Маълумки, Ислом дини инсон ҳаётининг ҳар бир жабҳасини қамраб олган, инсонлар ўртасидаги энг кичик саналган молиявий масалаларни ҳам махсус меъзонлар орқали тартибга соладиган, қиёматга қадар инсониятнинг барча муаммоларига одил ечим таклиф қиладиган мукаммал диндир.
Кеча «1-июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни» муносабати билан Ислом оламида ўзига хос ўрин тутган, ёзилганига салкам 800 йил (асар 625/1228 йил 28 июлда ёзиб бўлинган) бўлганига қарамай ўз аҳамиятини йўқотмаган асар — ҳамюртимиз, ҳозирги Жиззах вилояти ҳудудида туғилган фақиҳ олим Маждуддин ал-Уструшаний роҳимаҳуллоҳ томонидан болалар ҳуқуқларига бағишлаб ёзилган «Жомиъ аҳком ас-сиғор» китобида болаларга бериладиган НАФАҚАЛАРга оид маълумотни сизларга тақдим этмоқчимиз.
Бевосита мавзуга ўтишдан аввал бу масалага, яъни болалар ҳуқуқлари масаласига дунёда деярли эътибор берилмаганлигини қайд этиб ўтишни лозим деб билдик. Сиёсий ва ҳуқуқий таълимотлар тарихида, асосан, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига эътибор берилса-да, яқин-яқингача бола ҳуқуқлари муаммоларига етарли аҳамият берилмас эди. Фақат XX асрнинг биринчи ярмидан бошлаб мазкур масалада халқаро ҳужжатлар қабул қилина бошланган. Жумладан, 1923 йилда англиялик Эглантайн Джебб томонидан асос солинган «Болаларни қутқаринг» Халқаро Кенгаши, кейинчалик «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Декларация» (1959), «Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенция» (1989) ва бошқа бир қатор халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар фикримизнинг исботи бўла олади.
Шу нуқтаи назардан қаралганда, Маждуддин ал-Уструшанийнинг «Жомиъ аҳком ас-сиғор» асари мазкур йўналишдаги нафақат илк ҳуқуқий манба, балки деярли ягона фиқҳий асар, деб хулоса қилиш мумкин, чунки мусулмон оламида ҳам Маждуддин ал-Уструшанийдан кейин болалар ҳақ-ҳуқуқларига тааллуқли фиқҳий асар деярли ёзилмади.
Шу билан бирга, болаларга тааллуқли ҳадислар тўплами мавжуд бўлиб, у имом Шамсуддин Муҳаммад ибн Аби Бакр ибн ал-Қаййим ал-Жавзия (691-751/1292-1350 й.)нинг «Туҳфат ал-мавдуд би аҳком ал-мавлуд» асаридир. Бу асар 17 бобдан иборат бўлиб, унда фарзанд хушхабарини етказиш, чақалоқ қулоғига азон ва иқомат айтиш, боланинг танглайини кўтариш, ақиқа ва унинг ҳукмлари ва у ҳақидаги ихтилофлар, бола сочини олиш ва соч оғирлигича садақа бериш, исм қўйиш вақти ва мажбурийлиги, болани хатна қилиш ва унинг ҳукмлари, қизларнинг қулоғини тешиш ҳукми, болаларнинг овқат ейиш одоблари, эмизикли боланинг сўлагига доир ҳукмлар, болаларни ўпиш, уларга одоб ва илм бериш, қиз болалардан ғазабланишнинг макруҳлиги, болаларни тарбиялашдаги бошқа фойдали масалаларни ўз ичига олган мухтасар асардир[1].
«Жомиъ аҳком ас-сиғор» асарида фиқҳга оид юздан ортиқ китобларда тарқоқ ҳолда берилган болаларга тааллуқли шаръий фатволар йиғиб, тизимлаштирилган ва батартиб жамланган. Бу асар дунёга келиши учун Маждуддин ал-Уструшаний ҳанафий мазҳабининг ўз давригача яшаб, ижод этган 120 дан ортиқ фақиҳларининг фикрларини мужассам қилган. Шу жиҳатлари билан бу мукаммал асар ҳозирги замон исломшунос ва ислом ҳуқуқи тарихи билан шуғулланувчи мутахассислар учун муҳим манба ҳисобланиши билан бир қаторда замонавий ҳуқуқшунослик учун ҳам тарихий аҳамият касб этади.
