Июл ойи охирларида, Қурбон ҳайити арафасида Қозоғистонда биринчи рақамли ислом банки – Tayyab расман ўз фаолиятини бошлади.
Компания асосчиси ва бош директори Иван Каменскийнинг сўзларига кўра, Tayyab компанияси Қозоғистонда жойлашган анъанавий молиявий муассаса – РБК Банк билан ҳамкорлик шартномасини тузган бўлиб, мазкур банк Tayyabга банк лицензияси ва инфратузилмасидан фойдаланиш имкониятини беради.
“Бизнинг компаниямиз Остона халқаро молия марказида (AIFC) рўйхатдан ўтган, бироқ марказнинг чакана банклар бўйича меъёрий-ҳуқуқий асослари минтақани тўла қамраб ололмайди. Қозоғистонда ишлаш учун сиз Қозоғистон Марказий банкининг лицензиясига эга бўлишингиз керак”, дея тушунтириш бериб ўтди лойиҳа асосчиси.
Каменскийнинг айтишича, Tayyab айнан РБК Банк платформасидан фойдаланишга қарор қилган, чунки бу банк мамлакатда амалда ишлайдиган очиқ дастурлаш интерфейслари (open application programming interfaces, API)га эга бўлган кам сонли банклардан бири ҳисобланади.
Tayyabнинг ички Шариат маслаҳатчилари ҳам мавжуд бўлиб, уларга Shariyah Review Bureau томонидан сертификатлар берилган.
Shariyah Review Bureau – Баҳрайн Марказий банки томонидан гувоҳнома (лицензия) берилган, ҳамда тартибга солинадиган муассаса бўлиб, Шариат Кузатув Кенгаши хизматлари, Маҳсулотларни сертификатлаш, шаръий аудитлар ва акциялар скрининги каби хизматларни ўз мижозларига тақдим этиб келмоқда. Компания хизматлари AAOIFI (Ислом молияси соҳасида шариат стандартлари ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш билан шуғулланувчи етакчи халқаро ташкилот) стандартларига мувофиқ бўлиши таъминланади.
Мазкур рақамли банк дастлаб ўзининг биринчи маҳсулоти – дебет картасини май ойида чиқаришни бошлаган бўлиб, бир неча ҳафта ичида 6500 мижозни жалб қила олган. Компания келгуси йил давомида 70 минг мижозга хизмат кўрсатишни режалаштирмоқда.
Ҳозирги мижозлар базаси, асосан, 25 ёшдан 45 ёшгача бўлган аҳоли қатламини қамраб олган бўлиб, уларнинг 60% ини эркаклар ва 40% ини аёллар ташкил этади. Мижозларнинг барчаси мусулмонлардан иборат, лекин компания мусулмон бўлмаганларни ҳам жалб қилишга, уларнинг мижозлар базасидаги улушини 20 фоизгача етказишга умид қилмоқда.
Tayyab рақамли банки ҳозирда фақат рақамли хизматлар – тўлов карталари, пластик карталар, турли тўлов ва пул ўтказмалари хизматларини таклиф этмоқда. Барча амалиётларни 4 хил пул бирлигида: қозоқ тангаси, АҚШ доллари, евро ва рублда амалга ошириш имконияти мавжуд. Ҳозирда хизматлар бепул, бошқа банкларга ўтказмалар бундан мустасно.
Айни дамда компания даромади хизмат кўрсатиш ва комиссион тўловлари нархи 3 долларга тенг бўлган олиймақом (премиум) турдаги карталар ҳисобидан шаклланмоқда.
Рақамли ислом банкининг мобил иловалари ҳам мавжуд бўлиб, иловада намоз вақти эслатгичлари ва закот калкулятори каби ёрдамчи хизматлар, шунингдек, яқин атрофдаги масжидлар, намозхоналар ва ҳалол овқатланиш жойларини аниқлаш учун харита функцияси ҳам мавжуд.
Tayyab 2022 йилнинг биринчи чорагида, Қозоғистоннинг тобора кенгайиб бораётган электрон тижорат бозорига махсус илова-дастур – савдо платформаси орқали кириб боришни ҳам режалаштирмоқда. 2020 йилнинг тўққиз ойида Қозоғистонда электрон тижорат бозори ҳажми ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 93% га ошиб, 382 миллиард тенгени (896,05 миллион АҚШ доллари) ташкил этди, ушбу ўсиш асосан пандемия ва карантин даврларига боғлиқ.
“Tayyab тақдим этмоқчи бўлган платформа Амазонга ўхшаб кетади, платформада мобил телефонлар, телевизорлар, мебеллар каби улгуржи ва чакана маҳсулотлар сотилади. Биз шариатга мос бўлмаган маҳсулотларни сотмаймиз”, дейди Каменский.
Унинг фикрича, Tayyab учун асосий рақобат афзаллиги шундаки, илова ёрдамида маҳсулот сотиб оладиган харидорлар тўловларни шариат талабларига мувофиқ бўлиб-бўлиб амалга оширишлари мумкин.
ҚОЗОҒИСТОНДА ИСЛОМ БАНКЧИЛИГИ
Ҳозирда Қозоғистонда иккита ислом банки фаолият юритмоқда.
