2020 йилнинг ноябрь ойидан бошлаб Ўзбекистон Республикаси Марказий банки олтин қуймаларини тижорат банклари орқали сотилиши ҳақида маълум қилди.
Шу маълумотни эътиборга олган ҳолда, ислом динининг олтин билан муомала қилиш масаласига муносабатини ушбу мақоламизда кўриб чиқамиз.
Ислом фиқҳига кўра олтин пулнинг асосий кўринишларидан бири ҳисобланади ва мусулмон киши у билан муомала қилишда ислом динининг кўрсатмаларини билиши керак. Акс ҳолда динимизда қаттиқ тақиқланган рибо амалиётларига аралашиб қолиш мумкин.
Мана энди, олтин ва у билан муомала қилишга боғлиқ қоида ва кўрсатмаларни умулаштирган ҳолда эътиборингизга ҳавола қиламиз. Ушбу қоидалар AAOIFI (Ислом молияси соҳасида шариат стандартлари ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш ва тартибга солиш билан шуғулланувчи етакчи халқаро ташкилот) ва Жаҳон олтин кенгаши (World Gold Council) томонидан ишлаб чиқилган. Айтиб ўтиш керак, бугунги кунда олтин билан боғлиқ масалаларда турли ижтиҳодлар ва қарашлар мавжуд бўлиб AAOIFI томонидан қабул қилинган 57-стандарт ана шу масалаларга ойдинлик киритади ва кўплаб ихтилофларга ечим беради (Стандартни юклаб олиш: инглиз тилида; араб тилида; турк тилида)
Маълумки, олтин энг машҳур табиий бойлик ва қимматбаҳо металлдир. Ислом ҳуқуқшунослиги жиҳатидан олтин мислий (вазн билан ўлчанадиган) ва рибовий (бир жинсли маҳсулотларни айирбошлашда рибо қоидалари амал қиладиган) маҳсулот саналади. Шу сабабли у шариатнинг САРФ – пул айирбошлаш қоидалари асосида тасарруф қилиниши талаб этилади.
Олтин ва унинг савдосига боғлиқ асосий тамойиллар
1. Олтин савдоси қўлма-қўл (жойида, спот) амалга оширилиши керак. Бугунги кунда оммалашган форвард ва фьючерс деб аталувчи битимларни олтин олди-сотдисида қўллаш жоиз эмас. Олтинни қарзга сотиб олиш ҳам мумкин эмас, яъни тўловни амалга оширишни ҳам, олтинни етказиб беришни ҳам кечиктириш мумкин эмас.
2. Олтинга эгалик қилиш жисмоний (жисмоний назоратда) ёки конструктив* (қонуний назоратда) бўлиши мумкин. Шу орқали олтин билан боғлиқ бир қанча замонавий амалиётлар қилиш имконияти туғилади.
*Конструктив эгалик қилиш деганда мулк жисмоний жиҳатдан харидорга келиб тушмасада, сотувчи томонидан харидорга тасарруф этиш учун барча имкониятларнинг тўлиқ яратилиши тушунилади. Конструктив эгалик қилиш банк ҳисоб рақамига маблағлар келиб тушиши, мулкдорлик сертификат орқали, битим шартлариги кўра инвойс, йўл хати, чек, электрон хат орқали пайдо бўлиши мумкин ва мулкка бўлган ҳуқуқ ва хатарларни харидорга ўтганини англатади. Конструктив эгаликдан мақсад йўлкира харажатларини камайтириш, жараёнларни самарадор қилиш бўлиши мумкин. Шариат бундай эгалик қилишни тақиқламайди, урфга кўра амалга оширилишга рухсат беради. Олтинга жисмоний эгалик қилиш уни қўлга олишни ва истаганича тасарруф қилишни англатади. Олтинга конструктив эгалик қилинганда эса у банкда ёки бошқа хавсиз жойда сақланиши мумкин, олтин эгасининг талабига кўра исталган вақтда олтинни у ердан олиш имконияти мавжуд бўлиши лозим.
