Қимор судхўрликдан ҳам олдинроқ ҳаром қилинган. Аллоҳ таоло ўз Каломида: “Гуноҳ ва зулм йўлида ҳамкорлик қилманглар”, дея буюрган, шундай экан, қиморни нафақат ўйнаш, балки реклама қилиш ҳам гуноҳ саналади.
Сўнгги вақтларда ўзбекистонликлар ўртасида спорт ўйинларига пул тикувчилар сони кўпайиши ортидан кўплаб нохуш хабарлар тарқалмоқда. Биз бу каби спорт ўйинларига пул тикишнинг Ислом динидаги ҳукми юзасидан савол билан Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими, Тошкент ислом институти катта ўқитувчиси Саиджамол Мирсайитовга юзландик.
“Аллоҳ таоло Қуръони каримда мўминлар ўрталаридаги молларини ўзаро розичилик билан ейиши кераклигини таъкидлаган. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам инсонларни ҳалол насиба топишга буюради. Ислом динида ҳар бир масала қатори бунда ҳам қоида берилган. Агар бир томон ютиб иккинчи тараф ютқизиши аниқ бўлса ёхуд кўпчилик ютқизиб, камчилик ютадиган бўлса, бу қимор деб аталади. Оятларга қараладиган бўлса, қимор жуда ҳам барвақт ҳаром қилинган, ҳаттоки, судхўрликдан ҳам аввал ҳаром бўлган.
Аллоҳ таоло Қуръони каримда қимор ҳақида шундай деб марҳамат қилган: “Албатта, шайтон хамр ва қимор туфайли ораларингизга адоват ва нафрат солишни ҳамда сизларни Аллоҳнинг зикридан ва намоздан тўсишни истайдир. Энди тўхтарсизлар?!” (Моида сураси, 91-оят)
Бу иллатнинг оқибати шундайки, инсонлар орасида нафратни кучайтиради; инсон қарзга ботиб, яна бошқа жиноятларни қилишга мойиллиги ошади. Бировнинг молига, жонига тажовуз қилиши ҳолатлари учрайди, ҳаттоки қарзга ботиб ўз жонига-да қасд қилиш каби гуноҳларга олиб боради. Булар – бу дунёда бўладиган хорлик, охиратда эса азоби янада қаттиқ бўлади, токи Аллоҳ ҳаром қилган амалларни бажарган киши тавба қилмас экан, гуноҳлари ювилмайди, шунингдек, ўша ҳаромдан топилган пуллар эгаларига қайтарилмас экан, тавба қабул бўлмайди.
Маълумки, дуо қабул бўлиши шартларидан бири – ҳалол луқма ҳисобланади, қимордан топилган пуллар эвазига оиласига олиб борилган таом ҳам, уст-бош ҳам ҳалол бўлмайди. Пайғамбаримиз алайҳиссалом айтганларидек, кийгани ҳаром, егани ҳаром бўлса, унинг дуоси қандай қабул бўлсин”, – дейди Саиджамол домла.
Ўзбекистон мусулмонлари идораси Фатво бўлими ходими, ТИИ ўқитувчиси Саиджамол Мирсайитов
Бундан ташқари, Мусулмонлар идораси Фатво бўлимига кўра, бу каби ишларни тарғиб қилаётганларнинг барчаси баробар гуноҳкор ҳисобланади.
“Бу каби ҳаром ишларни тарғиб қилаётганлар: хоҳ ОАВ орқали, хоҳ ижтимоий тармоқлар ёки бошқа усулда бўлсин – барчасининг ҳукми ўша ишни қилаётганлар билан баб-баравар бўлади, улар каби гуноҳкор ҳисобланади. Зеро, Аллоҳ гуноҳ ва зулм йўлида бир-бирингиз билан ҳамкорлик қилманглар, дея инсонларни ёмонликдан қайтарган. Бу нарсаларни тарғиб қилаётганлар Аллоҳдан қўрқишсин.
Хулоса қилиб айтганда, турли номлар билан букмекерлик компанияларида ишлаётган ёки тотализаторлик билан шуғулланаётган ширкат ёхуд якка шахслар бўлсин, барчасининг ишлари шаръан ҳаром ҳисобланади, бу орқали топаётган мол-дунёлари ҳаром бўлади.
Агар ҳаёти дунёсида бу ишларини тўхтатиб тавба қилмайдиган бўлса, охиратда Аллоҳнинг қаттиқ азобига дучор бўлиши мумкин. Аксинча, Аллоҳнинг йўлида ҳалол касб қилиб тўғри йўлда юрсалар, силайи раҳм қилсалар, Аллоҳнинг раҳматига эришишлари мумкин”, – дейди Ўзбекистон мусулмонлари идораси вакили.
Манба: Kun.uz портали