«Жомиъ аҳком ас-сиғор» ислом ҳуқуқшунослигига оид қимматли манба бўлгани боис, унинг қўлёзма нусхалари дунёнинг турли мамлакатларига кенг тарқалган. Ушбу асар илк бора 1982 йил Ироқ Республикасида профессор Абдулҳамид Абдулхолиқ ал-Байзалий томонидан нашр қилинган. Нашрни амалга оширишда АҚШнинг энг нуфузли 5 та олийгоҳидан бири бўлган Принстон университети (№1704), Ироқнинг Бағдод шаҳридаги «Ироқ миллий музейи» (№ 9626/1) ва Марказий вақфлар (№3741/1, №7460/1) ҳамда Мовсул шаҳридаги «ал-Аҳмадийя» марказий вақф (№9/7) кутубхоналарида сақланаётган 5 та қўлёзмадан фойдаланилган.
Ислом ҳуқуқшунослиги асосида битилган ушбу асарда болалар ҳуқуқлари бўйича келиб чиқадиган муаммолар одилона ҳал қилиниб, ижтимоий ҳаётда болаларнинг хавфсизлиги ва асосий ҳуқуқларининг дахлсизлигини таъминлаш билан боғлиқ кўплаб саволлар муҳокама қилинган. Унда ушбу соҳада ҳуқуқ-тартибот маҳкамалари учун жуда кўп аниқ далиллар ва кўрсатмалар берилган. Асар ислом ҳуқуқининг энг муҳим ва мукаммал тизимларини ўзида мужассам этиб, салкам саккиз асрдан бери ўзининг ҳаётийлигини исботлаб келаётган мўътабар манбалардан биридир.
Бугунги кунда халқаро майдонда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ муаммолар, хусусан, ҳомиланинг қачондан бошлаб инсон ҳисобланиши кенг мулоҳазаларга сабаб бўлмоқда. Асарда «Тирик мавжудотнинг ҳаёти қачон бошланади?», «Бола қачондан бола ҳисобланади?» каби ҳозирда ҳам долзарб бўлиб қолаётган саволларга тўлиқ жавоб берилган. Асарда бола туғилмасидан аввал ҳам, туғилгандан кейин ҳам бола ҳисобланиши, болалар жисмонан, ақлан ва ижтимоий жиҳатдан вояга тўлиқ етмагунга ва мустақил бўлмагунга қадар алоҳида ғамхўрлик ва ҳимояга муҳтожлиги алоҳида таъкидлаб ўтилган.
Мазкур асар 1289 фатводан иборат бўлиб, уларни шартли равишда, ибодат, ахлоқ, ижтимоий, иқтисодий ва ҳуқуқий масалаларга бағишланган қисмларга ажратиш мумкин.
Аллома асарнинг катта қисмини ижтимоий масалаларга бағишлаган. Бу қисмда 516 та фатво бўлиб, улар норасидаларнинг берган хабарлари, мерос, ташландиқ бола каби масалаларга бўлинган.
Иқтисодий ва молиявий қисм 346 та фатводан иборат бўлиб, улар совға-салом бериш, васийлар, вакиллик, кафиллик каби масалалардан иборат.
Биз қуйида мазкур фиқҳий асардан таржима қилиб олинган баъзи бир фатволарни ҳукмингизга ҳавола қиламиз.
Болалар нафақаси
Болаларнинг нафақаси уларни озиқ-овқат, кийим-кечак, турар-жой билан таъминлаш отанинг бурчидир. Фақир ёш боланинг нафақаси отасига вожиб бўлади. Бу ҳукмнинг далили Қуръони каримдан олинган. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади: «Уларни меъёрида озиқлантириш ва кийинтириш отанинг зиммасидадир» (Бақара, 233). Боланинг сабабидан онага нафақа бериш вожиб бўлишида ҳеч шубҳа қолмайди. Боланинг нафақаси фақат отага, ота-онанинг нафақаси фақат ўғилга ва хотиннинг нафақаси фақат эрга вожиб бўлади. Унга бу нафақада ҳеч ким шерик бўлмайди. Болани эмизиш нафақадир. Нафақа эса отага вожибдир.
«Жомиъу-р-румуз»да шундай дейилган: Ёш боланинг нафақаси касб қиладирган вақтгача отасининг гарданига вожибдир. Ул вақтда, яъни касб қилишга қудрати етадиган бўлганда болани отаси иш ўрганишга топширгай ва ул бола қилган касбидан нафақа бергай. Бас, ишни яхши қилишдан илгари у болага отаси ўз молидан нафақа бергай. Боланинг нафақасини беришда ҳеч ким отага шерик бўлмагай, яъни ёлғиз ўзига болани боқиш ва нафақа бериш вожибдир. Онаси ва хотинининг нафақасини беришда ҳеч ким отага шерик бўлмагай, яъни отанинг ёлғиз ўзига болани боқиш вожибдир, бу ота-онаси ва хотинининг нафақасини берганида ҳеч ким шерик бўлмаганига ўхшаш.
