Учинчи қоида: “Ният ва мақсадлар шартномаларга таъсир кўрсатади”.
Ният ва мақсадлар шартноманинг жоизлилиги ёки унинг ҳақиқийлигини белгилайди аслида. Агар асл ният/мақсад бошқа эканлиги маълум бўлиб қолса, у ҳолда бу, битим юзасидан чиқариладиган ҳукмга таъсир қилади. Аммо, агар асл ният/мақсад очиқ-ойдин ошкор бўлмаса, у ҳолда бундай шартноманинг ҳукми Аллоҳга ҳавола қилинади, яъни зохиран (бошқа томон учун) ушбу шартнома ҳуқуқий кучга эга ҳисобланаверади (ботини Аллоҳга ҳавола).
Бу қоида билан бундан олдинги қоиданинг ўртасида қандай фарқ бор? Иккинчи қоидада, агар шартноманинг маъноси ва ифодасида фарқ бўлса, у ҳолда эътибор маънога қаратилади дейилади. Бу қоидада эса асосий эътибор, битим юзасидан ҳукм асл ният/мақсад асосида чиқарилишига қаратилмоқда (албатта агар асл мақсад маълум бўлиб қолса).
Бунга мисол тариқасида ҳазил асосидаги битимни келтириш мумкин. Масалан икки киши ҳазиллашиб, бири иккинчисига мана шу 40 000 доллар турадиган машинамни сизга 10 000 долларга сотдим деса, иккинчи одам мен қабул қилдим деб ўша айтилган пулни олиб келиб берса ҳам ушбу битим ботил ҳисобланади, чунки томонлар бу ҳазил эканлигини тушунишади.
Яна бир ботил битим بيع التلجئة мажбурий савдодир. Масалан адолатсиз бир раҳбар бошқа бировнинг мулкига эга чиқмоқчи. Ўша одам ўз дўстига мурожжат қилиб ундан ўша мулкни сотиб олишни илтимос қилади. Гарчи томонлар олдим-бердим деган бўлсалар ҳам бундай савдо исломда ҳақиқий ҳисобланмайди (яъни кучга эга эмас).
Тўртинчи қоида. “Савдо шартномаси фақатгина томонларнинг розилиги билан тузилиши мумкин”.
Савдо шартномасида томонларнинг розилиги (айрим муайян истисно ҳолатларидан ташқари), савдо шартномаси кучга эга бўлишининг умумий қоидасидир.
Томонларнинг розилиги қуйидагиларга оиддир:
- шартнома мавзусига, яъни томонлар (фақат бир томон эмас) нима ҳақда шартнома тузаётганлиги / нимага келишаётганлигига.
- тузилаётган шартноманинг натижаларига, яъни ушбу шартнома тузилиши натижасида нима (қандай натижа) келиб чиқади / ҳосил бўлади (албатта бунда шартнома ва унинг натижаси ислом ҳуқуқига зид бўлмаслиги лозим).
Ушбу икки масала бўйича розилик кучга эга бўлиши қуйидагиларга боғлиқ:
- томонлар шариат ботил қилган келишувга рози бўлишлари ножоиз (масалан сотувчи ўзида бўлмаган молни сотишига томонлар рози бўлиши мумкин эмас);
- келишув, шартноманинг асосий мақсадига зид бўлиши мумкин эмас. Масалан бир киши, “мен сизга шу уйни сотаман, аммо сиз бу уйдан бир йилгача фойдалана олмайсиз”, дейиши мумкин эмас, хатто бу шартга иккинчи томон рози бўлса ҳам. Чунки харидор ўзи сотиб олган мулкнинг эгасидир ва у шу мулкни ўзи хоҳлагандек тасарруф қилиш ҳуқуқига эга;
- келишув бўйича розиликни бекор қилувчи бирорта шаръий сабаб бўлмаслиги керак. Масалан ноинсоф қарздор уй бўйича мажбурий тўловларни амалга оширмаган бўлса (масалан сув ва табиий газ бўйича) суд қарздорни унинг мулкини сотиб мавжуд қарздорликни ёпишга мажбур қилиши мумкин. Албатта бунда қарздорнинг розилиги шарт эмас, чунки бу ерда бошқаларнинг ҳуқуқини ҳимоя қилиш зарурати бор.
Ёки бирор бир маҳсулотни кўп миқдорда сотиб олиб, нархларни кўтариш учун сунъий равишда “талаб”ни кучайтирувчи монопол корхоналарни давлатнинг мутасадди ташкилотлари жазолаб, олинган маҳсулотларни мажбуран соттириши мумкин.
Розилик қуйидагича билдирилади:
- очиқ-ойдин айтилган сўзлар орқали;
- сукут сақлаш орқали (яъни “сукут – розилик аломати”). Бунда норозилик очиқ ойдин сўзлар орқали ифода қилинади, розилик эса сукут орқали билдирилади.