Ушбу мақолада Дар аш-Шарианинг Қурилиш (истисна) шартномасида муддат кечиктирилгани учун жарима қўллаш масаласи юзасидан фатвоси келтирилади. “Dar Al Sharia” – 2007 йилда Дубай ислом банки ташаббуси билан тузилган, шариат уламолари, ислом ҳуқуқи ва молияси бўйича мутахассислардан иборат, ислом молияси ва банкчилиги масалалари билан шуғулланувчи компания.
Савол:
Ислом банки ва қурилиш компанияси ўртасида қурилиш бўйича битим имзоланишга тайёрланди. Мазкур шартномага кўра, қурилиш ташкилоти ўз ҳисобидан хом-ашё, ишчи кучи, билим ва тажрибани ишга солиб, шартномада кўзда тутилган иншоотни қуриши керак ва ташкилот бунинг эвазига муайян маблағни қўлга киритади. Қурилиш шартномасида жарима банди ҳам мавжуд. Бу банд агар Ислом банки (Мижоз) тўловларни ўз вақтида амалга оширмаса, Банкка нисбатан жарима қўллашни, агар қурилиш ташкилоти қурилишни ўз вақтида амалга оширмаса, қурилиш ташкилотига нисбатан жарима қўллашни назарда тутади.
Шариат кенгашига банк томонидан шартномада жарима қўллаш банди жоизлиги юзасидан мурожаат келиб тушди.
Жавоб:
Муайян маҳсулотни ишлаб чиқариш/ иншоотни қуриш бўйича битим – Истисна деб аталади. Мазкур битимга мувофиқ, қурувчи-пудратчи томон фойдаланиладиган хом-ашёларга ҳам, жалб қилинадиган ишчи кучига ҳам масъул бўлади. Шартномада иккита томон мавжуд: Сотувчи – ишлаб чиқарувчи, девелопер, пудратчи корхона деб номланади ва Мижоз, яъни ишлаб чиқарилган маҳсулот ёки бунёд этилган иншоотни қабул қилиб олувчи томон. Шартномага кўра, Мижознинг мажбуриятларига жадвалга мувофиқ келишилган маблағларни тўлаб бориш киради. Қурувчи-пудратчи эса шартномага кўра келишилган муддатда, келишилган хусусиятга эга маҳсулот ёки иншоотни тайёрлаб / қуриб етказиб бериши керак. Бунда зарурий хом-ашёлар билан таъминлаш ва талаб этилган ишни амалга оширишга корхонанинг ўзи жавобгар ҳисобланади.
Ислом банкининг мажбурияти молиявий хусусиятга эга бўлганлиги сабабли, шартномада пеня белгиланишига шариатда йўл қўйилмайди, чунки бу пеня шариатда тақиқланган фоиз (рибо) билан баробар ҳисобланади. Шу билан бирга, ҳозирги пайтда ислом банкчилиги ва молияси соҳаси етакчи уламоларининг аксарияти бундай шартномаларда Ислом банки-мижозга нисбатан ишлаб чиқарувчи-қурувчи ташкилотга ўз вақтида тўловлар қилмагани учун жарима қўллаш мумкин, чунки бу уни (яъни Мижозни) интизомга солади, лекин йиғилган маблағлар хайрия мақсадларига йўналтирилиши шарт дейишади.
Бошқа тарафдан, қурувчи-пудратчи корхонанинг мажбурияти – тавсифланган маҳсулот ёки бино-иншоотни ўз вақтида тайёрлаб/қуриб беришдир ва шариат тамойилларига биноан, ушбу турдаги мажбурият бўйича ишни охирига етказиш кечиктирилган тақдирда молиявий жазо қўлланилиши мумкин.
Қурувчи-пудратчи корхона учун молиявий жазо қўллашда қуйидагилар эътиборга олиниши керак:
• Форс-мажор (фавқулодда) ҳолат туфайли қурилишнинг кечикиши қурувчи-пудратчи корхонага молиявий жарима қўлламаслик учун асос бўлади, чунки бунда унинг айби йўқ;
• Баъзи олимларнинг фикрига кўра, молиявий жазо фақат маҳсулот-иншоотларнинг етказиб берилиши кечиккани боис банк-мижоз зарар кўрган тақдирда жоиз бўлади;
• Жарима олдиндан келишилган бўлиши ва шартномада муайян миқдор кўринишида белгиланиши керак, масалан, кечиккан ҳар ой учун 1000 АҚШ доллари каби.
Мижоз, қурувчи – пудратчи томонидан етказилган зарарни ундиришдан воз кечиш ҳуқуқига эга.
Эслатма: Ушбу фатво ислом молияси ташкилотлари дуч келадиган баъзи амалий жиҳатларни тушунтириб бериш мақсадидагина тақдим қилинган. Бу ерда баён этилган фатво Дар аш-Шариа томонидан уларнинг мижоз ташкилотлари учун қабул қилинган ва улар ўз фаолиятлари давомида дуч келаётган муаммоларни акс эттиради.
Манба: https://daralsharia.ae/