Келишув ва шартномалардаги шарт бу бирор мажбурият қўйиш ёки мажбуриятни зиммага олишдир. Савдо амалиётларида шартлар икки тоифага бўлинади:
Битим шартлари (شروط البيوع) – битим кучга эга бўлиши учун қўйилган шариат талаблари (شرط الشرعي);
Битимнинг ичидаги шартлар (شروط في البيوع) – битим томонлари ўз манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қўйган шартлар (شرط جعلي).
Биринчи шартга мисол: сотувчи молни (маҳсулотни) фақатгина эгаликни (молга нисбатан) қўлга киритгандан сўнггина сотиши мумкин. Бу шариат талаби.
Иккинчи шартга мисол: сотувчи “мен сизга шу уйни сотаман, фақат сотиб бўлганимдан кейин унда яна бир ой яшаб тураман” деб шарт қўйиши мумкин – бу битим доирасидаги (томонлардан бири томонидан қўйилаётган) шартдир.
Битим доирасидаги шариат талаблари бажарилмаса бундай келишув ботил / кучга эга эмас деб ҳисобланади. Аммо битим доирасида томонларнинг ҳеч қандай шарт қўймаслиги келишувни бекор қилмайди.
Демак, битим доирасидаги шариат талаблари доимо амал қилади, яъни улардан бирортасининг бажарилмаслиги ҳам келишувни ботил қилади. Битим томонлари қўядиган шартлар эса тўғри (ҳуқуқий кучга эга) бўлиши ҳам, фосид* бўлиши ҳам мумкин.
Масалан, сотувчи сотилаётган бинода тунги клуб очиш шартини қўйиши мумкин. Аммо бу шарт битимни ботил қилади.
Шундай қилиб, келишув шартларининг асоси рухсат этилганлик ва саҳиҳлик ҳисобланади. Фақатгина келишув шартларининг тақиқланганлиги юзасидан далил/исбот бўлсагина бундай келишув ботил ёки фосид саналади. Агар келишувда уни фосид қилувчи шартлар бўлмаса, у ҳолда томонлар “Мусулмонлар ўз аҳдларига вафо қиладилар, илло ҳаромни ҳалол қиладиган ёки ҳаромни ҳалол қиладиган шартлар бундан мустасно” деган маънодаги ҳадисга (“Сунани Термизий”, 1352) биноан битимда кўзда тутилган шартларни бажаришлари лозим бўлади.
Шу сабабли, битимда томонлардан бирини чеклайдиган муайян шартларнинг мавжуд бўлиши мумкин, албатта агар шундай шартнинг қўйилишига қарши аниқ сабаб/далил бўлмаса.
Рухсат этилган нарсанинг чекланиши ҳалолни ҳаром қилишга кирмайди. Масалан, уй-жой сотилгандан кейин унда яна бир ой давомида яшаб туриш шарти шартномани ботил (ҳаром) қилмайди, бу, томонлар рози бўлиб келишган ва шариат томонидан тақиқ қўйилмаган шарт ҳисобланади.
Битимлардаги асосий нарсалар – рухсат этилганлик, саҳиҳлик ва келишув шартларини бажариш мажбуриятидир (لزوم الوفى).
Шартлар бажарилишининг мажбурийлиги, уларнинг қайси вақтда қўйилганлигига боғлиқ ва бу қуйидагича бўлиши мумкин:
- шартлар битим тузилгунга қадар қўйилади;
- шартлар битим тузилаётган вақтда қўйилади;
- шартлар битим тузилгандан сўнг қўйилади.
Масалан, бир киши автомашинасини сотса ва уни сотиб олган одамга: “айтиш эсимдан чиқибди, мен машинани сотгандан кейин яна бир ҳафта давомида хайдаб юрмоқчи эдим” – деса, бундай шартнинг бажарилиши мажбурий бўлмайди.
Агар томонлар битимни тузишдан олдин сотувчи машинадан яна бир муддат фойдаланиб туради деб келишган бўлсалар, аммо ушбу шарт шартномага киргазилмай қолиб кетган бўлса ёки битим тузиш вақтида бу шартни айтмаган бўлсалар ва сотувчи битим тузилгандан сўнггина бу шартни эслатса – ушбу ҳолат юзасидан олимларнинг ихтилофи мавжуд. Аммо олдиндан келишилган шартларга амал қилинади ва бундай шартлар бажарилиши лозим деган фикр кучли ҳисобланади.
Ва албатта, битим тузиш вақтидаги томонлар муҳокама қилган ва келишган / рози бўлган шартларни бажариш мажбурий ҳисобланади.
Қандай шартлар битим ва келишувларни ботил (شرط باطل) қилади?
Икки ҳолатни кўриб чиқамиз:
1. Шартлар битимнинг мақсад/моҳиятига зид бўлса, яъни шартнинг бажарилиши шартномадан кўзланган мақсадни ҳосил қилмайдиган ҳолатга олиб келса (مقصود العقد). Масалан, киши автомашинасини сотса ва харидорга уни ижарага беришни ёки оила аъзолари хайдашини таъқиқловчи шартларни кўйса, у ҳолда бу (таъқиқ) шартноманинг туб мақсад-моҳиятига зид бўлади.
2. Шартлар шариат мақсадларига қарама-қарши бўлса (مقصود الشارع), яъни шартномаларда Аллоҳнинг амрларига тескари бўлган шартлар мавжуд бўлса. Бунда 3 хил ҳолат бўлиши мумкин:
a. бундай шартнинг мавжудлиги натижасида таъқиқланган (ҳаром) амал пайдо бўлса;
b. қўйилган шартни бажариш вожиб амални тарк этишга олиб борса;
c. шариат аҳкомларига зид, тескари бўлса
Бунга баъзи мисолларни келтирамиз:
(а) сотувчи бинони сотиши ва унинг бир қисмида тунги клуб ташкил қилиш шартини қўйиши;
(б) сотувчи машина сотиши ва харидорга унда ота-онасини олиб юришни тақиқлаши (ота-онага яхшилик қилиш – силаи раҳмдан тўсиш);
(с) бир одам дўкон сотиб, унда маст қилувчи ичимликлар сотиш шартини қўйиши.
Савол: юқоридаги каби шартлар қўйилса битимнинг фақат шу шартлари фосид бўладими ёки битим тўлиғича кучдан қолган ҳисобланадими?
Жавоб: бундай шартни қўйган томон шариат аҳкомларини билиш-билмаслигидан қатъий назар бундай келишув кучга эга деб ҳисобланади ва бажарилиши мажбурий саналади, фақатгина фосид шарт бекор қилинади.
Яна бир савол: шартларнинг тўғрилик (саҳиҳлик) / рухсат этилганлик мезонлари қайсилар (الشرط الصحيح)?
1. Тўғри шарт манфаат келтирадиган бўлиши лозим.
2. Бундай шартни шартлашмасдан туриб ҳам бажариш мумкин бўлиши лозим.
Агар қўйилган шартни бирор томон бажармаса нима бўлади? Бунда икки хил йўл тутиш мумкин:
1. Шартномани бекор қилиш (حف الفسخ) ёки
2. Қўйилган шартдан воз кечиш мумкин.
* Фосид (бузуқ) – асли шаръий, шарти/сифати эса ношаръий. Бошқача қилиб айтганда, фосид савдо савдо қилишга лойиқ шахс томонидан, савдо моли бўлишга лойиқ нарса устида қилинади. Аммо унга ношаръий нарса (шарт, сифат) аралашган бўлади.
Сулаймон Ар-Руҳайлийнинг “Савдога оид фиқҳий қоидалар” китоби асосида тайёрланди