Балоғатга етган қизнинг эри бўлмаса, нафақаси отасига вожиб бўлади. Кўзи ожиз, ақли йўқ, толиби илм бўлган ўғиллар камбағал бўлсалар, уларнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Турмуши бузилиб, қайтиб келган қизнинг нафақаси ҳам отага вожиб бўлади. Бунга Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам)нинг қуйидаги ҳадислари далил. Суроқа ибн Жуъшумдан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам): «Эй Суроқа, сенга энг улуғ садақанинг ёки садақадан ҳам улуғроқ нарсанинг далолатини берайми? — дедилар. Ҳа, ё Расулуллоҳ, деди. Уйингга қайтиб келган ва сендан бошқа таъминотчиси бўлмаган аёл зотига икром кўрсатмоғинг», — дедилар.
Нафақа миқдорини белгилаш
Имом Муҳаммад таъминот миқдорини белгилаб, шундай дейди: Ёш боланинг нафақаси ва кийими бой кишига бир дирҳамдир. Бу мажбурий, ўзгармас миқдор эмас, балки эҳтиёжни қоплайдиган даража эътиборга олинади. Агар камбағал бўлса, қозининг белгилашига қараб (аёллар таъминотидек), болаларга таъминот пули ва кийимни етарли қилиб бериш буюрилади.
Нафақани онага бериш
Агар бир кишининг ёш болалари бўлиб, баъзилари эмизикли, баъзилари сутдан чиққан бўлса ва уларнинг онаси хотини бўлса ҳамда болаларнинг шахсий маблағи бўлмаса, онаси уларнинг таъминоти бўйича даъволашса, модомики болалари ёш экан, қози уларнинг таъминотини ота зиммасига юклайди. Агар она болаларининг таъминотида эрнинг тазйиқи ва зиқналигидан шикоят қилса, қози унинг шикоятини эшитиб, болаларнинг моддий таъминотининг бир қисмини онага бериши лозим. Агар ота: «У мендан пулни олиб, болаларга бермайди», деса унинг онага қарши даъвоси қабул қилинмайди. Чунки она дахлсиз кишидир. Дахлсиз кишига қарши хиёнат даъвоси далилсиз инобатга олинмайди. Эр қозидан хотиннинг қўшниларидан сўраб кўришни сўраса, эҳтиёт юзасидан сўрайди. Бунда фақат борди-келди қиладиган қўшнилардан сўрайди. Чунки шундай қўшнилар онанинг аҳволини яхшироқ билишади. Агар ҳолат эр айтгандек бўлса, қози онага танбеҳ бериб, бу ишидан қайтаради.
Баъзи машойихлар шундай дейишган: Агар бу борада низога бориладиган бўлса, қози истаса таъминот пулини ишончли кишига топшириб, у эрталаб ва кечаси уни онага бериб туради. Пулни бирданига бермайди. Истаса болаларга таъминот пулини беришни бошқага буюради.
Аёлнинг эри билан болаларнинг нафақаси бўйича сулҳ қилиши
Хотин эри билан (у хоҳ қийин аҳволда бўлсин, хоҳ шароити яхши бўлсин) ёш болаларининг нафақаси бўйича сулҳ қилиши мумкин. Ота уларга етадиган даражада нафақа беришга мажбур, чунки болалар нафақаси отага юклатилган мажбуриятдир.
Ота боласига бериладиган нафақа юзасидан ҳибс қилиниши мумкин
Агар ота ишлаб, пул топиб, болаларига нафақа беришдан бош тортса, у бунга мажбур қилиниб, ҳибсга олинади. Бошқа қарзлар эса бундай эмас. Чунки ота-оналар болаларининг қарзлари туфайли қамалмайди.
Болаларнинг нафақаси қачон байтулмолдан берилади?
Агар ота қарилиги сабабли меҳнатга лаёқатсиз бўлса ёки ўтириб қолган бўлса, болаларнинг нафақаси байтулмолдан берилади. Бу ҳолатга тушиб қолган отанинг нафақаси ҳам байтулмолдан бўлади.
Изоҳ: Ислом дини янги фарзанд туғилган оилага нафақа – пул бериш қонунини жорий қилди. Туғилган чақалоқ ҳоким ёки ҳукумат ходими, оддий ишчи ёки оддий одам фарзанди бўладими, барибир.
Абу Убайд «Ал-Амвал» китобида ҳазрат Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилади. У киши ҳар туғилган фарзанд отасига 100 дирҳам миқдорида ҳадя ажратди. Фарзанд улғайгани сайин ҳадяни зиёда қилди. Бу тартиб сўнг Усмон (розияллоҳу анҳу), Али (розияллоҳу анҳу) ва бошқалар даврларида жорий бўлиб турди. Бу ислом дини мусулмонлар қалбига, ҳис-туйғуларининг туб-тубига, виждонининг ич-ичига илдиз отган маънавий тарбия ҳисобланади. Бундай тарбия жамиятни бир-бирига ёрдам бериш ва ўзаро бирдамликка, имон, рағбат билан ихтиёрийлик ва чин кўнгилдан яхшилик қилишга ундайди. Мусулмон жамиятдаги ўзаро бирдамлик, меҳрибонлик ва ўзаро ёрдам беришнинг тарихий намуналари бунга катта далилдир.
Онанинг ота боласига нафақа бермаганлиги тўғрисидаги даъвоси
Аёл эрига қарши ёш боласига нафақа бермаганини даъво қилса, уламолар шундай дейишган: Агар қози унга нафақа беришни ёки унинг зиммасига ўзи нафақа беришни юклаган бўлса, аёл бироз вақт ўтгандан сўнг ушбу даъво билан чиқиб, эри буни инкор этса, қасам ичади. Агар бундай бўлмаса, қасам ичмайди.
Изоҳ: Қасам уч хилдир:
1. Кишининг ўтган нарсани қилгани ёки тарк этганига қасддан ёлғон қасам ичиши ғамусдир. У билан гуноҳкор бўлади. «Ғамус» сўзи луғатда, «чўмилиш», «кўмилиш» маъноларини англатади. Чунки бундай қасам ўз эгасининг жаҳаннам оловига чўмилишига, кўмилишига сабаб бўлади.
2. Инсон ўзи ҳақ эканини гумон қилса-ю, иш зиддича бўлса, қасам беҳудадир. Унда афв этилиши умид қилинади. Ҳанафий ва Моликий мазҳаблари бўйича, киши бир нарсани тўғри деб гумон қилиб қасам ичса-ю, нотўғри чиқиб қолса, унинг айтганлари «беҳуда қасам» бўлади. Бу ҳолатда унга на гуноҳ ва на каффорат бўлмайди.
3. Инсон агар келажак нарсага қасам ичса, қасам ҳосил бўлади. Мана шу қасамдагина, қасамхўр бўлса, каффорат тўлайди. Агар қасамни ёки қасамхўрликни унутиб ёки мажбурланиб қилган бўлса ҳам. Одатда оддий қасам худди шу қасам ҳисобланади. Бундоқ қасам ичган одам қасамига содиқ қолиши лозим. Агар қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади
Ота камбағал бўлса, бобо нафақа беради
Боланинг камбағал отаси бўлиб, бобоси (отасининг отаси) бой бўлса ва боланинг маблағи бўлмаса, бобо нафақа бериши лозим. Бу унинг кейинчалик отадан оладиган қарзи бўлади. Агар отанинг шахсий маблағи бўлмаса, бу ота зиммасидаги қарз бўлади.
Ота камбағал бўлса, нафақа она ва буви зиммасида бўлади
Агар боланинг бой онаси ёки бувиси бўлиб, отаси камбағал бўлса, она ва буви болага нафақа беришга буюрилади. Агар ота меҳнатга яроқсиз бўлмаса, бу ота зиммасида қарз бўлади. Агар меҳнатга яроқсиз бўлса, унга ҳеч қандай мажбурият юклатилмайди. Буларнинг барчаси Қози Фахруддиннинг «Фатово»сида зикр қилинган.
Боланинг нафақаси (у гарчи ғайридин бўлса ҳам) ота зиммасида
Боланинг нафақаси у бошқа динда бўлса ҳам, ота зиммасидаги мажбуриятдир. Аёлнинг нафақаси ҳам худди шундай, у бошқа динда бўлса ҳам эрнинг зиммасидадир.
Манба: Тарих фанлари номзоди, Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими Атаев Муслимнинг “Исломда болалар ҳуқуқлари мажмуаси” мақоласи асосида тайёрланди