ва неча йил қурбонлик қилмаган бўлса ҳар йилига биттадан қўйнинг қийматини садақа қилади.
Манба: https://islom.uz