Инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда мушорака ва мудораба шартномаларини бемалол қўллаш мумкин. Агар инвестиция лойиҳаси тўлиғича бир сармоядор томонидан бошқарилиши кўзда тутилса мудораба шартномаси, агар сармоя икки ёки ундан ортиқ сармоядор томонидан киритилса у ҳолда мушорака шартномаси қўлланади. Бу ҳолатда, агар лойиҳа бошқаруви фақат бир сармоядор томонидан амалга оширилиши, маблағ эса барча сармоядорлар томонидан киритилиши кўзда тутилган бўлса, мудораба ва мушорака шартномалари бирлашуви қўлланади.
Агар лойиҳанинг бошидан бошлаб қайси битим (яъни мушорака ёки мудорабадан бири) қўлланиши аниқ кўзда тутилган бўлса, у ҳолда киритилган сармояни баҳолашда муаммо пайдо бўлмасиги керак. Худди шундай, фойда тақсимоти ҳам оддий бухгалтерия ҳисоби асосида муаммосиз амалга оширилади. Аммо, агар сармоядор шериклардан бири ўз маблағини бизнесдан олиб чиқиб кетмоқчи бўлса-ю, бошқа шериклар бизнесни давом эттирмоқчи бўлишса, у ҳолда улар чиқиб кетаётган шерикнинг улушини ўзаро келишилган нархда сотиб олишлари мумкин. Бунда бизнесдан чиқиб кетаётган сармоядор ўзи киритган маблағни, кўрилган фойда билан бирга (агар фойда кўрилган бўлса) қайтариб олиши мумкин. Унинг улушининг баҳосини аниқлаш тартибини эса кейинроқ, айланма маблағларни шакллантириш учун молия маблағлари ажратиш мавзусини ўрганиш давомида кўриб чиқамиз.
Шу билан бирга бизнесда қолган томон бизнесни ўз маблағлари ҳисобига ёки чиқиб кетган томоннинг улушини бошқа сармоядорга сотиш эвазига давом эттириши мумкин.
Одатда молия муассасалари бизнесда доимий равишда қолишни исташмайди ва шу сабабли бизнесдаги улушларини сотиб чиқиб кетишади, агар бунда улар ўз улушларини бирданига битта сармоядорга сотиш имконини топишолмаса, у ҳолда улар улушни майдалаб, бир нечта сармоядорга сотишади (ҳар сафар улар ўз улушларини сотишганда уларнинг лойиҳадаги/бизнесдаги улуши камайиб бораверади ва ниҳоят бутунлай қолмайди).