Фиқҳий қоидалар ёки “ал-қоваид ал-фиқҳийя” муомалат фиқҳини яхшироқ англаш учун ишлаб чиқилган. Фиқҳий қоидалар ислом ҳуқуқшунослигига оид кўплаб мавзуларни чуқур ўрганиш орқали вужудга келган.
Энг асосий қоидаларни бир бирма бир кўриб чиқамиз:
1. Ишлар мақсадларига боғлиқдир – الأمور بمقاصدها
Фиқҳий қоидаларнинг биринчиси “ал-умур би мақосидиҳа” – Ишлар мақсад-ниятларга боғлиқдир, деган қоида бўлиб, бу умумлаштирувчи қоида ҳисобланади ва ҳар бир иш, сўз ёки амал орқали бўлсин, мақсад-ниятига қараб турли натижа ва ҳукмларга олиб боради.
Мазкур қоида барча ниятга боғлиқ фиқҳ масалаларини, жумладан ибодат, битимлар, амаллар ва муносабатларни қамраб олади. Инсоннинг амаллари унинг ният-мақсадига қараб баҳоланди. Яъни, муайян бир амалнинг ёки келишувнинг натижаси ўша амал нияти ёки келишув мақсадига мувофиқ бўлиши керак. Хусусан, шартномаларда ҳам асосий эътибор сўзлар ва уларнинг ташқи тузилишига эмас, балки мақсад-моҳиятига қаратилади.
Инсоннинг бажарадиган барча ишларида ният-мақсаднинг ўрни жуда катта. Ният-мақсаднинг хусусиятлари қуйида қисқача баён қилинган.
Агар бир одам кўчада ёки бирор бошқа жойда бир нарса топиб олса ва ўша нарсани эгасига қайтариш нияти билан олса, бу қилган иш тўғри ва бу одам шу нарсанинг сақловчисига (امين) айланади. Лекин бу одам шу нарсани ўзиники қилиб олиш ниятида олган бўлса, у мулкни ботил йўл билан ўзлаштириб олувчи (غاصب) ҳисобланади. Ҳар икки ҳолатда ҳам зоҳиран бир хил иш қилинди. Лекин ҳукми мақсадга қараб фарқланади.
Шунингдек, бу қоида ибодат (عبادة) билан одатни (عادة) фарқлаб беради. Мисол учун, инсон саҳардан то кун ботгунга қадар рўза тутиш ниятисиз ўзини еб-ичишдан тийса, бу одам рўза тутган ҳисобланмайди. Бу шунчаки бир одат бўлиб, бу ишига савоб ёзилмайди. Агар ҳудди шу амал рўза тутиш нияти билан қилинса, бу энди ибодат ҳисобланади ва унга савоб ёзилади.
Мазкур қоида, ният-мақсад (ният қалбда туғилади) ва унинг амалдаги кўриниши ўртасидаги фарқ борасида савол туғилишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳолатда, агар ҳукм чиқарувчига асл мақсад аён бўлса, ҳукм ўша ният асосида чиқарилади (яъни амалнинг зоҳирий кўринишига эътибор берилмайди). Лекин мақсадни аниқ билишнинг имкони бўлмаса, ҳукм амалнинг зоҳирий кўринишига қараб чиқарилади.
Агар мақсад ва амал (яъни унинг зоҳирий кўриниши) ўртасида тафовут бўлиб, бунда ниятни аниқлаш қийин бўлса, ҳукм амалнинг кўринишига қараб чиқарилади. Бу борада қуйидаги маънодаги ҳадис бор: «Биз амалларнинг ташқи кўринишига қараб ҳукм чиқарамиз, қалбдаги ниятларни Аллоҳ билгувчи» (Саҳиҳ Бухорий).
Демак, ҳақиқатни билиш қийин бўлган ҳолатларда, амаллар зоҳирига қараб баҳоланади ва шу асосда ҳукм чиқарилади.
Юқорида ёзилганлардан келиб чиқадики, тўғри ҳукм чиқариш учун асл ният-мақсадни аниқлаш жуда муҳим, акс ҳолда ҳукм чиқаришда адолатсизликка йўл қўйилиши мумкин.
Турли масалаларда ҳукм чиқаришда ушбу қоиданинг ўта муҳимлигини ҳисобга олиб, мазкур қоиданинг ўзига хос жиҳатлари, хусусан ният-мақсад ва унинг амал билан боғлиқлиги борасида бир нечта мисоллар келтирамиз:
- Одам ўзи яшаш мақсадида ёки сотиш мақсадида янги уй сотиб олиши закот тўлаш қоидаларига турлича таъсир этади;
- Молини нисобдан кам миқдорда ушлаб туриш учун садақа қилиш;
- Совға бериш: совға-салом билан бировни қувонтириш ёки пора таклиф қилиш;
- Йўқолган нарсани биров эгасига қайтариш учун топиб олса-ю, унинг қўлида у омонат ҳисобланади, агар уни ўзи ишлатиш мақсадида олса, у ғасб (бировни мулкини ноҳақ ўзлаштириб олиш/тортиб олиш/босқинчилик) бўлади.
Давоми бор