«Ва молу мулкларида сўровчи ва бечораларнинг ҳаққи бордир.»
“Сўровчи” деб таржима қилинган сўз Қуръони Карим матнида “соил” деб келган, яъни ночорлигидан ўзгалардан молиявий ёрдам сўровчидир. “Бечора” эса “маҳрум” деб зикр қилинган, яъни ночор бўлса ҳам, иффатли бўлгани учун уялиб, бировлардан молиявий ёрдам сўрамай юрган одам.
Демак, тақводорлар сўраган ва сўрамаган муҳтож кишиларга ўз молларидан маълум миқдорда ҳақ ажратиб қўйган кишилардир, деган маъно чиқади. Тақводор, диндор кишилар қўлларига келган мол-дунёнинг ҳаммаси фақат ўзлариники эмас, балки унда муҳтожларнинг ҳам ҳаққи борлигини доимо яхши тушуниб юрадилар. Бу оятда тақводорларнинг сифатлари баёни билан баробар мазкур суранинг асосий мавзуларидан бири бўлмиш ризқ масаласи зикр қилиняпти, яъни фақат ризқ ила машғул бўлиб, бошқа муҳим нарсаларни унутиб қўймаслик эслатилмоқда.