Бугунги кунда авваллари мавжуд бўлмаган ёки омма орасида кенг тарқалмаган турли хизмат турлари ҳозирги кунда кўпайиб бормоқда. Шу каби янги тадбиркорлик турларидан бири одамларга иш топиб беришга ихтисослашган ширкатлар, махсус вебсаҳифалар ва хатто якка тартибда фаолият юритувчи шахслардир. Бундай ташкилот ёки шахсларнинг ишлаш тартиби қуйидагича: иш излаётган одамларга иш топиб беришади ёки ходим қидираётган ташкилотларга ходим топиб беришади ва шу хизматлари учун ҳақ олишади. Хўш, бу каби фаолият турнинг шаръий тартиби ва ҳукми қандай?
Авваламбор бу каби фаолият тури билан шуғулланувчи ташкилот ва шахслар иш қидираётган одамларга шариатга зид бўлган ишларни таклиф қилишлари мумкин эмаслигига аҳамият қаратишлари лозим. Зеро, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар:
“Ҳалол ризқ излаш – ҳар бир мусулмон учун важибдир”, Имом Табароний ривоятлари.
Ислом дини фақат ва фақат ҳалол касб орқали ризқ топишга тарғиб қилади ва ҳаром ёки шубҳали ишлар билан шуғулланишдан қайтаради. Демак, иш топиб бериш билан шуғулланувчилар рибога, маст қилувчи ичимликлар ва тамаки ишлаб чиқарувчи, чўчқа етиштирувчи ёки сотувчи, қиморхона ва шу каби молиявий амалиётлар билан шуғулланувчи (яъни “майсир”га бевосита ёки билвосита алоқадор жихатлари бор бўлган фаолият турлари), инсонларни номалум, ноаниқ шартлар ила меҳнати ва вақтини олувчи (яъни ғарар мавжуд бўлган шубҳали компания ва фирмаларда) ишлар таклиф қилишлари мумкин эмас. Албатта бу борада иш излаётган одамларнинг ўзлари ҳам таклиф қилинаётган иш ўрнида қандай фаолият билан шуғулланиши, у ишга кирмоқчи бўлган компания нима орқали пул топиши билан батафсил қизиқишлари лозим бўлади.
Энди эса иш топиб бериш фаолиятига оид бўлган бошқа бир масалани кўриб чиқамиз. Бу каби иш билан шуғулланувчи ташкилот ёки шахслар қанча ҳақ талаб қилишлари жоиз, ва ўзи умуман бу каби иш билан шуғулланиш ва бунга ҳақ талаб қилиш мумкинми? Агар мумкин бўлса унинг қандай шартлари бор ва нималарга аҳамият бериш керак?
Иш қидирувчи ва иш берувчи ўртасида агентлик/ўртакашлик қилиш яъни иш топиб бериш, иш топишда ёрдам бериш ёки ўз обрўсидан фойдаланиб ишга олиб кириб қўйиш аслида жоиздир. Ушбу ишни амалга ошириш учун ташкилот, махсус платформа ёки якка тадбиркор муайян хизмат кўрсатса ва шу хизмати доирасида маълум меҳнат қилса ёки қандайдир ҳаражатлар қилса, ушбу хизмати учун ҳақ талаб қилиши ҳам жоиз бўлади. Бу кўрсатилган хизмат учун олинган ҳақ ҳукмида бўлади. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳи ҳам ўз “саҳиҳ”ларида, “Даллолларга бериладиган ҳақ” деб номланувчи бўлимда ушбу масалани зикр қилганлар ва унда ҳеч қандай муаммо кузатилмаганини келтирганлар. Шунга кўра агар ташкилот ёки жисмоний шахс одамларга иш топиб бериш фаолияти билан шуғулланса ва ушбу иши доирасида муайян вазифаларни бажарса ва маълум масулиятларни бўйнига олса, у ўз хизмати учун иш қидирувчидан ёки иш берувчи компаниядан ўзаро розилик асосида келишилган ҳақни олиши мумкин.
Аммо, агар иш топиб берувчи ташкилот ёки шахслар ҳеч қандай меҳнат қилмаган бўлсалар, у одамдан ҳақ талаб қилишлари ҳам мумкин эмас.
Бундан ташқари, агар бир одам иш қидираётганга ўзи муайян лавозимда ишлайдиган ташкилотга ишга киришга ёрдам қилса ёки шунчаки ишга олса, бунинг учун ҳақ талаб қилиши ҳам мумкин эмас, чунки бу мурувватсизлик ва меҳнат қилмасдан ҳақ талаб қилишдир. Бу борада Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари мавжуд:
Абу Амома Баҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай дедилар: “Ким биродари учун ўртага тушса(ёнини олса) ва унга бу иши учун ҳадия берилганда қабул қилса, албатта у рибо эшикларидан бўлмиш улкан эшикка келиб қолибди.”
Уламолар бу ҳадиснинг шарҳида, албатта бу каби муруват мубоҳ амалдир ва қарзи ҳасана каби дунёвий фойда кўзланмайдиган ёрдамдир, агар унга ҳақ олинса у вожиб бўлиб қолиши мумкин ва ҳудди рибо ҳалолни зое қилганидек бу ҳақ ҳам унинг савобини зое қилади дейишган.
Шу билан бирга, агар ўзи ишлайдиган ташкилотга ишга олишда лавозимидан фойдаланган ҳолда одамларга иш бериб ва шунинг учун ҳақ сўраса, бу очиқ-ойдин порахўрлик бўлади ва шариатга кўра порани берувчи ҳам олувчи ҳам оғир гуноҳ қилган бўлади. Бу ҳақда Расулулллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги ҳадислари бор:
Абдуллоҳ ибн Умар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан ривоят қилади: “Аллоҳ пора берганни ҳам, пора олганни ҳам лаънатлагандир” (Имом ибн Можа ривояти).
Демак, ушбу масала уч ҳил кўринишдан бирида бўлиши мумкин экан:
1. Ишга кираётган одамнинг таниши ўртага тушиб ёрдам бергани учун ҳақ олиши жоиз эмас;
2. Корхонадаги бошлиқ ёки ишга қабул қилишга масул ходим, ишга олгани учун ҳақ сўраши мумкин эмас;
3. Бирон ташкилот ёки шахс одамларга иш топишда ёрдам берса ва бу фаолиятида ҳужжатларни тайёрлаш ёки шу каби хизматлар кўрсатадиган бўлса, бу иши учун ҳақ талаб қилиши жоиз.
Яна бир масала иш топиб бераётган ташкилот, якка шахс ёки махсус вебсаҳифалар, муайян хизматлари учун қанча ҳақ олишлари ва ушбу ҳақни неча маротаба талаб қилишлари/олишлари мумкинлигидир.
Юқорида айтилганидек иш ёки ходим топиб берувчи, қидирувчидан оладиган маблағ олдиндан келишилган бўлса ва ушбу келишувни бузувчи баъзи ножоиз шартлар бўлмаса, ҳақни миқдори икки тарафнинг розилигидан келиб чиққан ҳолда белгиланади. Аммо ташкилот бир маротаба кўрсатган хизмати учун олдиндан келишилган аниқ маблағни ёки ишга кирган одам меҳнати учун оладиган фойдадан муайян қисмини келишувга биноан олиши мумкин. Ҳам иш топгани учун ҳақ ҳам қилган ишидан алоҳида улуш олиши жоиз эмас.
Бундан ташқари, агар иш топиб берувчи бир маротаба, фақат ишнинг бошида хизмат кўрсатган бўлса, ҳақни ҳам келишувга биноан бир маротаба олиши керак. Бир маротаба кўрсатган хизмати учун давомий, яъни ҳар ойлик маошидан ёки ҳар амалга оширадиган меҳнатидан ҳақ олиши мумкин эмас.
Мисол учун: бир киши иш топиб берувчи платформа-вебсаҳифа хизматидан фойдаланган ҳолда иш топди ва бунинг учун маълум миқдорда ҳақ тўлади. Иш топган одам ўзининг биринчи ойлигидан ёки алоҳида бир марталик ҳақ тўлайди холос, вебсаҳифа маъмурияти бундан ортиқ ҳақ талаб қилишга ҳаққи йўқ.
Ёки бир тадбиркор янги лойиҳалар топпиш учун бирон махсус ташкилот ёки вебсаҳифа хизматидан фойдаланди ва лойиҳа топилгач у учун ма’лум ҳақ тўлади. Аммо агар тадбиркор келгусида саҳифа орқали топилган мижоз билан яна бошқа турли лойиҳалар қилса ва фойда олса ундан ҳар гал саҳифага улуш бермайди.
Демак, бир маротаба кўрсатилган хизмат учун бир марта ҳақ тўланади/олинади.
Валлоҳу аълам!
Ушбу мақолани тайёрлашда Зикр аҳлидан сўранг ҳайъати савол-жавобларидан ҳамда islamweb.net, islamqa.info сайтлари материалларидан фойдаланилди.