Лаёқатлилик қуйидагилар билан белгиланади:
Савдо битими тузаётган одам ҳур (1), вояга етган (2), ақли расо (яъни, ақлдан озган бўлмаслиги керак) (3), оқил (эс-ҳушли, ақл-идрокли) (4) бўлиши лозим.
Нега ислом ҳуқуқи нуқтаи назаридан инсон вояга етган бўлиши керак? Чунки ёш (вояга етмаган) боланинг ақл-идроки ҳали тўлиқ шаклланмаган бўлади. Шунингдек, инсон нафақат вояга етган, балки мол-мулкни тасарруф қилиш учун ақли расо ҳам бўлиши керак.
Нима учун бу муҳим? Чунки савдо битимида икки тарафнинг розилиги талаб этилади. Агар бир тараф етарли даражада оқил бўлмаса унда унинг розилиги тўлиқ бўлмайди. Шундай қилиб, ақлдан озган ёки вояга етмаган бола тузган битим уларнинг ақл-идроки тўлақонли бўлмагани туфайли ҳуқуқий жиҳатдан кучга эга бўлмайди.
Баъзи олимлар қуйидаги уч ҳолатда (истисно тариқасида) вояга етмаган бола ёки ақлдан озган киши битим тузиши мумкин дейишади:
– агар битим тузилиши унга (яъни ақлдан озганга ёки ёш болага) васий бўлган кишининг розилиги / рухсати билан амалга оширилаётган бўлса ва ушбу битим тузилиши натижасида бирор жиддий оқибатлар келиб чиқмаса. Васийлар одатда бундай битимларни болани ёки ақлдан озган кишини синаш учун тузишга рози бўлишади (яъни, бола қай даражада вояга етганлигини ёки ақлдан озган киши соғайган-соғаймаганлигини текшириш учун).
– агар битим арзимас нарса устида бўлаётган бўлса (масалан, ёш бола дўкондан ўйинчоқ ёки ширинлик сотиб олиши).
– агар битим бирор жуда зарур нарса устида бўлса (масалан, оч қолган боланинг ўзига овқат сотиб олиши).