Муробаҳа бўйича тайёрланган мақоламизнинг аввалги қисмларида кўриб ўтганимиздан келиб чиққан ҳолда қуйидаги хулосаларни чиқаришимиз мумкин:
1. Муробаҳа ўз келиб чиқиши бўйича “харажатлар+устама” тамойилига асосланган савдо битимидир. Аммо, маҳсулотларни насияга олди-берди қилиш зарурати бўлганлиги сабабли, молия муассасалари муробаҳани молиялаштириш воситаси сифатида ҳам қўллай бошлашди. Шунда ҳам муробаҳа фақат мижозга мол олиб бериш учун ишлатилади. Шу сабабли муробаҳани ислом молиясининг энг аъло молиялаштириш воситаси сифатида эмас, балки, ислом молиясининг ижара, мушорака, мудораба, истисно каби маҳсулотларидан бири сифатида кўриш керак. Яъни, бугунги кунда аксар ислом молияси муассасалари қилаётгандек, ҳар қандай лойиҳа учун муробаҳадан фойдаланишга ҳаракат қилиш (бунинг учун бошқа мосроқ маҳсулотлар мавжуд бўла туриб ҳам) тўғри эмас;
2. Муробаҳанинг (молиялаштириш усули сифатида) ҳақиқийлигини таъминлайдиган асосий шарт – мижозга муробаҳа асосида сотилаётган маҳсулот, молия муассаси эгалигида (гарчи қисқа муддатга бўлса ҳам) бўлиши кераклигидир. Яъни, молиялаштирувчи томон, бир муддат бўлса маҳсулот учун хатарни (бу ерда маҳсулот йўқолиши, унга зарар етиши каби хатарлар кўзда тутиляпти) бўйнига олиши керак. Акс ҳолда, молия муассасаси учун бундай амалиётдан олинган даромад ҳалол ҳисобланмайди;
3. Муробаҳанинг энг мақбул кўриниши, бу молия муассасаси молни бевосита ишлаб чиқарувчи / мол етказиб берувчидан сотиб олиб, мижозга муробаҳа битими асосида сотишидир. Шу билан бирга, молия муассасаси молни ишлаб чиқарувчи ёки мол етказиб берувчидан тўғридан тўғри сотиб олишининг иложи бўлмаган пайтда, мижоз учун молни молия муассасаси номидан сотиб олувчи воситачи ташкилотларнинг (агентлар) қатнашуви ҳам дуруст ҳисобланади.
Воситачига алоқадор яна бир муҳим масала шундаки, воситачи ўз номидан эмас, балки молия муассасаси / сотувчи номидан харакат қилади, ва шу сабабли у молга етиши мумкин бўлган ҳар қандай зарар/талафот/йўқотишлар учун ҳеч қандай масъулият ва хатарни бўйнига олмайди. Фақатгина унинг бевосита айби билан молга зарар етган тақдирда (масалан унинг лоқайдлиги ёки қинғир ишлари туфайли) у жавобгар бўлади. Воситачи молни олганидан кейин, у молия муассасаси топшириғига биноан молни харидорга етказади ва мана шу пайтдан бошлаб харидор қарздорга айланади ва молга етиши мумкин бўлган барча зарар/талафот/йўқотишлар (яъни хатарлар) бўйича масъулият унинг зиммасига ўтади;
5. Мақоламизнинг биринчи қисмида айтиб ўтганимиздек, муробаҳа авваламбор савдо битими бўлиб, уни фақатгина тўлов муддати узайтирилган савдо битими деб тушуниш нотўғри. Мақоланинг биринчи қисмида айтиб ўтилганидек, муробаҳада маҳсулотни икки хил нархда, яъни нақдга бир нархда, насияга бошқа нархда сотиш мумкин, аммо муробаҳа битими имзолангандан кейин нархни ўзгартириб бўлмайди, масалан битим доирасида олинган мол учун тўлов ўз вақтида амалга оширилмаса, насияга сотилган маҳсулот нархини кўтаришга, ёки тўлов ўрнатилган вақтдан аввалроқ амалга оширилса маҳсулот нархини тушириб беришга келишиш мумкин эмас. Аммо, молия муассасаси ўз ихтиёрига кўра, яъни бирор бир келишувсиз ўрнатилган вақтдан аввалроқ тўлов қилган мижозига чегирма бериши мумкин.
6. Мижознинг муробаҳа бўйича тўловни ўз вақтида амалга оширишини қафолатлаш мақсадида (яъни тўлов ўз вақтида амалга оширилмаса) қандайдир миқдорда жарима белгилаш мумкин (бу ҳақда мақоланинг жаримага бағишланган қисмида батафсил ўқиб чиқишингиз мумкин). Шу жойда бир нарсани айтиб ўтиш лозим, бизнинг фикримизча тўланган жарима ҳеч қандай ҳолатда, ҳеч қандай сабаб билан молия муассаси даромади/фойдаси бўлиши мумкин эмаслигининг мақсад-моҳияти нафақат рибони олдини олиш, балки молия муссасаси тўловни ўз вақтида амалга оширмаган мижозга нисабатан дарров жарима қўлламасдан, у билан биргаликда қарзни қайтариш учун барча зарур ҳаракатларни (мижозни огоҳлантириш, тўловни амалга ошириш учун мижозга қўшимча муҳлат бериш, қарз таъминоти сифатида қўйилган гаровни қўллаш каби) амалга оширишини ва жарима қўлламасликнинг бошқа иложи қолмагандагина қўллашини таъминлаш ҳамдир.