Берилган қарзлардан закот чиқариш тартиби
Бошқаларга берилган қарзлар бир неча хил кўринишда бўлиши мумкин. Закот ҳисоблаш вақтида уларни бир-биридан фарқлай олиш жуда муҳимдир. Ана шунда молиявий ибодатимиз тўғри бажарилиши учун имкон пайдо бўлади.
Имом Абу Ҳанифа наздларига кўра, берилган қарзлар 3 та асосий турга ажратилади:
1️⃣ Тижоратга боғлиқ қарзлар;
2️⃣ Тижоратга боғлиқ бўлмаган қарзлар;
3️⃣ Бошқа турдаги қарзлар.
1️⃣ Тижоратга боғлиқ қарзлар
Тижоратга боғлиқ қарзлар – “кучли қарзлар” (араб тилида “дайн қовий”) деб номланади. Бу турдаги қарзлар қуйидагиларни ўз ичига олади:
а) одатий савдо битимларига кўра сотилган ва етказиб берилган тижорат моллари учун ҳали олинмаган пуллар (дебиторлик қарздорлиги);
б) берилган қарзлар ҳамда олдиндан тўланган бўнак (аванс)лар (лекин AAOIFI нинг Закот тўғрисидаги стандартига кўра, олдиндан тўланган бўнаклар учун закот берилмайди);
c) олтин ва кумушда берилган қарзлар.
Масалан, сотувчи харидорга $3.000 лик маҳсулотини насияга сотди. Ёки А шахс Б шахсга $5.000 қарз берди. Бу турдаги қарзлар учун қоида: қарз берувчи закот ҳисоблаётган вақтида бундай қарзларнинг қайтиб келишига кўзи етадиган қисмини закот тўланадиган бошқа маблағларига қўшади ва ҳосил бўлган умумий маблағдан 2,5 % миқдорида закот чиқаради.
2️⃣ Тижоратга боғлиқ бўлмаган қарзлар
Тижоратга боғлиқ бўлмаган қарзлар – “ўрта даражадаги қарзлар” (араб тилида “дайн мутавассит”) деб аталади. Мазкур турдаги қарзлар тижорат моли ҳисобланмаган маҳсулот/мол-мулкларни насияга сотишдан келиб чиқадиган қарзларни ифодалайди. Масалан, ўзининг шахсий анжомларини, ўзи миниб юрадиган автоуловини, тижорат мақсадида олинмаган ерини насияга сотишдан олинадиган маблағлар шундай қарзлар жумласига киради.
Имом Абу Ҳанифага кўра, бу турдаги қарзлардан токи улар тўланмаганига қадар закот ҳисобланмайди. Қарз адо этилган вақтда умумий закот маблағларига қўшиб, кейин закот чиқарилади. Мисол учун, бир киши ўзи миниб юрадиган автоуловини насияга $9.000га сотди. Закот ҳисоблаётган вақтда ҳали пулини олмаган бўлса, бу маблағдан закот ҳисобламайди.
3️⃣ Бошқа турдаги қарзлар
Бошқа турдаги берилган қарзлар – “заиф қарзлар” (араб тилида “дайн заиф”) дейилади. Бундай қарзлар тижорат моллари ёки бошқа мол-мулк, кўчмас мулк кабиларни насияга сотиш эвазига пайдо бўлмаган, балки мерос, маҳр, ижара ҳақи, иш ҳақи, пенсия жамғармасидаги пуллар (Ўзбекистон шароитида) каби келажакда олинадиган қарзлар бўлиб, улардан ҳам закот ҳисобланмайди.
Масалан, бир киши закот берадиган вақтига қадар бир неча ой давомида бир ташкилотда ишлади, лекин ҳали маошини олмади, закот ҳисоблаётган вақтида ҳали олмаган маошидан закот бермайди, балки тасарруфидаги бошқа маблағларидан закот беради (нисобга етган тақдирда, албатта).
Шунингдек, бировга берилган қарзлар яна иккига бўлинади:
- Қайтариб берилишидан умид бор қарзлар.
- Қайтариб берилишидан умид йўқ қарзлар.
Биринчи турдаги қарзда қарздор ўз қарзини эътироф этади, қарзни узишга имкони ҳам бор, умид ҳам бор. Закот чиқариш вақтида қарз берувчи мазкур қарзи учун ҳам закот ҳисоблайди. Агар бир неча йилдан кейин берилиши лозим бўлган қарз бўлса ҳам, модомики унинг қайтарилишидан умид бор экан, ҳар йили бу қарздан закот чиқарилади. Фақат қарз миқдори нисобга етган бўлиши ёки қўлидаги бойликлари билан қўшиб ҳисоблаганда нисобга етадиган бўлиши шарт. Аксинча бўлса, ушбу қарздан закот берилмайди.
Қайтариб берилишидан умид йўқ қарзларга қарздор тан олмайдиган, уни узишга имкони ҳам, умиди ҳам йўқ қарзлар киради. Бу ҳолда қарз берган одам берилган қарздан закот чиқармай туради (бундай қарз қайтиб келсагина закот ҳисобланади).
Ҳозирги кунда яна бир янги тоифадаги “қарздорлар” пайдо бўлган. Улар қарз олишади, сўнг қарзи борлигига иқрор ҳам бўлишади, лекин қарзни тўлашга келганда қарз берувчини хуноб қилиб юборишади, охир-оқибатда қарзидан умид узишга мажбур бўладиган ҳолатга олиб келиб қўйишади (Аллоҳ бундайларга инсоф берсин). Бундай қарзлардан ҳам эгасининг қўлига етиб келмагунча закот берилмайди.