Закот фарз бўлиши учун қуйидаги шартлар топилиши керак:
1️⃣ Мол-мулк нисобга етган бўлиши;
2️⃣ Мулк тўлиқ бўлиши, яъни мол-мулк тўлиғича эгасига тегишли бўлиши;
3️⃣ Ўсувчи мол бўлиши;
4️⃣ Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиши;
5️⃣ Қарздан холи бўлиши.
6️⃣ Мол-мулк нисобга етганига бир йил тўлган бўлиши керак.
1️⃣ Нисоб
1️⃣ Нисоб – бу закот бериши лозим бўлган ва закот ҳали фарз бўлмаган мусулмонлар ўртасини ажратиб турадиган ўзига хос “чегара” ҳисобланади. Яна нисоб деб шариат бўйича инсонни бой деб аташ мумкин бўлган ва унга закот фарз бўлгани билдирадиган маблағнинг энг кам миқдорига ҳам айтилади. Яъни нисобга етган моли бор инсон закот бериши лозим бўлади ва шу билан бирга ўзи бошқалардан закот ололмайди.
Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссалом тиллaнинг нисобини йигирма мисқол (85 грамм), кумушникини икки юз дирҳам (595 грамм) қилиб белгилаганлар.
Ўша вақтда ушбу миқдордаги пул бир оиланинг бир йиллик харажатларига бемалол етган. Ўша миқдордаги маблағга эга бўлган киши бой ҳисобланган. Динимиз унга ортиқча пулининг бир қисмини муҳтож мусулмонларга Закот тариқасида беришни буюрган.
Ҳар бир турдаги молнинг ўзига яраша шариат тайин қилган нисоби бор. Мол ўша нисоб – миқдорга етгандагина ундан Закот чиқариш фарз бўлади. Ҳар бир турдаги молнинг нисоби қанча экани кези келганда айтилади.
2️⃣ Тўлиқ мулк
Закот бериш лозим бўлган мол тўлиқ мулк бўлиши керак. Яъни, мол ўз эгаси қўлида бўлиши, унда бировнинг ҳеч қандай ҳаққи бўлмаслиги, молни ўз ихтиёри ила тасарруф қила олиши керак.
3️⃣ Ўсувчи мол
Закот бериш фарз бўлиши учун мол ўсиб туриши ёки ўсишга имкони бўлиши керак. Буни шариатда феълан ёки тақдиран ўсувчи мол дейилади. Яъни, ўша молдан эгасига фойда кўпайиб келиб туриши ёки фойда кўпайиш имкони бор бўлиши керак.
Молнинг ўсиши ҳайвонот бойликларида туғилиш, семириш, ва/ёки яна бошқа маҳсулотлар бериш йўли билан бўлади (масалан сигир семиради, туғади, сут беради..). Бошқаларида эса тижорат ёки шунга ўхшаш йўллар билан бўлади. Чунки ўсмайдиган молга Закот фарз қилинса, молнинг қиймати нисоб миқдоридан пастга тушиб кетади. Ҳолбуки, Закотнинг яна бир маъноси ўсишдир.
Тилла-кумуш ҳам ўсувчи мол саналади. Чунки улар ёрдамида тижорат қилиш ёки бирор тадбиркорликни йўлга қўйиш мумкин.
Зироат бойликлари табиий ўсишга боғлиқ бойликлардир, кон ва дафиналар (хазина) ҳам шундай.
Тижорат моллари ҳам ўсувчи моллар ҳисобланади.
Пуллар хам худди шу каби, зеро нарсаларнинг қиймати пул билан ўлчанади.
Аммо бир кишининг нисобга етган миқдорда пули бор, дейлик, ишончли жойда турибди. Лекин йил давомида бир тийинга ҳам кўпаймади. Закот берадими-йўқми? Шубҳасиз Закот беради. Чунки у пул ўсишга имкони бор мол. Фақат унинг эгаси ўз қобилиятсизлиги туфайли пулининг ўсишига имкон бермади. Аслида эса у одам пулини савдога ишлатиб, ишлаб чиқаришга қўйиб, ўзи фойда олиши, ўзгаларга, жамиятга фойда келтириши керак эди.
Закот бериш учун мол ўсадиган бўлиши ёки ўсиш имкони бўлиши керак, деган қоидага биноан миниш учун ишлатиладиган уловлар, уй-рўзғор асбоб-анжомлари, ҳунар учун зарур асбоб-ускуналардан Закот чиқарилмайди.
4️⃣ Ҳожати аслиядан ортиқча бўлиш
Молдан Закот чиқариш учун лозим бўлган шартлардан бири ўша мол Закот берувчининг ўзи ва унинг қарамоғидаги кишиларнинг аслий ҳожатлардан ташқари (ортиқча) бўлиши керак.
Шу ерда «ҳожати аслия» нимадан иборат? Унинг чегараси борми? деган саволлар пайдо бўлади. Чунки ҳожат билан ҳожатнинг фарқи бор. Агар одам боласининг ўзига қўйиб берсанг дунёнинг ярмига эга бўлса, қолганига ҳам ҳожатим бор, дейди.
Закот бобида «ҳожати аслия» нима эканини Ҳанафий мазҳаби уламолари қуйидагича таърифлайдилар:
«Ҳожати аслия» – инсондан ҳалокатни феълан қайтарадиган, еб-ичиб, кийишга кетадиган нафақа, яшаш жойи, ҳунар асбоблари, уй анжомлари, минишга ав, илм учун керакли китоблари ва шу кабилардир.
5️⃣ Қарздан холи бўлиш
Закот фарз бўлиши учун мол эгасининг нисобни камайтириб юборадиган даражада қарзи бўлмаслиги керак. Бир одамнинг қўлида нисобга етган моли бор. Шу билан бирга бошқалардан қарзи ҳам бор. Агар қарзини бергандан кейин ҳам қолган моли нисобга етган миқдорда бўлса, Закот беради. Аммо, қарзни берганда ўзига мол қолмайдиган ёки моли нисоб миқдоридан камайиб қоладиган бўлса, Закот бериш вожиб бўлмайди. Чунки, одамлардан қарзи бор одам бой бўла олмайди.
6️⃣ Мол-мулк нисобга етганига бир йил тўлган бўлиши
Закот фарз бўлиши учун мол нисобга етган ҳолда бир йил муддатда нисобдан камаймай туриши керак. Ҳанафий мазҳаби бўйича йилнинг боши билан охирида нисобга етган бўлса етарли. Йил давомида, орада, баъзи вақтларда нисобдан камайиб қолса, бу эътиборга олинмайди. Бу шарт ҳайвонот (чорва каби) бойликлари, пул жамғармаси ва савдо молларига тегишлидир. Зироат (экин) бойликлари, мевалар, асал, кон ва дафина (хазина) бойликларига бу шартнинг дахли йўқ.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
“Кифоя” китоби асосида тайёрланди.