Ал-Ҳилол банки, Абу-Даби тижорат банкининг филиали бўлиб, шариатга мувофиқ омонатлар ва уй-жойларни молиялаштиришни таклиф қилмоқда, Заман банки эса чакана ва корпоратив мижозлар учун Музораба ва Вакала депозит ҳисобларини тақдим этиб келяпти.
Банк акциядорлари қаторига Ислом тараққиёт банкининг Хусусий тармоқни ривожлантириш Ислом корпорацияси ҳам киради.
Tayyab яқин орада Қозоғистон бозорига бошқа рақамли ислом банклари киришини ҳам тахмин қилмоқда.
Мамлакат бозорига кириши эҳтимоли энг юқори ўйинчи – бу Қатарнинг Masraf Al Rayan банки шуъбаси Al Rayan Investment томонидан иш олиб борилаётган рақамли ислом банки ҳисобланади. Ўтган йили Al Rayan Investment Остона халқаро молия маркази (AIFC)да тўлиқ рақамли ислом банки ташкил этиш ниятида эканлигини эълон қилган эди. Янги рақамли банкнинг устав капитали 10 миллион АҚШ доллари бўлиши кўзда тутилган.
Каменскийнинг сўзларига кўра, мижозлар кўпроқ Tayyabни танлашади. “Al Rayanнинг рақамли ислом банки каби бошқа ташкил этиладиган ислом банклари Дубай халқаро молия марказига ўхшаш бўлган Остона молия маркази (AIFC)да жойлашган бўлади. Биз мамлакат бозорида фаолият олиб бориш учун ўзимизга таянч қилиб, РБК Банк билан ишлашга қарор қилдик”, – дейди Каменский.
МУАММОЛАР
Қозоғистонда ислом молия бозори аста-секин шаклланмоқда ва очиқ банк инфратузилмаси ва финтек доирасида ишлайди, бу эса рақамли иқтисодиётни ривожлантириш бўйича мамлакатнинг умумий сиёсатига узвий боғлиқ.
Tayyab, шунингдек, Қозоғистонда ислом молияси тўғрисида етарлича маълумот мавжуд эмаслигидан ҳам қийинчиликларга дуч келиши мумкин. Каменскийнинг сўзларига кўра, Tayyabнинг шиори “оддий ва ҳалол” бўлиш, лекин мижозларга ислом банки ҳақида тушунча бериш қийин кечмоқда.
Бу каби қийинчиликларга қарамай, у Қозоғистоннинг Марказий Осиёда ислом молияси маркази сифатида локомотив бўлишига ишонади. “Ўзбекистонда (ислом молияси бўйича) кўплаб ишлар қилинаётган бўлса-да, Қозоғистон ўзини Марказий Осиёда ислом молия маркази сифатида кўрсатмоқда”, – дейди у. “Қозоғистон ҳукумати ислом молия саноатини қўллаб-қувватлаш ва ички ҳалол иқтисодиётини ривожлантиришга тайёр”.
ТУРКИЯ ВА РОССИЯ
Tayyab ички бозорни эгаллашдан ташқари, халқаро миқёсга чиқиш режаларига ҳам эга.
“Қозоғистон бизнинг биринчи ва маҳаллий бозоримиз, биз Туркияга 2022 йилнинг биринчи ярмида киришни режа қиляпмиз. Умид қиламизки, Рамазон ойида у ерда ҳам тижорат банкларидан бири билан ҳамкорликда ўз бизнесимизни бошлаймиз”, дейди Каменский.
Лойиҳа асосчисининг қўшимча қилишича, Tayyab 20 миллиондан ортиқ мусулмонлар яшайдиган Россия бозорига чиқишни ҳам режалаштирмоқда.
“Биз ҳозиргидек хизматлар кўрсатамиз: дебет карта тақдим этамиз, пул ўтказмалари ва тўловлар учун ариза қабул қиламиз”, дейди у. “Амазон каби платформа ва инвестициялар иккинчи босқичда бўлиши кутилмоқда.”
Олдинга назар ташлайдиган бўлсак, Tayyab келгуси олти-етти ой ичида ислом молияси тамойилларига мувофиқ равишда чакана молиялаштиришни бошлаши мумкин.
Шунингдек, икки-уч йилдан сўнг кичик ва ўрта бизнесни молиялаштиришни таклиф қилиши ҳам режалаштирилмоқда. Компаниянинг келгуси даромадлари савдо платформасидаги комиссиялар, ислом молиясига мувофиқ инвестициялар, фойда/зарар асосидаги ҳисобварақлар, Лондон фонд биржасида брокерлик компаниялари орқали сукук ва шариат талабларига мувофиқ акцияларни сотиб олиш натижасида олиниши назарда тутилмоқда.
Tayyab 2023 йилгача фойдага киришни умид қилмоқда.
Компания ҳозирда ривожлантирилмоқда ва Каменскийнинг сўзларига кўра, 2021 йил охиригача асосий ишларни якунлаш режалаштирилган. “Молиялаштириш Туркия ва Россияда харидорларнинг етакчи қисмини жалб этиш, савдо платформаси ва банкни жорий этиш харажатларини қоплашга сарфланади”, дейди Каменский.