Чорва молларининг закоти
Чорва моллари закотининг шартлари:
1️⃣ Яйловда ўтлайдиган бўлиши.
Яйловда ўтлайдиган бўлиши, яъни йилнинг кўп қисмида оммавий яйловда ўтлаб, семириб, болалаб юриши. Йилнинг баъзи вақтида қўлдан ем еса ҳам бўлаверади. Йилнинг кўп қисмида қўлда боқилган ҳайвонлардан закот берилмайди. Чунки уларни боқишга шахсий меҳнат ва сарф-харажат кўп кетган бўлади.
Йилнинг кўп қисмида яйловда боқилган ҳайвонларга эса меҳнат ҳам, сарф-харажат ҳам жуда оз кетади. Асосан, кўпчиликнинг ҳаққи бўлмиш яйловдан фойдаланилади. Шунинг учун кўпчилик ичидаги камбағал-мискинларга закот бериши (ва шу орқали мол-мулкини поклаши) керак бўлади.
2️⃣ Ишчи ҳайвон бўлмаслиги.
Чорва ҳайвонларининг ишчисидан, яъни аравага қўшиладиган, юк ташишга ишлатиладиган, миниладиган, сув чиқаришда ёки шунга ўхшаш ишларда фойдаланиб туриладиганидан закот олинмайди, чунки бундай ҳайвонлар ҳожати аслия ва иш воситаси ҳисобланади, ўсувчи мол эмас. Қолаверса, уларни ишга солиб топилган нарсалардан закот чиқарилади. Ана ўша закот йўлида хизмат қилганлари учун ҳам уларнинг ўзларидан закот олинмайди.
Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфнинг
“Мўминнинг нажоти” китоби асосида тайёрланди.