Тижорат моллари закоти
Тижорат молларининг бозор қиймати нисоб миқдорига тенг ёки ундан ортиқ бўлса, уларнинг қийматидан 2,5 % закот бериш фарз бўлади.
Тижорат молларига нималар киради?
Тижорат моллари деб сотиб, фойда олиш ниятида олинган нарсаларга айтилади. Шахсий эҳтиёж учун харид қилинган нарсалар тижорат моли ҳисобланмайди.
Тижорат молларидан закот фарз бўлиш шартлари ҳам худди нақд пуллардаги шартларга ўхшайди. Яъни нисобга етиши, бир йил тўлиши, қарздан ҳоли бўлиши ва ҳожати аслиядан ташқари бўлиши зарур.
Закот бериш вақти келганда тожир ўзининг қўлидаги ва ҳисоб рақамидаги пулларни, савдога қўйилган молларининг ўша кундаги бозор қийматини, одамларга берган қарзларидан қайтиб келишига кўзи етадиганларини жамлаб ҳисоблайди, бериши лозим бўлган қарзларни айириб ташлайди ва ҳосил бўлган маблағнинг 2,5 %ини закотга чиқаради.
Ҳисоблаш вақтида тижорат дўкони бинолари, маҳсулотлар қўйиладиган жойлар, пештахта, фойдаланадиган компьютер ва шу каби сотув жараёнини ташкил этишда зарур бўладиган ускуна/анжомлардан, гарчи уларнинг баҳоси нисоб миқдоридан ортиқ бўлса-да, улардан закот берилмайди.
Ижарага берилган нарсадан ҳам закот берилмайди, чунки бунда ҳам тижорат нияти мавжуд эмас. Бундай мол-мулк (активлар)нинг қийматидан эмас, балки улардан тушган ижара ҳақидан (умумий закот маблағларига қўшган ҳолда) закот берилади.
Закотни тижорат молларининг ўзидан чиқарса ҳам ёки қийматидан чиқарса ҳам бўлади. Аммо камбағалларга фойдалироқ бўлгани учун, қийматидан чиқарилса яхшироқ.
Агар тижорат молларининг қиймати нисобга етмаса, лекин инсон қўлидаги пуллари, олтин ва кумушлар ҳамда бошқа бойликларини ҳам қўшиб ҳисоблаганда нисоб миқдоридан ошса, жами маблағдан закот чиқаради.