Ҳозирги кунда ривожланаётган “тадбиркор”лик кўринишларидан бири вакил сифатида хизмат кўрсатишдир. Бунда баъзи бир кишилар компания, хизмат кўрсатиш ташкилотлари, катта завод-фабрикалар ёки оддий бино қураётган шахслар тарафидан уларга керакли нарсаларни сотиб олиш учун “вакил” қилиб тайинлаган бўлади, ва ана шу вакиллар ўз хизматлари мобайнида баъзи бир дўконлардан юқорида зикр қилинган ташкилот ёки шахсларга керакли нарсаларни сотиб олиш билан шуғулланишади (инглиз тилида уларни procurement specialist ҳам деб аташади).
Иш мобайнида уларга керакли нарсаларни сотадиган дўконлар: “Биздан харид қилсангиз, фалон фоиз чегирма берамиз” ёки вакилнинг ўзи: “Сизлардан шу нарсаларни сотиб оламан, лекин эвазига менга фалонча чегирма қилиб берасан” деган шартни қўяди. Табийки доимий харидор бўлиши учун дўконлар ўша вакил билан шундай келишувга рози бўлишади ва ўша вакилга келишилган чегирма ҳам беришади. АММО БУ ЧЕГИРМАЛАР ВАКИЛНИ ВАКИЛЛИККА ОЛГАН КОМПАНИЯ ВА ТАШКИЛОТЛАРНИНГ ҲАҚҚИ ҲИСОБЛАНАДИ. Чунки вакилга ўша компанияга нарса сотиб олаётганлиги учунгина бу чегирмалар тақдим қилинмоқда. Мабодо шу иш орқали бирор киши чегирмаларни ўз ёнига олиб қолса, вакил қилган тарафга хиёнат қилиб, ҳаққидан уриб қолган ҳисобланади. Вакил қилган тараф чегирмасиз нархга рози бўлсада, барибир чегирмалар ҳам унинг ҳақилигича қолади. Вакил чегирмага сабаб бўлсада, вакиллигини чиройли адо қилган даражада бўлади (албатта вакил қилиб тайинлаган томон бунинг учун вакилга алоҳида мукофот бериши мумкин).
Масалан, усталар бирор шахснинг уйларида иш юритаётган бўлсалар, керак бўлган қурилиш маҳсулотларини уй эгасига билдирмаган ҳолда дўкондор билан яширинча келишув тузиб, “Сизга харидор олиб келаман, эвазига менинг фалонча хиссамни ҳам ўша маҳсулотнинг қийматига қўшиб айтасиз. Сўнг ўша қўшилган қийматни ўзимга алоҳида берасиз” дейди. Албатта, бу очиқ-ойдин хиёнатдир (яъни бу дунёда ҳам, охиратда ҳам қайтариб берилиши керак бўлган бировнинг ҳақидир). Баъзилар шу ўринда, вакил аввал у нарсаларни ўзи учун сотиб олиб, кейин вакил қилган шахсларга улар рози бўладиган нархда сотиш ҳийласини ҳам қиладилар. Бу ўринда вакил, вакил қилган тарафнинг омонатдор кишиси ҳисобланади. Омонатдор шахс ўзига сотиб олиши жоиз эмас. Ҳар бир сотиб олган нарсаси уни вакил қилган киши учун бўлади. Унинг бу қилган ҳийласи, ҳаромни ҳалол қилиб бера олмайди.
Шу ўринда шунга тегишли бир савол жавобни келтириб ўтамиз.
Савол. Мен бир ташкилотнинг ишчисиман, ташкилот раҳбари бизга машина кераклигини ва бир одам билан қийматини аниқлаб, савдолашишим кераклигини айтди. Мен кимда машина борлиги ва қиймати қанча эканлигини аниқлаб раҳбарга айтдим. У биз келишган қийматга рози бўлди. Сотувчи олдига борганимда, сотувчи у нарсани мен учун келишилган нархдан арзонроғига беришини айтди. Бошлиқ нарх билан сотувчи айтган нархнинг ўртасидаги фарқни ўзимга олиб қолсам бўладими?
Жавоб. Сиз ойлик ёки келишилган нархга хизмат қилувчи хизматчи ҳисобланасиз. Сиз қилган савдода ҳаридор тарафидан вакил ҳисобланасиз. Сотиб олинган нарсада раҳбар рози бўлган нархдан камига келишилган суратида ҳам сизни шу ишга ёллаган одамнинг ҳаққи бўлади. Икки нарх орасидаги тафовутни ўзингизга олишингиз ҳалол бўлмайди (агар вакил қилган томон арзонроқ нархда унга керакли нарсани топиб бергани учун вакилга мукофот берса, вакил ўшани олиши мумкин).
(“Янги масалаларнинг шаръий ҳукмлари” китобидан)
Манба: “Fiqh.uz” веб-саҳифаси