“Трастбанк” ва Халқаро Ислом савдо-молия корпорацияси (ITFC) ўртасида савдони ривожлантиришга маблағларни жалб қилиш бўйича янги битим имзоланди. Бу ҳақда “Трастбанк” матбуот маркази хабар беради.
“Трастбанк” хусусий акциядорлик банки халқаро ва хорижий молия институтлари билан бевосита ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлашда давом этмоқда.
Банк мамлакатимиз Президентининг 2017 йил 17 декабрдаги “Халқаро ва хорижий молия институтлари билан ҳамкорликнинг самарадорлигини янада ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 майдаги “Ислом тараққиёт банки гуруҳи ва араб мувофиқлаштириш гуруҳи жамғармалари билан ҳамкорликни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларида белгиланган чора-тадбирлар доирасида ITFC (Ислом Тараққиёт банкининг шўъба корхонаси) билан савдони молиялаштириш мақсадида 8 миллион АҚШ доллари миқдорида молиялаштириш линияси ажратиш тўғрисидаги битим имзолади.
Битимнинг асосий мақсади Ўзбекистон Республикасида хом ашё сотиб олишни молиялаштириш, замонавий технологик ускуналар ва бошқа асосий воситаларни сотиб олиш йўли билан кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантиришдан иборат. Келишув шартларига мувофиқ, тақдим этиладиган лойиҳалар Шариат қонунига мувофиқ бўлиши керак. ITFC томонидан ажратилган ушбу линиянинг мақсади бир йилгача бўлган муддатга амал қиладиган савдо операцияларини қўллаб-қувватлашга қаратилади.
Шубҳасизки, мазкур молиялаштириш линияси банк томонидан кўрсатилаётган хизматлар кўламини кенгайтиришга, тадбиркорлик ва кичик бизнесни жадал ривожлантиришга, қолаверса янги иш ўринларининг яратилишига мустаҳкам замин яратади.
Эслатиб ўтамиз, 2018 йилнинг 12 ноябрида ITFC “Трастбанк” хусусий акциядорлик банкига 4 млн. АҚШ доллари миқдорида савдони молиялаштириш линиясини ажратган эди. Бугунги кунда ушбу маблағлар тўлиқ ўзлаштирилган.
ITFC Ислом тараққиёт банки (IsDB) гуруҳига киради. Ушбу ташкилот Ислом Ҳамкорлик Ташкилотига (OIC) аъзо давлатлар ўртасида савдони ривожлантириш мақсадида ташкил этилгандир.
Ўзбекистон 2019 йилдан бошлаб ITFCнинг тўлақонли аъзоси ҳисобланади. ITFC Ўзбекистондаги фаолиятини 2018 йилда бир нечта маҳаллий банклар билан ҳамкорликдан, тўғрироғи улар орқали ўрта ва кичик бизнесни уларнинг савдони молиялаштиришга бўлган эхтиёжини қондириш орқали қўллаб қувватлашдан бошлаган.
ITFCнинг МДҲ бўйича минтақавий стратегияси асосан қуйидагиларга қаратилган:
- хусусий тармоқ иштирокчиларига уларнинг савдо фаолиятини молиялаштириш доирасида кенг қамровли ечимларга асосланган хизматлар таклиф қилиш ва шу орқали молиялаштириш ҳажми ва турини кўпайтириш. Буни маҳаллий ва минтақавий молиявий муассасалар (ММ) билан ҳамкорликни йўлга қўйган ҳолда амалга ошириш;
- аъзо мамлакатларнинг стратегик аҳамиятга эга маҳсулотлар импорти ва экспортини молиялаштириш;
- Ислом молиясини ривожлантириш бўйича ташаббусларни қўллаб қувватлаш, савдони ривожлантиришга масъул ташкилотларнинг салоҳиятини кучайтириш, ҳамда минтақадаги савдо ҳамкорлиги йўлидаги хатти-ҳаракатларни қувватлашга ҳисса қўшиш.
ITFC шунингдек Ўзбекистонда молия муассасалари, ҳамда Марказий банк ходимлари учун Ислом молияси талаблари асосида савдони молиялаштириш бўйича бир қатор ўқув курслари ва тренинглар ўтказиб келади.