Бугунги кунда асосан Хитойдан, қолаверса бошқа ғарб мамлакатларидан пойабзаллар келтирилиб, бозорларимизда сотилмоқда. Халқимизнинг аксарияти бозордан савдо қилишади. Ўша пойабзаллар маълум қисмининг таши ва ичи тўнғиз терисидан тайёрланган бўлади. Баъзилари тўнғиз терисидан эмас, балки мол ва қўй териларидан, сунъий чармлардан тайёрланган бўлса-да, ички астари тўнғиз терисидан тайёрланган бўлади.
Ушбу пойабзал савдоси билан шуғулланувчи кишилар орасида уларнинг тўнғиз терисидан эканлигини биладиганлари ҳам топилади. Сотиб олувчиларнинг оз қисми билиши мумкин. Шариатимизда тўнғиз ҳаром қилинган бўлса, бу пойабзаллар ҳақида шариат ҳукми қандай эканлигини билиб қўйишимиз керак бўлади.
1️⃣ Бундай пойабзалларни кийиш ҳаромми?
2️⃣ Бундай пойабзалларнинг савдоси билан шуғулланиш ҳаромми?
3️⃣ Пойабзал сотиб олган киши кейинчалик тўнғиз теридан эканлигини билса нима қилади?
4️⃣ Бундай мол билан савдо қилиш ҳаром эканини билмасдан савдо учун катта миқдорда мол сотиб олган бўлса қандай йўл тутиши керак?
5️⃣ Била туриб шундай молларни сотаётганларнинг ҳукми қандай бўлади?
Шуни яхши билишимиз керакки, тўнғиз (чўчқа)нинг бутун борлиғи айни нажосат саналади.
Тўнғиздан бошқа ҳайвонларнинг териси ошлаш билан ҳалол бўлади. Гарчи у ҳаром ўлган ҳайвон ёки айиқ, тулки каби йиртқич ҳайвон бўлса ҳам. Тўнғизнинг териси ёки бошқа аъзолари эса ҳеч қандай йўл билан пок бўлмайди. Жуда кўп мусулмонлар чўчқа гўштини ейишликдан сақлансалар-да, унинг терисидан бўлган оёқ кийимларнинг кийишда бепарво бўладилар. Баъзилар эса бундай нарсалардан ўзлари фойдаланмасалар-да, балоғатга етмаган ўғил-қизларига сотиб олиб беришади. Ваҳоланки, айтиб ўтганимиздек, чўчқа гўштини ейиш ҳаром бўлганидек, унинг терисидан фойдаланиш ҳам ҳаромдир. Мусулмон кишига бундай нарсаларнинг савдоси билан шуғулланиш ҳам ҳалол бўлмайди. Ибнул Обидин ўзларининг “Роддул мухтор” китобида шундай деганлар:
“Мусулмон кишига хамр ҳамда тўнғизнинг савдоси жоиз эмас”.
Шунинг учун барча фуқаҳолар бирор бир истисносиз тўнғизнинг барча аъзосини ейишлик ҳаром бўлганидек, уларнинг савдоси билан шуғулланишни ҳам ва улардан тайёрланган нарсаларнинг савдоси билан шуғулланишни ҳам ҳаром деганлар. Ҳаттоки, уларнинг байъи (яъни савдоси) боғланмаслиги, эвазига олинган қиймат сотувчига ҳаром бўлиб, унинг мулкига айланмаслигини таъкидлаганлар. Зеро, тўнғиздан тайёрланган нарсалар шариатда ҳаром бўлгани учун мол ҳисобланмайди ва қийматга эга бўлмайди.
Юқоридаги саволларга келсак:
1️⃣ Тўнғиз терисидан тайёрланган маҳсулотлар, хоҳ у оёқ кийим ёки либос бўлсин, хоҳ тиш чўткаси бўлсин, барчасининг истеъмоли ҳаромдир.
2️⃣ Бундай молларнинг олди-сотдиси билан шуғулланиш ҳам ҳаромдир.
3️⃣ Чўчқа терисиданлигини билмай сотиб олган киши дўкондорга қайтариб олиб борса, дўкондор уни қайтариб олиб, пулини бериши вожиб.
4️⃣ Чўчқадан тайёрланган маҳсулотларнинг савдоси ҳаром эканлигини билмаган киши ҳаромлигини билиши биланоқ савдони тўхтатиши керак. Агар сотиб олган жойига қайтариб беришнинг имкони бўлса, қайтариб беради. Қайтариб олмаса, пулини чиқариб олиш учун сотиш ҳам жоиз эмас.
5️⃣ Билиб туриб бундай мол билан савдо қилувчиларнинг даромадлари шариатда ҳаром саналади. Сотиб олган кишилар маълум бўлса, пулларини қайтариб беради. Агар маълум бўлмаса, харидорлар номидан садақа қилиши вожиб бўлади.
(Фатавоий баййина)
Кўриб турганимиздек, мусулмон тожир ўзи савдо қилаётган маҳсулотини яхши билиши лозим, акс ҳолда, у ҳам моддий зарар кўради, ҳам гуноҳкор бўлади, чунки бундай савдогар ўзи учун ҳам, бошқа мусулмонлар учун ҳам билиб-билмай ҳаром эшикларини очиб қўйиши мумкин.
Манба: www.fiqh.uz асосида тайёрланди.