Ёлланма ишчига бажарилган иш учун тўланадиган ҳақ бўйича иш берувчи ва ишчи ўртасидаги келишув томонлар ўртасида тушунмовчилик/мавҳумликка ўрин қолдирмайдиган бўлиши керак. Тўланадиган ҳақ пул кўринишида ҳам, маҳсулот кўринишида ҳам бўлиши мумкин (масалан, муайян иш бажарилганлиги учун 50 кило олий навли ун берилишига келишиш мумкин).
Иш ҳақи / мукофот пули бажарилган иш учун бирданига (яъни иш бажарилгандан сўнг) битта қилиб тўланиши ҳам, бажарилган ишнинг ҳар бир босқичи учун алоҳида тўланиши ҳам мумкин (масалан, ишни биринчи босқичи учун фалонча, иккинчи босқичи учун фалонча… деб). Бунда ишнинг босқичлари қандай бўлиши кераклигини томонлар аниқ келишиб олишлари керак бўлади. Шу билан бирга иш ҳақини вақтга боғлаб қўйиш ҳам мумкин (масалан, ҳар ҳафтанинг жума куни деб). Бундай келишув кўпинча узоқроқ вақтга ёлланган ишчилар билан тузилади. Албатта, қайси кунда иш ҳақи берилишини белгилаб олиш, топширилган ишни қилиш бўйича тузилган келишув устига қурилади, яъни ишчи мукофот пули/иш ҳақини вақт ўтгани учун эмас, балки муайян келишилган ишни бажаргани учун олади.
Асосийси, келишув икки томон учун ҳам аниқ-тиниқ, мавҳумликдан холи бўлиши керак. Бунинг учун томонлар келишувни эринмасдан ёзма тарзда тузишлари керак бўлади. Келишувда бажариладиган иш, ишни бажариш муддатлари, бажарилган иш учун ишчига бериладиган мукофот пули / иш ҳақи, томонларнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ва масъулиятлари, иш вақтида амалга оширилмаса ишчига нисбатан нима чора кўрилиши, ишчининг ҳақи иш берувчи томонидан вақтида тўланмаса қандай чора кўрилиши каби шартлар батафсил ёзилиши керак. Шунда томонлар ўртасида зиддият келиб чиқмайди. Валлоҳу аълам.
Асос: Ислом молия муассасалари учун шариат меъёрлари ишлаб чиқиш билан шуғулланувчи халқаро ташкилот – AAOIFI томонидан ишлаб чиқилган 34 меъёр, 5.2-банд.