Уламолар мусулмон ёлланма ишчини мусулмон бўлмаганлар ижарага олиши, яъни ишга ёллашини жоиз дейишса-да, баъзи бир меъёрларни қўйишган:
- Ишчининг бажарадиган иши мусулмон киши учун жоиз бўлиши керак.
- Хамр (маст қилувчи) нарсалар тайёрлаш, чўчқа боқиш каби ишларда ишлаш жоиз эмас. Агар мусулмон киши ғайридин билан шу каби шариатга зид ишларни бажариш учун шартнома имзолаган бўлса, шартномани дарҳол тўхтатиши керак, агар ишлаб, ҳақ олган бўлса, уни садақа қилиб юборади. Билмаганлиги туфайли аввал шу каби ишлар қилиб топган молиявий маблағларини садақа қилиши шарт эмас.
- Ҳанбалий олимлар наздида меъёр шуки, иш шахсий хизматдан бошқа бўлиши керак. Аммо агар ижара ғайридиннинг хизматида қоим бўлиш устига тузилган бўлса (яъни унга таом бериш, олдида қўл қовуштириб туриш каби), айрим уламолар бундай хизматларни жоиз эмас, дейишган. Чунки бунда мусулмон одам ғайридин олдида ўзини хорлаётган бўлади.
- Ҳанафий олимларимиз ушбу турдаги ақдни макруҳлик билан жоиз дейишган. Макруҳлиги ғайридинлардан иш сўраш хорлик исташдир, деб изоҳланган. Мусулмон киши ўзини кофирнинг хизматида туриб, ўзини хорлаши ёмон иш ҳисобланади.
Иш берувчи битта шахс ёки жамоа бўлиши мумкин. Агар бир шаҳар аҳли муаллим, имом ёки муаззинни ижарага олса, у ўша шаҳар аҳолиси учун хос ишчи бўлади.
Хос ходимнинг ижарасида муддатни тайин қилиш лозим. Муддатни ўша ходимнинг ишга қурби етадиган даврни назарда тутиб белгилаш керак. Моликийлар ишчининг ижара муддатини ҳатто 15 йилгача белгилаш жоиз, деганлар.
Хос ходим ўзига белгиланган вақтда ёки бу борадаги мавжуд урфга кўра иш бажариши вожиб бўлади. Иш зиммасидаги намоз ва рўза каби фарз ибодатлардан тўсиши мумкин эмас. Баъзилар суннат намозларни ҳам адо қилади, деганлар. Шу билан бирга, икки ҳайит намозидан ҳам ман қилинмайди. Агар масжид яқин бўлиб, бориб келиш кўп вақтни олмаса, унинг маошидан камайтирилмайди.
Хос ходим ёллаган одамдан бошқалар учун фақат ўша ижарага олувчининг изни билан ишлаши мумкин. Акс ҳолда унинг ҳақи бошқа учун ишлаган қиймати миқдорича камаяди.