“Ислом молияси” лойиҳаси асосчиларидан бири ва Islamic Business and Finance (IsBF) компанияси директори Жаҳонгир Имaмназаров Тошкент ислом институтига ташриф буюрди.
Ж.Имaмназаров ТИИ 4-курс талабалари учун “Ўзбекистонда ислом молия муассасалари ташкил қилиш муаммо ва истиқболлари” мавзусида маъруза қилди. Ижтимоий фанлар кафедраси мудири О.Тангиров, ўқитувчи И.Бердиёров ҳам тадбирда иштирок этдилар.
Бугунги кунда ислом молиявий хизматлари улуши дунё молия бозорида ортиб бориб, ўзида инновацион молиялаштириш механизмларини жамлаган соҳа сифатида муҳим молиявий манбалардан бирга айланиб бормоқда. Сўнги йилларда исломий молия муассасалари ялпи активлари миқдори 2,5 триллион долларни ташкил этиб, йилига 15-20 фоизга ўсиб бораётгани бунинг яққол далилидир.
Ислом молиявий хизматларини кўрсатишда муносабат бевосита реал иқтисодий активларга йўналтирилади, тарафлар ўртасида фойда ва зарарни бўлишиш ёки савдо амалиётларига асосида аниқ иқтисодий натижага боғланади. Ислом молиявий хизматларида молиялаштирувчи (банк, кредит ташкилоти) ва молия маблағларини қабул қилувчи лойиҳа муваффақияти ва самарадорлигида тенг ҳуқуқли ва биргаликда манфаатдор хамкорларга айланади. Ушбу белгилар билан ислом молиявий хизматларини кўрсатиш жараёнидаги муносабатлар анъанавий молиявий тизимлардаги муносабатлардан фарқланади.
Шунингдек, ҳуқуқ назариясида англосаксон (Англия, АҚШ в.ҳ.к.), романо-герман (Герамания, Франция, Россия в.ҳ.к) ва ислом ҳуқуқи сингари ҳуқуқ оилалари мавжуд. Жамиятдаги ўзгаришларнинг мунтазамлиги ва бугунги кундаги глобализация даврида ушбу ҳуқуқ оилаларидаги мавжуд нормалар ва шартларидан фойдаланиш зарурияти кенгаймоқда.
Таъкидлаш лозимки, юртимиз фуқаролари ва тадбиркорларида ҳам фоизларсиз банк ва молиявий хизматларга бўлган қизиқиш жуда юқори бўлганлиги сабабли, ислом молиявий хизматларини кўрсатиш тизимини шакллантириш борасида қатор ишлар амалга ошириб келинмоқда. Жумладан:
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 7 февралдаги ПФ-№4947-сонли “Ўзбекистон Республикасини янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисида”ги фармонида Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорликни кенгайтириш чораларини кўриш таъкидланган;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан шерикликни янада кенгайтириш ва чуқурлаштириш чора-тадирлари тўғрисида”ги 05.03.2019 йилдаги ПҚ-4224-сонли қарори 2-бандида Ўзбекистон Республикасининг ИТБ гуруҳи ва АМГ билан узоқ муддатли шериклигининг асосий йўналишлари ҳамда вазифаларидан бири сифатида давлат-хусусий шериклиги механизмларини, жумладан вақф-жамғармаларни ташкил этиш йўли билан қўллаб-қувватлаш дастурларини биргаликда ишлаб чиқиш ва Ўзбекистонда татбиқ қилиш белгиланган;
– Ислом тараққиёт банки ва унинг гуруҳи таркибига кирувчи ташкилотлар, хусусан Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом Корпорацияси (ICD), Халқаро ислом савдо молия корпорацияси (ITFC) ва Ислом тадқиқотлар ва тренинглар институти (IRTI) мамлакатимизда ислом молияси ривожланишида ўз ҳиссаларини қўшиб келмоқда;
– мамлакамизда ислом молияси бўйича бир қанча тренинглар ўтказилди. “Тараққиёт стратегияси” маркази ташаббуси билан, 2017-2021-йилларда Ўзбекистонни ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга ошириш доирасида “Ўзбекистон Республикасида Ислом молиясини ривожлантириш истиқболлари” мавзусида БМТ Тараққиёт дастури, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги, Ислом тараққиёт банки ва Ўзбекистон Республикаси капитал бозорини ривожлантириш агентлиги ҳамкорлигида тегишли вазирликлар, идоралар, илмий-тадқиқот марказлари, халқаро молия институтлари, Ўзбекистоннинг тижорат банклари, халқаро экспертлар ва ОАВ вакиллари иштирокида давра суҳбати ўтказилди;
– ўзбек тилида ислом молиясига оид назарий китоблар нашр этилди. Масалан, Ерлан Байдаулетнинг «Исломий молия асослари» ва Ринат Беккиннинг «Ислом иқтисодий модели ва замон» китоблари;
– Ўзбекистон тижорат банкларида ислом молия дарчаларини (ислом молиявий хизматлари кўрсатувчи шохобча) очиш бўйича ишлар олиб борилмоқда;
– 2021 йил 11 январь куни AОКАдаги матбуот анжуманида Ўзбекистон Республикаси Марказий банки раиси ўринбосари Беҳзод Хамраев 2021 йилда Ўзбекистон Республикаси Марказий банк ислом молияси концепциясини ўз ичига олган нобанк кредит ташкилотлари тўғрисида қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни режалаштираётганлигини маълум қилди;
– 2020 йилнинг 22 сентябрь куни Ўзбекистон бош вазирининг ўринбосари – инвестициялар ва ташқи савдо вазири С.Умурзоқов видеоконференция шаклида Ислом тараққиёт банкининг президенти Б.Хажар билан музокаралар ўтказди. Музокаралар давомида 2021 йилда Ислом тараққиёт банки бошқарувчилар кенгашининг 46-йиллик йиғилишини Ўзбекистонда ташкил этиш ва ўтказиш масалалари муҳокама қилинди;
– Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожатида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш вақт-соати етиб келганлиги қайд этилди.
Юқоридаги объектив ҳолатлар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 29.12.2020 йилдаги Олий Мажлисга мурожати ижросини таъминлаш борасида мамлакатимизда ислом молиявий хизматларини жорий этиш бўйича ҳуқуқий базани яратиш масаласида қуйидаги таклиф ва мулоҳазаларни келтириб ўтиш мумкин:
- Тегишли билим ва тажрибага эга бўлган мутахассисларни бир жойга жамлаб, жамият ва давлат учун энг қулай ва самарали ёндашувни шакллантириш орқали ислом молиявий хизматларини жорий этишнинг ҳуқуқий базасини яратиш масаласида ишчи гуруҳ тузиш.
- Ўзбекистон Республикаси Адлия Вазирлиги томонидан ишлаб чиқилаётган Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодекси янги таҳририда ислом молиявий хизматларининг шартномавий-ҳуқуқий базасини яратиш борасида тегиши ҳуқуқий нормаларни киритиш мақсадга мувофиқ. Бу жараёнда хорижий тажрибага мурожат этмоқ даркор. Таъкидлаш мумкинки, қўшни Қирғизистон Республикасининг амалдаги Фуқаролик кодексида ислом молиявий шартномаларига оид ҳуқуқий нормалар алоҳида боб (34-1-боб. Финансирование в соответствии с исламским принципами финансирования) шаклида баён этилган.
- Банк ва молия соҳасидаги амалдаги қонунларга ислом молиявий хизматлари, тамойиллари ва субъектларига оид ҳуқуқий нормларни киритиш. Хусусан, “Қимматли қоғозлар бозори тўғрисида”ги, “Банк ва банк фаолияти тўғрисида”ги, “Суғурта фаолияти тўғрисида”ги, “Лизинг тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунлари ҳамданобанк кредит ташкилотлари тўғрисида ишлаб чиқилаётган қонун лойиҳасига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш.
- Ислом молиявий хизматлари борасида олий таълим муассасаларида изланиш ва тадқиқот ишларини олиб бориш, хорижда мавжуд илмий манбаларни ўрганиш ва ўзбек тилига таржима қилишни йўлга қўйиш.
Умид қиламизки, Ўзбекистонда ислом молиявий хизматларининг жорий этилишихорижий инвестициялар ҳажмининг ошиши ҳамда банк ва молия тармоғида шаффоф рақобат муҳитини яратиш имкониятини беради. Натижада аҳолининг молия бозоридаги фаоллиги ошади, аҳоли ва тадбиркорлар ихтиёрида бўлган бўш пул маблағлари мамлакат иқтисодиёти ривожланишида максимал иштирок эта олиши имконияти яратилади, капитал бозорининг ривожланишига туртки бўлади, янги молиявий муассасалар ташкил қилиш имконияти яратилади.
Манба: Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институти матбуот хизмати