Бирор томонга ёки томонларга, ёхуд умуман кишиларга зарар етказиши мумкин бўлган ҳар қандай битим ботилдир. Зеро, зарарга тааллуқли умумий қоида қуйидагичадир: агар хали зарар етмаган бўлса, унинг олди олинади. Зарар етган бўлса, бартараф этилади. Фақат ундан ҳам каттароқ зарарни бартараф этиш/олдини олишга қаратилган зарар бундан мустаснодир.
Пайғамбаримиз солаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қилганлар: “Зарар етказиш ҳам, зарарга зарар билан жавоб қайтариш ҳам йўқ”. Яъни, ўзгаларга зарар етказиш ҳам, ва бошқалар етказган зарарга жавоб тариқасида зарар етказиш ҳам тақиқлангандир. Ушбу ҳадис асосида фиқхнинг 5 асосий қоидасидан бири – “Зарар кетказилади” қоидаси ишлаб чиқилган.
Мана энди, зарар мавжудлиги туфайли ислом ҳуқуқшунослиги (фиқҳ)да тақиқланган айрим битим турларини кўриб чиқсак:
– бадавийлар (яъни, четдан келганлар) молини маҳаллий тожирлар сотиб олиши;
– карвонни (молни бозорга кирмасидан аввалроқ сотиб олиш учун) кутиб олиш;
– бировнинг савдоси устига савдо қилиш;
– айбли мол савдоси ёки ёлғон аралашган савдо.
Биринчи ҳолатдаги савдонинг тақиқланганлиги, шаҳар аҳолиси мусофир бадавийлар даллоллик қилиши, яъни, маҳаллий аҳоли четдан келган тожирларнинг молини харид қилиб, ўз бозорларида сотишлари нарх-навонинг ўсишига олиб келиши билан боғлиқ. Чунки даллол мол нархи устига ўз устамасини қўяди ва табиийки бу мол нархини оширади ва охир оқибат аҳолига оғир бўлади. Агар деҳқон қишлоқдан ўзи етиштирган маҳсулотини шаҳар бозорига олиб келиб сотса нарх анча паст бўлиши шубҳасиз.
Хуллас, шаҳарлик савдогар шаҳарга келган мусофирнинг маҳсулотини бозорда сотиш учун харид қилиши ман этилган.
Баъзилар, “агар шаҳарлик четдан келган деҳқон ёки тожирнинг молини қиммат сотиб олса у ҳолда деҳқон кўпроқ даромад олган бўларди” дейишади, бундай дейдиганларга жавоб қуйидагича: фиқҳда “катта зарарни олдини олиш учун кичик зарарга йўл қўйилади” деган қоида бор, шунга кўра четдан келган деҳқон бироз камроқ фойда кўрса ҳам, маҳсулот кўпчилик учун қимматлашмайди.
– Карвонни кутиб олишнинг ман этилиши. Ушбу тақиқ олиб-сотарларнинг ташқаридан келаётган карвонларни шаҳарга, маҳаллий ҳудудга кираверишда кутиб олиш ҳолатларига тааллуқлидир.
Ушбу тақиқдан муддао нима? Гап шундаки, мусофир тожирлар ҳудуд ичига кирмасалар, маҳаллий бозордаги нарх-навони билмайдилар ҳамда далоллар гапига ишониб, молларини уларга арзон нархга бериб юборишлари мумкин. Демак, зарар кўрадилар. Бу шаҳар аҳолисига ҳам зарар келтиради, чунки мусофирларнинг молини харид қилган савдогарлар катта миқдорда устама қўйиб, аҳолига қиммат нархда сотадилар. Даллоллар ташқаридан келган молни бозор нархида сотиб олган тақдирда ҳам, улар қўйган устама ҳисобига маҳсулот маҳаллий аҳолига қимматга тушади, шу боис бундай савдо ман қилинган.
Шундай қилиб, бу икки тақиқнинг асосий мазмун-моҳияти қуйидагичадир:
– Мусофир тожирларнинг маҳаллий бозор нархларини билмасликлари оқибатида уларга моддий зарар етиши;
– нарх-навонинг сунъий равишда кўтарилиши ҳисобига маҳаллий аҳолига зарар етиши.
Бироқ, ушбу савдо оқибатида маҳаллий аҳолига ҳам (нарх-навони сунъий равишда кўтарилмаслиги), мусофир тожирларга ҳам (улар бозор нархларидан бехабарлигидан фойдаланмаслик, молини атайин паст нархда сотиб олмаслик) зарар етмаса, бундай савдо битими жоиздир. Яъни, тақиқланганлик (таҳрим) ёки рухсат берилганлик (жоизлик) битим оқибатида зарар етиш-етмаслигига боғлиқ. Аммо маълумки, бирор ниманинг ман этилиши уни ботилга чиқармайди. Шунингдек, фиқҳда битимнинг жоизлиги (جواز) ва ҳақиқийлиги (صحة) орасидаги фарқ кўрсатилган. Яъни, битим ножоиз бўлган ҳолда ҳам ҳақиқий бўлиши ва амал қилиши мумкин.
Келинг энди, четдан келган тожирнинг нарх-навони билмаслигидан фойдаланиб, унинг молини арзон-гаров харид қилган олиб-сотар ҳолатини кўриб чиқамиз. Бундай келишув тақиқланган/ҳаромдир. Аммо айни вақтда, агар савдонинг барча шартлари бажарилган бўлса, бундай битим ҳақиқий ҳисобланади. Шу билан бирга, мусофир тижоратчи ўзининг алданганлигини билиб қолса ва буни исботлай олса, унда у келишувни бекор қилиш ҳуқуқига (خيار) эга бўлади. Шунга кўра, олган пулини қайтиб бериб, молини қайтариб олишга ҳақлидир.
– Мусулмон биродарининг савдоси устига савдо қилиш, аввал айтилганидек бошқа тарафга зарар етказади ва зиддиятлар келтириб чиқаради.
– Айбли молни сотиш ёки ёлғон аралашган савдо.
Абу Ҳурайра (р.а)дан ривоят қилинган ҳадисга кўра, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам бозорда буғдой (дон) уюми ёнидан ўтаётиб, қўлларини ғалла орасига тиқдилар. Қўлларига намлик теккач: “Эй, буғдой эгаси! Бу нимаси?!” дедилар. “Ёмғир теккан эди, эй Аллоҳнинг Расули”, деди сотувчи. Расулуллоҳ салаллоҳу алайҳи ва саллам: « Одамлар кўришлари учун буни (нам жойини) устига чиқариб қўйсанг бўлмасмиди?! Ким алдаса, мендан (биздан) эмас», дедилар (Имом Муслим ва Имом Термизий ривоят қилишган).
Яъни, сотувчи намиққан маҳсулотнинг устига қуруғини ташлаб, молининг айбини кўздан яширган. Шунинг учун ҳам бундай кўзбўямачилик динимизга зид экани борасида Пайғамбаримиз алайҳиссалом эслатганлар.
Уқба (р.а)дан ривоят қилинишича, Пайғамбаримиз салаллоҳу алайҳи ва саллам: “Мусулмон мусулмонга биродардир. Мусулмон айбли молининг айбини айтмасдан/билдирмасдан мусулмон биродарига сотиши ман қилинади” (Ибн Можа, Ҳаким, Байҳақий ривоят қилишган).
Демак, молнинг айби бўлса, буни харидорга билдириш лозим. Маҳсулот сифатини бўрттириб мақташ ёхуд унда йўқ жиҳатлар билан далолат қилиш ман қилинади. Бундай савдо битими ҳақиқий ҳисоблансада, худди аввалги мисолда келтирилганидек, харидорда битимни бекор қилиш ҳуқуқи бўлади.
Яна бир мисол, кишининг соғин моли (туя, сигир, қўй) бор ва у бир неча кун давомида уни атайин соғмасдан, елини тўлиб туришига эришади ва сотиш учун бозорга олиб чиқади. Одамлар бу жониворни кўриб, уни серсут экан деб ўйлашади ва бунга алданиб харид қилишади. Кейин эса, жонивор кутилганидан анча кам сут бериши натижасида харидорнинг алданиб қолгани маълум бўлади.