Куни кеча, келган бойликларни тўғри тасарруф қилмаслик ва порахўрлик оқибатида қисқа муддат ичида салкам дунёнинг энг бой мамлакатидан, сайёрамиздаги энг камбағал давлатлар қаторига тушиб қолган Науру орол-давлати ҳақида мақола қўйган эдик. Мақола якунида Аллоҳ таоло Қуръон каримда энг гўзал қисса деб атаган Юсуф алайҳиссалом қиссаси орқали бизга мўл-кўлчилик/серобгарчилик пайтида келган бойликларни еб-битирмасдан уларни самарали бошқариш (жойлаштириш) ва қаҳатчилик даврида шу амалга оширилган тадбирларнинг ижобий натижасини кўришни ўргатганлигини ва биз ушбу қиссани таҳлил қилиб, ўзимиз учун керакли хулосалар чиқаришга ҳаракат қиламиз деб ёзган эдик. Бугун, қуйидаги мақола орқали шу режамизни амалга оширмоқчимиз.
Ушбу сурада (кўпчилигимиз ушбу сурани таржима/тафсирини ўқиганмиз деб умид қиламиз) Юсуф алайҳиссалом кичкина болаликларидан бошлаб, то у кишининг Миср Азизи (яъни подшоҳ томонидан тайинланган ҳукумат раҳбари-ҳукмдор) бўлгунларича бўлган давр оралиғида бўлиб ўтган вақеалар тасвирланади. Шу бўлиб ўтган воқеалар ичида биз кўриб чиқмоқчи бўлгани, бу Миср подшоҳи кўрган туш, бу тушнинг Юсуф алайҳиссалом томонидан таъбир қилиниши ва шу таъбирдан келиб чиқиб керакли чора-тадбирлар кўришлари ҳақидаги қисмидир.
Хуллас, Юсуф алайҳиссалом тухмат билан зиндонга ташланган пайтлар (бошга қийинчилик тушган пайтлар, энг оғир синовлар пайғамбарларга берилиганлигини эслаб ўтишимиз фойдадан холи бўлмаса керак) Миср подшоҳи бир туш кўради:
«Подшоҳ: «Мен тушимда еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғини кўрмоқдаман. Эй аъёнлар, агар туш таъбирини қиладиган бўлсангиз, менга тушимнинг фатвосини беринг», деди». (43)
Миср подшоҳининг «кўрмоқдаман» деб айтишидан мазкур тушни бир эмас, бир неча марта кўрганлиги маълум бўлади. У фақат шу тушни кўраверганидан кейин аъёнларини тўплаб, уларга тушини айтган ва таъбир қилишларини сўраган.
«Улар: «Бу алғов-далғов тушдир. Биз бундай туш-ларнинг таъбирини билувчи эмасмиз», дедилар». (44)
Аслида, аъёнлар подшоҳ тушининг яхшиликка далолат қилмаслигини билсалар ҳам, қандайдир кўнгилсизликка ишора эканлигини англасалар ҳам, бу ҳақда ҳеч нарса демадилар.
Ҳукмдорлар атрофидаги аъёнларнинг доимий одати бу. Ҳукмдорга ёқадиган гапларни ташишда бир-бири билан мусобақа қилишади. Аммо унга ёқмайдиган гап бўлса, айтишдан ўзларини тортадилар. Миср подшоҳининг аъёнлари ҳам худди шу ишни қилдилар. Ўзларини четга олиб, бу алғов-далғов туш экан, бунақа тушларнинг таъбирини билмаймиз, деб қутулдилар.
Подшоҳ ҳузурида аъёнлар иштирокида туш ҳақида баҳс қизиганда, ўша ерда хизмат қилиб юрган соқийнинг (подшоҳга май қуйиб бериш билан шуғулланадиган хизматчи) эсига ўзи зиндонда бирга ўтирган ва у ерда унга ўзи кўрган тушнинг таъбирини айтиб берган Юсуф алайҳиссалом тушди. Унинг туш таъбирини айтишдаги илмини ҳаётида синаб кўрганидан, у ҳақда подшоҳга хабар беришни лозим топди.
«Бунинг таъбирининг хабарини сизга мен бераман. Мени юборинг», деди». (45)
Яъни, мени Юсуфнинг ҳузурига юборинг, деди. Уни юбордилар.
У қамоққа кириб, Юсуфни топди, унга қараб:
«У: «Юсуф, эй ростгўй зот, бизга еттита семиз сигирни еттита ориқ сигир еяётганини ва еттита яшил бошоқни ва шунча қуруғининг таъбирини айт. Шоядки одамларга қайтиб борсам, улар ҳам билсалар», деди». (46)
Соқий йигит Юсуф алайҳиссаломни «сиддиқ»–ростгўй зот, деб атамоқда. Чунки, у Юсуфнинг ростгўйлигини тажрибада синаб кўрган. Сўнгра у подшоҳнинг тушини таъбир қилиб беришни сўради, кейин уларга бориб етказиши зарурлигини ҳам таъкидлади. Юсуф алайҳиссалом унга қуйидагиларни айтдилар:
«У: «Кетма-кет етти йил зироат қиласизлар. Йиғиштириб олган ҳосилингизни бошоғида қолдиринг. Магар озгина ейдиганингизни (қолдирмасангиз ҳам бўлур)». (47)
Яъни, подшоҳ тушида кўрган еттита семиз сигир ва яшил бошоқнинг таъбири шулки, етти йил жуда серҳосил келади. У йилларда сизлар кетма-кет дон экиб, зироат қиласизлар. Ҳосил тўплайсизлар. Ўшанда тўплаган ҳосилларингизни бошоғида қолдиринг. Яхши сақланади. Чиримайди, қурт-қумурсқалар тешиб кетолмайди. Фақат ўзингиз учун ейишга ярашасини олсангиз, бўлаверади. «Сўнгра, ундан кейин еттита шиддатли (йил) келур, улар олдиндан тайёрлаб қўйганингизни ейдилар. Магар озгина асраб қўйганингизгина қолур». (48)
Яъни, серҳосил етти йилдан кейин яна шунча шиддатли, қаҳатчилик йиллари келади. Подшоҳнинг тушидаги етти ориқ сигир ва қуруқ бошоқ шунга ишорат. Ўша етти шиддатли, қаҳатчилик йили ўзидан олдинги етти серобчилик йилини ейди.
Бошқача қилиб айтганда, етти мўл-кўлчилик йилида тўпланган ҳосилни етти қаҳатчилик йилида ейсизлар. Фақат уруғ учун сақлаб қўйган озгина донгина ейилмай қолади.
Соқийдан хабарни эшитган подшоҳ Юсуф алайҳиссаломни ҳузурига олиб келишни амр этиб:
«Уни менга келтиринглар, деди». (50)
Подшоҳнинг амри билан элчи тезда Юсуф алайҳиссаломнинг олдиларига, қамоқхонага келди ва хушхабарни етказди. Беайб ҳолда йиллаб қамоқда ётган Юсуф алайҳиссалом туш таъбирини сўраб келишганда, умумхалқ манфаатини кўзлаб, ҳеч қандай шарт қўймай, содиқлик билан уни таъбир қилиб, кўрилиши лозим бўлган чораларни батафсил сўзлаб берган эдилар, лекин шахсларига тегишли хабар келганда, қамоқдан чиқмай туришга қарор қилдилар. У кишига элчи келган пайтда шошиб зиндондан чиқиб кетмадилар, балки қамоқдан чиқишдан аввал подшоҳга ҳам, бошқаларга ҳам ўзларининг беайб эканликларини билдириб қўйишни ва орани очиқ қилиб олишни хоҳладилар. Қамалишларига сабаб бўлган ҳодисани қайта текширишни талаб қилдилар (яъни Аллоҳга аён бўлган ҳақиқатни одамлар ҳам билиб қўйишларини хоҳладилар).
Келажакда Юсуф алайҳиссаломга кўп муҳтож бўлишини сезган подшоҳ у зотнинг талабларини дарҳол амалга оширди ва керакли суриштирув ишларини ўтказиб ҳақиқатни тагига етди ва буни бошқаларга ҳам билдирди.
Юсуф алайҳиссаломнинг покликлари исбот этилганидан кейин:
«Подшоҳ: «Уни менга келтиринглар, уни ўзимга хос кишилардан қилиб оламан», деди. У билан гаплашганда эса: «Албатта, сен бугунги кунда ҳузуримизда маконатли ва ишончли кишилардансан», деди». (54)
Бироқ, Юсуф алайҳиссалом бундан бошқалар каби эсанкираб қолмадилар. Подшоҳ «ҳазрати олийларининг» оёқларига йиқилмадилар, унга мақтов сўзларини ҳам айтмадилар, ўзларига кўрсатилган юксак ишончни оқлашга ваъда ҳам бермадилар. Балки обрўларини сақлаган ҳолларида подшоҳга қараб:
«У: «Мени ернинг хазиналари устига қўй. Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», деди». (55)
Бу ўзига ишонган, қўлига олган ишни тўла-тўкис адо этишга кўзи етган одамнинг гапи. Оммага, халққа қайси жойда кўпроқ фойда келтириши мумкинлигини билган шахснинг гапи. Юсуф алайҳиссалом подшоҳга ўзларини қайси ишга қўйишини айтишлари билан бирга, бу ишга лаёқатлари борлигини ҳам билдириб:
«Албатта, мен муҳофаза қилувчи ва билувчиман», дедилар. Яъни, хазинани қандай муҳофаза қилиш–сақлаш ва уни қандай тасарруф қилишни билувчиман, дедилар.
