Пуллардан закот берилиши борасида ҳукм Қуръони Карим, суннат ва ижмо орқали собит бўлган. “Тавба” сурасида Аллоҳ таоло қуйидагича марҳамат қилади:
“Олтин ва кумушни жамғариб, Аллоҳнинг йўлида сарфламайдиганларга аламли азобнинг “хушхабар”ини беравер…” («Тавба» сураси, 34-оят).
Олтиннинг нисоб миқдори 20 динор (85 грам), кумушнинг нисоби эса 200 дирҳам (595 грам)га тенг.
Нақд пулларнинг нисоби ҳозирда 85 грам олтиннинг нархи билан ҳисобланмоқда.
Нақд пуллардан закот бериш учун қуйидаги шартлар топилиши керак:
1️⃣ Нисобга етган бўлиши керак.
Масалан, бу йил бизнинг мамлакатимизда нисоб миқдори 27 200 000 (йигирма етти миллион икки юз минг) сўм этиб белгиланди. Демак, кимнинг тасарруфида камида мана шунча маблағ бўлса, унинг қирқдан бир қисми – 2,5 %ини закот сифатида бериши лозим бўлади. Бироқ кейинги шартларга ҳам жавоб бериши лозим.
2️⃣ Пул нисобга етганига бир йил тўлиши керак.
Масалан, бир инсон ҳозир нисоб миқдоридаги маблағга эга бўлди, сўнг бир йил давомида пули камайиб, кўпайиб турди, лекин йил охирига келиб маблағи нисоб миқдоридан тушиб кетмади. Бу инсон йил якунида закот бериши лозим бўлади.
3️⃣ Қарздан ҳоли бўлиши керак.
Яъни қўлидаги маблағи нисобга етган инсоннинг келгуси бир йил ичида тўлаши лозим бўлган қарзлари закот ҳисобланаётган миқдордан айириб ташланади. Узоқ муддатли қарзларнинг бир йилдан ортиқ қисми чегирилмайди (яъни қарзининг шу бу йил тўлайдиган қисми ҳисобга олинади, холос). Агар шу йилги қарзини берганидан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, бу инсонга закот фарз бўлмайди.
4️⃣ Ҳожати аслиядан ортиқ бўлиши керак.
Дейлик, бир кишининг қўлида нисобга етган пули бор. Аммо у ўзига ва қарамоғидаги кишиларга қишлик ёки ёзлик кийим олиши керак, ёки бир йиллик озиқ-овқатининг сарф-харажати бор. Уй сотиб олиши, уйига керакли анжомлар, касб-ҳунари учун асбоблар, мингани, зарурат учун улов ёки ўқигани китоб олиши керак. Ушбу нарсаларни ёки улардан баъзиларини сотиб олгандан кейин пули нисобдан кам бўлиб қолса, унга закот фарз бўлмайди. Сотиб олишидан олдин эса пули нисобга етган бўлса, фарз бўлади. Чунки закот ўзига тўқ, ўз эҳтиёжларидан ортиқча пули бор бой одамларга фарздир.
Савол:
Бир инсоннинг қўлида олтин, кумуш ва нақд пуллар бор. Лекин алоҳида-алоҳида ҳисобласа, уларнинг ҳеч бири нисоб миқдорига етмайди. Ҳаммасини қўшиб ҳисоблаганда эса нисобга етади. Бундай инсонлар ҳам закот берадими?
Жавоб: Ҳа, беради.
Савол:
Пулни банд қилиш мақсадида олинадиган уй-жойдан закот чиқариладими?
Жавоб: Уй-жой, ер, кўчмас мулклар одатда, 3 хил мақсадда сотиб олинади:
1) Яшаш мақсадида. Бундай мақсадда олинган уй-жойлар ҳам ҳожати аслия ҳисобланади ва улардан закот берилмайди.
2) Тижорат мақсадида, яъни кейинчалик сотиш учун. Бундай мол-мулклардан закот берилади. Уларнинг баҳоси закот ҳисобланаётган вақтдаги бозор нархида олинади.
3) Ҳеч қандай мақсадсиз. Сотиб олишда тижорат мақсади бўлмагани боис бундай уй-жойлардан закот берилмайди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
“Кифоя” китоби асосида тайёрланди.