Шариат мақсадлари ва бойлик
Барчага маълумки шариат мақсадларидан бири бу мусулмонларнинг ўзига тўқ бўлиши. Ушбу ҳолатни таъминлаш учун шариат мақсадларининг амалий жиҳатлари қуйидагилар:
- Шариатда ҳалол бойлик даражасини кўтариш. Руҳсат берилган йўллар орқали даромад топиш услубларини кўпайтириш ва янги ислом молия маҳсулотларини жорий қилиш.
- Инсонларни керакли ўринларда ибодатдек меҳнат қилишга рағбатлантириш. Албатта, Аллоҳ субҳанаҳу ва таоло ҳар бир инсонга жамиятга манфаат келтирувчи бир касбни тақдир қилиб беради. Ушбу касбни Роббиси тарафидан неъмат ҳисоблаб, унга ҳудди ибодатга ёндошгандек муносабатда бўлиш, сабр ва қаноат ила виждонан бажариш бу неъматнинг шукронаси бўлади.
- Инсонлар бойлигини такафул (Ислом суғуртаси) тизими ёрдамида ҳимоя қилиш. Шундай қоида ва тамойиллар борки улар мусулмонларнинг ҳалол меҳнат билан топилган мулкларини юқори даражадаги хатарлардан ҳимоя қилишга қаратилган.
- Бойликни закот ва садақа каби молиявий ибодатлар орқали поклаш. Барчамизга маълумки мусулмон закот ва садақа бериш орқали ўз мулкини ундаги бошқа шахсларнинг ҳаққидан тозалайди. Бу амал эса ўз навбатида уша инсоннинг молида барака бўлиши ва ризқи кўпайишига олиб келади.
- Жамиятга ҳалол/қонуний даромад келтириш ва уларни уммат/жамият ривожи йўлида ишлатиш. Яъни жамиятда фақат ҳалол-пок маблағлар айланмасини таъминлаш.
Шариат мақсадлари ва молиявий режалаштириш.
Ислом шариатининг молиявий режалаштиришга таъаллуқли асосий тамойиллари қуйидагилардир:
- Бойликни кўпайтириш ва турли тақиқланмаган йўналишларга сармоя киритиш.
- Маблағларни пухта ишланган молиявий режа ва тўғри бошқарув ёрдамида айлантириш.
- Иқтисодиётда шаффофликни таъминлаш.
- Мусулмонларга молиявий жабр ва турли машаққатлар етишини бойликни тўғри идора қилиш орқали олдини олиш.
- Иқтисодий-молиявий фаолиятда адолатни таъминлаш.
- Юқоридаларни амалга ошириш учун бойликни ҳимоя қилиш ва сақлаб қолиш.
Шариат мақсадлари ва ислом банкчилиги
Шариатнинг анъанавий банкларга муқобил равишда ислом банк тизими ташкил қилишдан мақсадлари қуйидагилардир:
- Молиявий истиқболни ҳимоя қилиш учун мулкни сақлаш ва кўпайтириш имкониятларини яратиш;
- Турли савдо фаолиятларини тўхтовсиз молиялаштириш имконияти яратиш мақсадида (яъни ликвидликни таъминлаш учун) жамғармалар ташкил этиш;
- Маҳаллий ва халқаро савдо бозорларини, сотувчи ва харидорларни ўзаро боғловчи савдо-майдонлари ташкил қилиш;
- Шариат доирасида бойликларни иқтисодиётда айланиш жараёнларини кучайтириш жараёнини келтириб чиқарувчи ҳамда уларнинг хатар даражасини туширишга қаратилган молиявий маҳсулотлар ишлаб чиқиш ва жорий қилиш.
Юқоридаги тамойиллар жамиятнинг кундалик иқтисодий-молиявий муносабатлари доирасида татбиқ қилинган тақдирда, шариатнинг асосий мақсадларидан бири – мусулмоннинг мол-мулкини ҳимоя қилиш амалий жиҳатдан юзага келган бўлади.