Закотнинг жуда кўп фойдалари мавжуд бўлиб, биз улардан асосий деб топган иккитаси ҳақида сўз юритмоқчимиз:
Закотнинг биринчи фойдаси – бу закот берувчи инсоннинг қалби покланади. Яъни инсон ҳам роббиси буюрган ибодатни амалга ошираётганидан завқ олади, ҳам бойликка ружуъ қўйиш балосидан ўзини халос этади.
Закотнинг иккинчи фойдаси – ўзининг молиявий эҳтиёжларини мустақил қондира олмайдиган мусулмонларга ёрдам беришдир. Бундай инсонлар боқувчисини йўқотган етимлар, бева қолган аёллар, ногиронлар, камбағаллар ва бошқа тоифадаги инсонлар бўлиши мумкин.
Аллоҳ таоло “Тавба” сурасида Пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломга қуйидагича амр қилади:
“Уларнинг молларидан садақа ол. Бу билан уларни поклайсан, тозалайсан ва уларнинг ҳаққига дуо қил. Албатта, сенинг дуоинг улар учун сокинликдир. Аллоҳ эшитгувчи ва билгувчи Зотдир.” (103-оят)
Ушбу ояти каримада закотнинг биринчи фойдаси ҳақида сўз юритилган. Закот берувчи инсон қалб поклиги ва хотиржамлигига эришади.
Закотнинг иккинчи фойдаси Халифа Умар ибн Абдулазиз замонида ўз тасдиғини топган. Умар ибн Абдулазиз халифа бўлганларидан кейин закот, вақф ва хайр-эҳсон каби бугунги кунда бойликларни қайта тақсимлаш воситалари деб қараладиган ислом молияси тамойилларини шу даражада тўғри тасарруф этдиларки, натижада орадан икки йил ўтар-ўтмас халифалик ҳудудида закот олишга ҳақдор инсон – ночор, камбағал инсонлар қолмади.
Закотнинг бугунги кундаги долзарб аҳамияти ҳақида қуйидаги видео орқали ҳам маълумот олишингиз мумкин: