Мерос тақсимотига оид масалаларга ечим топиш асносида 2 хил муаммога дуч келиш мумкин:
1) Мерос – фарз эгаларига етмай қолади. Масалан, вафот этган инсоннинг ортидан эри, икки қизи, онаси меросхўр сифатида қолди. Эр – мероснинг ¼ қисмини, икки қиз – 2/3 қисмини, она – 1/6 қисмини фарз эгаси сифатида олиши керак. Уччала касрга умумий махраж 12 бўлади, меросни 12 қисмга бўламиз. У ҳолда, эр 3 улуш (12*1/4=3), икки қиз 8 улуш ((12*2/3=8), она 2 улуш олса (12*1/6=2), жами 13 улуш (13/12) бўлиб, бир улуш етмай қолади. Бу ҳолатда нима қилиш керак?
2) Мерос – фарз эгаларидан ортиб қолади. Масалан, бир инсон вафот этди, ортидан онаси ва қизи қолди. Она – мероснинг 1/6 қисмини, қиз – ½ қисмини фарз эгаси сифатида олади. Меросни умумий 6 бўлакка бўлсак, бир улуш онага (6*1/6=1), 3 улуш қизга (6*1/2=3) бўлиб, яна 2 улуш ортиб қолади. Боз устига асабалар ҳам мавжуд эмас. Бу ҳолатда ҳам нима қилиш керак?
Авл масаласи
Мерос илмида «авл» деган атама мавжуд бўлиб, луғатда «ҳаддан ошиш» маъносини англатади. Мерос илми истилоҳида эса «авл» сўзи мерос тақсимланганда ҳақ эгалари улушининг аслда бор улушлардан ошиб кетишини, яъни фарз эгалари улушининг йиғиндиси бир бутундан ошиб кетишини англатади.
Мисол учун, бир аёл вафот этиб, ортидан эри ва икки туғишган синглиси қолди. Бунда: эрга мероснинг ярми; икки туғишган сингилга мероснинг учдан иккиси тегиши керак. Чунки уларнинг улуши Қуръони Каримда шундай белгиланган. Масаланинг асли олти улуш бўлади. Эрга олтининг ярми – 3 улуш (6*1/2=3); икки туғишган сингилга олтининг учдан иккиси – 4 улуш (6*2/3=4) тегиши лозим. Эрнинг улуши – 3 га икки туғишган сингилларнинг улуши – 4 ни қўшсак, 7 бўлади. Бошқача бўлиши мумкин эмас. Демак, меросхўрларнинг ҳиссаси бу масалада асл, яъни олти улушдан бир улушга ортиб кетди. Бу ҳолатда аслни ташлаб, авлга ўтилади. Яъни мерос олти улушга эмас, балки етти улушга тақсимланади. 7 дан 3 ни эр, 7 дан 4 ни икки сингил олади.
Авл масаласи бўйича биринчи бор ҳукм чиқарган киши Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу бўлганлар. У кишига эр ва икки туғишган сингил ҳамда эр, она ва туғишган сингил ораларида мерос тақсимлаш бўйича иккита масала ориз бўлган. Шунда у киши бу масалани ечиш бўйича саҳобаларга маслаҳат солганлар. Аббос ибн Абдулмутталиб ва Зайд ибн Собит розияллоҳу анҳумо авл қилишга оид гапни айтганлар. Ҳазрати Умар буни қабул қилиб, ҳукм чиқарганлар. Қолган саҳобалар ҳам бу ишни маъқуллашган.
Авл масаласи фақатгина фарз эгаларига нисбатан қўлланилади.
Маълумки, далил билан собит бўлган фарз улушлар қуйидагилар:
Ушбу фарз улушлардан келиб чиққан ҳолда масаланинг аслини – умумий махражини 2, 3, 4, 6, 8, 12 ва 24 деб олиш мумкин.
Булардан 2, 3, 4 ва 8 сонлари ҳеч қачон авлга учрамайди, яъни умумий махраж сифатида ушбу сонлар танланадиган масалаларда мерос етмай қолиш ҳодисаси учрамайди.
Масаланинг асли – умумий махражи 6, 12 ва 24 бўладиган масалалар авлга учраши мумкин. 6 сони 7, 8, 9 ва 10 сонларига; 12 сони 13, 15 ва 17 сонларига; 24 сони эса 27 сонига авл бўлиши мумкин.
Иншааллоҳ, мақоламизнинг кейинги қисмида авл масаласини мисоллар орқали тушунтирамиз.