8 апрел куни Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш вазирлиги ҳамда Ислом тараққиёт банки делегацияси вакиллари ўртасида мақсадли ва манзилли ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш масалалари бўйича амалий учрашув тадбири бўлиб ўтди.
Вазирлик хабарига кўра, жорий йилда Ўзбекистон ҳукумати ва Ислом тараққиёт банки ҳамкорлигида бошланғич капитали 100 млн. АҚШ доллари бўлган “Иқтисодий имкониятларни кенгайтириш жамғармаси” (Economic Еmроwermеnt Fund) ташкил қилиниши кутилмоқда.
Тадбир давомида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш, тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар, “Аёллар дафтари” асосида хотин-қизлар муаммолари билан ишлашда банклар томонидан тақдим этилаётган лойиҳалар хусусида сўз юритилди.
Таъкидланганидек, ташкил этилиши кутилаётган жамғарма томонидан кичик ва ўрта бизнесни ривожлантиришни қўллаб-қувватлаш учун платформа яратиш, даромад манбаларини таъминлашга қаратилган лойиҳаларни амалга ошириш ҳамда бу жараёнларда маҳаллалар билан яқиндан ҳамкорлик қилиш кўзда тутилмоқда.
Тадбир сўнгида кутилаётган икки тарафлама музокараларни 2021 йилнинг июн ойида Тошкент шаҳрида бўлиб ўтадиган ҳукуматлараро учрашувда давом эттиришга ўзаро келишиб олинди.