Инсонлар ўртасида кундалик муомала жараёнларида, хусусан савдода кўп учрайдиган амаллардан бири қасам ичишдир. Аксарият ҳолларда савдо-сотиқ фаолиятида сотувчилар тарафидан қасам лафзлари кўп ишлатилишига гувоҳ бўламиз. Албатта, бу ишдан мақсад сотувчи томонидан ўз маҳсулотини тезроқ сотиш учун (яъни қасам ичиб харидорнинг ишончига кириш орқали) молини мақташ ва/ёки нархини ошириш кўзда тутилади асосан.
Мумтоз фиқҳий манбаларда қасамга оид масалалар “Китабул Айман”, “Қасамлар китоби” деб номланувчи бобда келади. Қасам сўзининг шаръий истилоҳдаги маъноси бу – Аллоҳ таолонинг исми ёки У зотнинг сифатларидан бирини зикр қилиш ила эҳтимоли бор бир ишни таъкид қилишдир.
Қасамнинг сабаби – қасам ичувчи ўзининг ростгўйлигини тингловчи қалбига сингдиришдир.
Қасамнинг шарти – қасам ичувчининг мукаллаф (вояга етган ва ақлан етук) бўлишидир.
Қасамнинг рукни – қасам ҳосил бўладиган лафздир (масалан, “Валлоҳи” ёки “Биллаҳи”, яъни Худо ҳаққи).
Қасамнинг ҳукми – унинг амалга ошишида яхшилик бўлиши ва амалга ошмаганида каффорат берилишидир.
Савдода ўз гапини тасдиқлаш учун қасамхўрликдан қайтарилган.
Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда:
“Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Қасам молни ўтказувчи, баракани кетказувчидир”, – дедилар.
Саҳобалардан Файруз ад-Дайламий шундай дейди: “Савдода “Валлоҳи ундай, биллаҳи бундай” деб қасам ичган кишиларга ва ҳунармандлардан “Эртага кел, индинга кел”, деб сўзида турмаганларга хайф бўлсин!”.
Тўғри бўлса ҳам кўп қасам ичиш Аллоҳ таолонинг исмига ва қасамга нисбатан одобсизлик ҳисобланади. Юқоридаги ҳадиси шарифда айтилганидек қасам сотилаётган молни тезроқ кетишига сабаб бўлиши мумкин, аммо шу билан бирга кўрилаётган даромаднинг баракасини ҳам кетказиши мумкин. Демак, кўп фойда кўриш эмас балки фойданинг баракали бўлиши муҳим. Барака бу – нарсанинг миқдори ёки унга сарфланган хатти-ҳаракатга нисбатан фойдасининг кўпроқ бўлиши, кўп ишга яраши ёки давомий бўлиши деганидир. Ёлғон нарса учун қасам ичиш ва ҳийла ишлатиш эса ҳаром амалдир.
Шу билан бирга савдода қасам ичиш рухсат этилган ўринлар ҳам мавжуд. Масалан, салам ёки истисна битимларида сотувчи молни келишилган вақтда харидорга сифатли қилиб етказиб беришга ваъда беради ва келажакда бажарадиган амали учун қасам ичиб, харидорни ишонтиради. Бироқ қасамида турмаса, қасамхўр бўлади ва гуноҳ содир этган ҳисобланиб, каффорат бериши вожиб бўлади.
Араб тилида “каффорат” сўзи бир нарсани яхшилаб беркитишга айтилади. Шаръий истилоҳда эса, содир этилган гуноҳни ювиш учун адо этиладиган молиявий ибодатга нисбатан айтилади.
Аллоҳ таоло марҳамат қилади:
«Аллоҳ сизларни беҳуда қасамларингиз учун тутмайди. Лекин қасд ила туккан қасамларингиз учун тутади. Бас, унинг каффорати ўз аҳлингизни ўртача таомлантириш миқдорида ўнта мискинга таом бериш ёки уларга кийим бериш ёхуд бир қул озод қилишдир. Ким топа олмаса, бас, уч кун рўза тутсин. Ана ўша, агар қасам ичган бўлсангиз, қасамингизнинг каффоратидир. Қасамларингизни муҳофаза қилинг. Аллоҳ сизга шундай қилиб ўз оятларини баён этади. Шоядки, шукр қилсангиз» (“Моида” сураси, 89-оят).
Демак, ичган қасамини бузган инсон адо этиши вожиб бўлган каффорат қуйидагилар экан:
- Ўнта мискиннинг қорнини тўйдириш ёки уларга бир сидра кийим олиб бериш;
- Бир қул озод қилиш;
- Уч кун рўза тутиш.
Ушбу каффоратлар кетма-кет тартиб сақланган ҳолда, аввал биринчиси амалга оширилади, агар аввалгисини амалга оширишнинг иложи бўлмаса сўнг кейингисига ўтилади (албатта, бугунги кунда қул озод қилиш очиқ-ойдин сабабларга кўра имконсиз, шунинг учун 1 ва 3 шартлар амалга оширилади). Бир марта каффорат адо этган шахс ҳар гапини гапиришдан ва Аллоҳ таолонинг номи ила қасам ичишдан олдин ўн карра ўйлаб кўрадиган бўлади ва атрофидагиларга ҳам ибрат бўлади.