3. Олтинга қонуний (конструктив) эгалик қилинганда у тўлиқ тасарруф қилиниши лозим. Тасарруф қилиш имконияти бўлмаган олтин билан муомала қилинмайди. Олтинга эгалик фақат қоғоз ёки электрон кўринишдагина тасдиқланган (яъни реал олтин билан боғлиқ бўлмаган, фақат олтиннинг бозордаги нархига қараб ҳисобдаги пул миқдори ўзгариб турувчи), ҳақиқий олтин билан таъминламаган биржа амалиётларини қилиш жоиз эмас.
4. Олтинни тасарруф қилиш ўша савдо кунининг ўзида амалга оширилиши, эгалик қилиш тўғрисидаги хабар (масалан электрон хат ёки эгаликни тасдиқловчи гувохнома) орқали тасдиқланиши лозим. Амалиётларни биржада бажариш, тўлов ва эгаликни қўлга киритиш дарҳол ёки бир куннинг ўзида амалга оширилиши “Т+0” деб юритилади. Олтин билан бўладиган амалиётлар айнан Т+0 кўринишида бўлиши лозим. Эгалик ёки тасарруф қилиш ҳуқуқи тасдиқланмаган олтин билан амалиёт қилиниши жоиз эмас, чунки ислом молияси қоидаларига кўра бирор нарсани сотиш учун унга эгалик қилиш зарур. Олтин сотиб олаётган киши тўловларни кечиктириши мумкин эмас, аммо ҳисоб-китоб (клиринг) марказидаги ҳолатлар, дунёнинг турли соат минтақаларидаги фарқлар, ҳамда бошқа турли техник сабаблар каби, кишининг ўзига боғлиқ бўлмаган сабаблар албатта бундан мустасно, (Т+2 амалиётлари ҳақида Форекс тўғрисидаги мақолада батафсил ёзилган).
5. Олтинга қўшма эгалик қилиш жоиз ҳисобланади. Фақат бундай ҳолатда умумий олтиндаги ҳар бир шерикнинг улуши аниқ белгиланиши талаб қилинади.
Олтин билан боғлиқ шариатга мос инвестиция, маҳсулот ва амалиётлар
AAOIFIнинг юқорида айтиб ўтилган олтин билан боғлиқ стандартига кўра шариатга мос келувчи бир қанча амалиёт, сармоя ва маҳсулотлардан фойдаланиш мумкин. Барча ҳолатларда олтин жисмонан мавжуд бўлиши ва тўлиқ тасарруф қилиниши талаб этилади. Бундай амалиётларнинг баъзилари қуйидагилардир:
Чакана ёки кичик ҳажмдаги амалиётлар:
- олтин инвестиция ҳисоб рақамлари – банк ёки бошқа турдаги молия муассасалари орқали вақти-вақти билан сотиб олинадиган олтин. Бунда олтин эгаси томонидан тўлиқ тасарруф этилади ва ушбу муассасаларда хавфсиз сақланади. Олтин, унинг эгаси истаги ва кўрсатмасига кўра муассаса тарафидан тасарруф қилинади. Мижознинг талаби билан олтинни олиш имконияти бўлади.
Улгуржи ёки катта ҳажмдаги амалиётлар:
- Биржа инвестиция жамғармалари (ETF – exchange-traded funds) томонидан амалга ошириладиган битимлар – алоҳида жисмоний шахслар ёки молия муассасаларининг сармоядорлари (институционал инвесторлар) томонидан биржаларда жисмоний мавжуд бўлган олтин билан амалга ошириладиган битимлар;
- Олтин билан қўлма-қўл (спот) битимлар – заргарлик корхоналари, ва/ёки сармоядорлар тарафидан катта ҳажмдаги олтинни сотиб олиш ва етказиб бериш билан боғлиқ битимлар;
- Олтин асосидаги СУКУК (Ислом молияси қимматли қоғози) орқали амалга ошириладиган битимлар.
Шунингдек, юқоридаги стандартда олтин билан боғлиқ гаров (РАҲН), бўнак/олдиндан тўлов (ҲАМИШ ЖИДДИЯ) каби бошқа баъзи амалиёт турлари кўриб чиқилган.