Туш таъбирига кўра, Миср ўлкаси келажакда худди шундай сифатларни ўзида мужассам қилган одамга муҳтож эди. Эл-юртни қийинчиликлардан сақлаш учун Юсуф алайҳиссаломга ўхшаш ҳалол-пок, омонатли, жиғилдони ва ҳамёнини эмас, халқни, элу-улуснинг ғамини ейдиган, Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор одам керак эди. Юсуф алайҳиссалом худди ўша одам ўзлари эканликларини баён қилдилар. Бу ишларнинг барчаси Аллоҳ таолонинг тадбири билан амалга ошаётган эди. Шунинг учун ҳам Юсуф алайҳиссаломнинг подшоҳга айтган:
«Мени ернинг хазиналари устига қўй», деган гапларига подшоҳ нима жавоб қилгани зикр этилмай, Аллоҳ таолонинг қуйидаги сўзлари келмоқда:
«Шундай қилиб, Юсуфга ер юзида маконат бердик, уни ўзи хоҳлаган жойга ерлаша оладиган қилдик. Ўз раҳматимизни, кимни хоҳласак, ўшанга муяссар этурмиз ва гўзал амал қилувчиларнинг ажрини зое қилмасмиз». (56)
Қиссанинг шу қисмидан олинадиган хулосаларимиз:
- Аллоҳ таоло ўз пайғамбарларига оддий одамларга юбормаган оғир синовларини юборар экан;
- Аллоҳга иймон келтириб, унга тақво қилиб, ибодатида собитқадам бўлувчилар, эртами-кечми барибир ажрларини олар эканлар. Уларнинг ажри ҳеч қачон зое бўлмас экан. Улар буни бу дунёнинг ўзида кўражак эканлар. Охиратдаги ажр-мукофотлар эса бундан ҳам яхшироқ бўлар экан;
- Аллоҳ таоло бандаларига қийинчиликдан сўнг осонлик, ночорликдан сўнг имконият, хавф-хатардан сўнг омонлик, хорликдан сўнг фаровонлик берар экан;
- Аллоҳ ўз раҳматини кимга хоҳласа, ўшанга муяссар этар экан;
- Инсон ҳар қандай ҳолатда ҳам, яъни бошга тушган қийинчиликларга, хатто тухматларга ҳам қарамай тушкунликка тушмаслиги, балки ҳаракат қилиши керак экан;
- Инсон ўзи бирор масъулиятли лавозимга лойиқлигини аниқ билса, ўзига ишонса, қўлига олган ишни тўла-тўкис адо этишга кўзи етса ўз номзодини раҳбарларга таклиф қилиши мумкин экан;
- Қайси иш кўпроқ қўлидан келишини, қайси бирига лаёқати борлигини ҳам билдириши мумкин экан;
- Масъул шахс ҳар қандай лавозимда ҳам омонатдорлик билан кўпчилик манфаати йўлида хизмат қилиши керак экан;
- Аллоҳ берган ақл-идрок, иқтидор ва салоҳиятдан, ҳаётий тажриба давомида орттирилган билимлардан жиғилдони ва ҳамёнини тўлдириш учун эмас, балки халқ, эл-улус/умматнинг манфаати йўлида фойдаланиш керак экан;
- Подшоҳ ҳар қандай лавозимга, айниқса катта масъулиятли лавозимларга Аллоҳдан қўрқадиган, тақводор одамларни тайинлаши керак экан;
- Берилган таклифдан, у ким тарафидан берилган тақдирда ҳам эсанкираб қолмаслик, шошмаслик, балки ўйлаб, вазминлик билан иш тутиш керак экан;
- Мансабдорларнинг “оёқларига йиқилмасдан, маддоҳлик қилмасдан, дарров “юксак ишончни оқлашга” ваъда бериб юбормасдан, аввал масалани ҳам тарафлама жиддий ўйлаб, тафаккур қилиб кейин қарор қабул қилиш керак экан;
- Бошоғида сақланган дон-дун узоқ сақланар экан (яъни керагини тегирмондан чиқариб истеъмол қилиб, қолганини бошоғида сақлаш яхши натижа берар экан);
- Мўл-кўлчилик /серобгарчилик пайтида келган бойликларни еб-битирмасдан уларни тежаб-тергаб, исроф қилмасдан самарали ишлатилса (жойлаштирилса) қийинчилик, қаҳатчилик даврида шу амалга оширилган тадбирларнинг ижобий натижасини кўриш мумкин бўлар экан.
Юқоридаги Тафсир манбаси: «Тафсири Ҳилол» китоби