Аллоҳ таоло, ўз ҳикмати ва адолати билан инсонлар орасида иқтидор ва бойликни тақсимлагандир. Жамиятимизда кўпдан-кўп ўз соҳасининг мутахассислари бўлган, заковат, тажриба ва илм эгалари бор, шу билан бирга бойлик-сармоя эгалари ҳам борки, улар тажриба камлиги, вақт танқислиги, маълум бир соҳа мутахассиси эмасликлари ёки яна бирор бошқа сабаблар туфайли у ёки бу бизнес лойиҳани амалга ошириш имкониятлари йўқ. Айнан шундай ҳолатларда сармоя эгалари ва иқтидорли мутахассис инсонларнинг манфаатлари бир нуқтада кесишади (яъни мос келиб қолади). Шунда икки тараф ўз мақсадлари йўлида, бир тараф ўз сармояси билан, иккинчи тараф эса ўз билим ва тажрибаси билан бирор бир бизнес лойиҳа қатнашчиларига айланишади.
Ислом таълимоти сармоя ва иқтидор эгаси орасидаги ҳамкорликни, бу агар адолатли ва соғлом келишув асосида бўлса қўллаб қувватлайди.
Бундай хамкорлик шариатда Мудораба деб аталади ва бунда томонлар агар лойиҳа (тадбиркорлик фаолияти) натижасида фойда олинса унда у (фойда) ҳамкорлар ўртасида тузилган шартнома асосида тақсимланади, аксинча бўлса (яъни зарар кўрилса), сармоядор молиявий зарар кўради, ўз иқтидори / меҳнати билан ҳамкорликка киришган шерик эса лойиҳага (тадбиркорлик фаолиятига) сарфлаган меҳнати ва вақтини йўқотади. Шунингдек, агар зарар мудорибнинг хатоси туфайли кўрилган бўлса, у холда унинг мутахассис сифатидаги обрўсига путур етади, агар мудорибнинг лоқайдлиги, имзоланган шартномага ва/ёки тасдиқланган лойиҳа шартларига риоя қилмаганлиги оқибатида зарар кўрилган бўлса, у ҳолда зарар мудориб томонидан қопланади.
Шу билан бирга, мудорабанинг бир неча муҳим шартлари борки, уларни айтиб ўтмасак бўлмайди (кейинроқ мудораба шартномаси бўйича алоҳида мақолани сизларга тақдим этамиз). Жумладан:
- сармоя эгасининг тадбиркорлик лойиҳасига киргизган сармояси эвазига даромад миқдорини аввалдан белгилаб қўйиши, яъни даромад миқдорининг лойиҳа натижасига (фойда ёки зарар билан чиқишига) боғлиқ бўлмаслиги мумкин эмас;
- мудориб, яъни иқтидор/меҳнат эгасининг ҳамкорликдаги фаолият давомида ўз меҳнатига маош талаб қилиши мумкин эмас (келажакдаги кўрилиши мумкин бўлган фойда ҳисобидан бўладими ёки ундан ташқарими, фарқи йўқ). Юқорида айтиб ўтилгандек, мудориб фақат лойиҳа натижасида олиниши мумкин бўлган фойда ҳисобидангина улуш олиши мумкин.
Томонлардан бирининг ўзи учун олдиндан, яъни фаолият натижаси аниқ бўлмасидан туриб белгиланган миқдорда фойда ёки маош олишга интилиши иккинчи тарафга нисбатан айни адолатсизлик (чунки лойиҳа натижалари ҳар хил бўлиши мумкин) ва албатта бундай адолатсизлик кишилар ўртасида нафрат ва адоват пайдо бўлишига олиб боради ва жамиятдаги муносабатларни издан чиқаради.