Ернинг ижарасини ўша ердан олинган ҳосил билан тўлаш мумкинми?
Ернинг ижара ҳақини ўша ердан олинган ҳосил билан тўлашда ихтилоф мавжуд. Лекин Ҳанафий ва ҳанбалий мазҳабида ер ижараси ҳосилнинг бир қисми эвазига бўлишини жоиз дейилади.
Экин экиладиган ерларда ижара муддати қанча бўлиши керак?
Ерни экин экиш учун ижарага бериш муддати бир йил ёки шунга ўшхаш муайян давр бўлиши мумкин. Ҳатто шофеъий уламолар ер ижараси 100 йил ёки ундан кўпроқ муддатга ҳам жоиз бўлишини айтишган. Чунки муайян нарса устидаги ижара ўша нарса боқий қоладиган муддатгача дуруст бўлаверади.
Ҳанафий олимларимиз айтади: “Агар ер вақф қилинган бўлиб, бошқарувчи уни узоқ муддатга ижарага берса ва нарх-наво ошиб-камайиб турмаса, бу жоиз бўлади.
Уламолар иттифоқига кўра, ижара шартномасида муайян шартлар киритилиши мумкин. Лекин қўйилган шарт ижара муддати тугагандан кейин ҳам ерда асарини қолдирадиган бўлса (масалан ижарага берилган ерга ариқ тортиб келиш каби ижара муддати тугагандан кейин ҳам ерга фойдаси тегиб турадиган ва ижара битими доирасига кирмайдиган шартлар қўйилса), бу борада турли фикрлар бор. Чунки бу каби шарт ақдлашувчи-шартнома тузувчи томонлардан бирига манфаат пайдо қилади.
Ҳанафий мазҳаби наздида, бундай шартлар фосид бўлиб, ижара битими ҳам фосид бўлади. Лекин моликийлар муайян турдаги ва муайян миқдордаги ўғит билан ерга ишлов беришни шарт қилишни жоиз дейишган
Ерни бино қуриш ёки дарахт экиш каби мақсадларда ижарага олиш мумкинми?
“Кифоя” китобида келтирилишича, ерни бино қуриш ёки дарахт экиш учун ижарага олиш жоиз бўлади. Муддат тугаганда уни бўш ҳолида топширади. Шу билан бирга, агар ижарага олинган ерда қилинган қурилиш ёки экилган дарахтлар бўйича қуйидагича ечимлар бор:
- ижарага берувчи ерни ижарага олиб, бино қурган ёки дарахт ўтказган кишига шу нарсалар учун ҳақ тўласа, бу каби нарсаларни ўзида олиб қолса бўлади;
- дарахтларни кўчириш, бинони бузиш ерга нуқсон етказадиган бўлса, ижарага олувчининг розилигисиз, агар зарар етказмайдиган бўлса, унинг розилиги билан бино ёки дарахтлар ер эгасига бўлади;
- ижарага берувчи бино ва дарахтни ўз ўрнида қолдиришга рози бўлса, у ҳолда бино ва дарахт ижарага олувчига, ер ижарага берувчига бўлади. Сабзавотларга ҳам дарахт каби ҳукм қилинади.
Манба: “Катта фиқҳ энциклопедияси” ҳамда “Кифоя” китоблари асосида тайёрланди