Самарадорликка аниқ мўлжал ва ахлоқий қадриятларсиз интилиш инсонни жисмоний касаллик ва чарчоқ, руҳий тушкунлик, изтироб ёки хавотир орқали хароб қилиши мумкин.
Ислом қадриятлари шундайки, уларга инсон ташқи таъсир остида эмас, балки Аллоҳнинг буйруғи ва Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам кўрсатмаларига бўйсунган хоҳиш-иродаси таъсирида амал қилади. Ушбу қадриятлар билан яшаш, уларни ҳаётга татбиқ этиш нафақат шахсга, балки бутун жамиятга катта фойда келтиради. Ишонч (Амана), ҳалоллик (Сидқ) ва комиллик (Эҳсон) каби қадриятларга интилиш, уларга риоя қилиш ахлоқнинг энг юқори меъёрларини сақлаб туришга ёрдам беради. Яна Адолат (Адл), раҳм-шафқат (Раҳм) ва ҳалимлик (Рифқ) каби қадриятлар ҳам бор. Ушбу қадриятларнинг барчаси инсон қадр-қимматини сақлашга ёрдам беради. Ислом дини унга эътиқод қилувчиларнинг ҳар бир ҳаракатини бошқарадиган ички ахлоқий устурлоб (компас)га эга бўлишга ундайди, ва бу назария эмас.
Ислом тарихи ва анъанасида жамиятнинг турли гуруҳлари ва аъзолари томонидан бундай юксак ахлоқий қадриятларга қандай амал қилинганлигининг мисоллари сон-саноқсиз. Бундай мисоллардан бири сифатида узоқ бир мамлакатдан келган меҳмонни қабул қилган халифа Умар бин Абдул Азизнинг ҳикоясини кўриб чиқайлик. Улар мусулмонларнинг аҳволи ҳақида сухбатлашаётганларида Умар бин Абдул Азиз бир шамчироқни ёқиб қўйдилар. Бироқ, суҳбат мавзуси ўзгариб, улар шахсий масалаларга ўтганда халифа у шамчироқни ўчириб бошқа шамчироқни ёқдилар. Меҳмон халифанинг бу хатти-ҳаракатидан ҳайратга тушди ва нима учун бундай қилганини сўради. Халифа биринчи шамчироқ байт ул-мол (давлат хазинаси) ҳисобидан олинганлигини, шунинг учун у фақат мусулмонларга тегишли масалаларда ишлатилишини, шахсий манфаатлар учун эса ўз ҳисобидан олинган шамчироқ ишлатилишини айтди. Бу биргина инсоннинг ҳикояси эмас, балки шундай қадриятлар устига бунёд бўлган ислом тамаддунининг шарафли анъанасидир. Бунга ҳеч қачон ҳуқуқий шартномалар ёки катта жарималар қўллаш орқали эришиб бўлмайди, бу натижага фақат кучли ва комил дин бўлган ислом орқали етиб келиш мумкин.
Афсуски, бугунги кунда моддий самарадорлик меъёрларига интилувчи раҳбарлар, ўз ходимларидан уларнинг шахсий вақти (шу жумладан улар ўз оилаларига ажратиши керак бўлган вақт) ҳисобига бўлса ҳам, энг юқори самарадорликни талаб қиладилар ва албатта юқорида кўрсатиб ўтилган қадриятларни эътиборсиз қолдирадилар. Бундай ёнлашув қисқа муддатли даврда фойдали бўлиши мумкин, аммо узоқ муддатли истиқболда ҳар қандай ташкилот фаолиятига (юқори малакали ходимларнинг ишдан безиши ва кетиб қолиши кўринишида) жиддий салбий таъсир кўрсатади.
Таржимон: Мирзоҳид Низамиддинов
Муҳаррир: Жаҳонгир Имамназаров