Солиҳ/тақводор инсон деганда кимни кўз олдингизга келтирасиз?
Ҳойнаҳой кунига беш вақт намоз ўқийдиган, ҳафтасига бир ёки икки марта рўза тутадиган, тез-тез садақа берадиган ва ҳар куни Қуръон ўқийдиган кишини бўлса керак. Камчилигимиз шундаки, биз солиҳлик/тақводорликни ибодат қилиш билан боғлаймиз ва бошқа ҳеч нарса билан эмас. Бироқ, бу солиҳлик/тақвони жуда тор тушунишдир. Аслида солиҳ/тақводор инсон – бу ўзи ва бошқаларга манфаат келтирадиган ҳар қандай яхши амални Аллоҳ учун чин дилдан бажарадиган инсондир. Бу, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ривоят қилган қуйидаги ҳадисда ўз исботини топган: “Агар бир мусулмон бирор ўсимлик экса, ундан инсон ёки ҳайвон насибадор бўлса, у мусулмонга шунча нарсани садақа қилганнинг ажри берилади.” (Имом Бухорий). Аллоҳга солиҳ қул бўлиш учун самарали қул бўлиш лозим, нафақат маънавий жиҳатдан, балки жисмоний ва ижтимоий жиҳатдан ҳам.
Биз солиҳлик/тақво тушунчасини фақат ибодат қилиш билан чеклаб қўйганлигимиз сабабли, биз бу тушунчанинг муҳим жиҳати аҳамиятини камайтирамиз ёки умуман эътиборга олмаймиз. Аллоҳ таоло Қуръон каримда шундай марҳамат қилади: “Батаҳқиқ, Биз Зикрдан сўнг Забурда ҳам “Албатта, ерга солиҳ бандаларим меросхўр бўлурлар”, деб ёзган эдик.” (21:105) Ерни мерос қилиб олиш нимани англатади? Ерни мерос қилиб олиш, Аллоҳнинг ер юзидаги ҳақиқий вакили бўлиш ва уни (яъни ерни) яшаш учун янада яхшироқ жойга айлантириш демакдир. Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар қиёмат вақти келса-ю ва сизлардан бирингиз хурмо кўчатини ушлаб турган бўлсангиз, қиёмат соатига сония қолган бўлса ҳам уни экиб қўйсин”, дедилар. Қиёмат қойим бошланаётганда қилиниши керак бўлган амал бу ибодат қилиш ёки ёки садақа бериш керак деб ўйлашимиз табиий. Аммо, бу борада ҳам Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизга чинакам солиҳликни ўргатмоқдалар. Қиёмат келиб, бу дунё ҳаёти тугашига оз вақт қолганда ҳам бизнинг устувор вазифамиз, яшаб турган еримизни қўлимиздаги охирги кўчатни экиш билан бўлса ҳам яхшироқ маконга айлантириш экан.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров