Ория – бирор нимадан (мол-мулк/ашё/нарса) келадиган нафни эвазсиз бериш. “Ория” (ёки ’Ариййа) сўзи луғатда “кетиб, келди” деган маънони англатади.
Орияда бир томон иккинчи томонга бирор нарсани вақтинча фойдаланиш учун беради. Масалан бой-бадавлат одам камбағал кишига: “мана шу дастгоҳни бир йилга фойдаланишга бераман”, дейди ва ўша нарсани бир йил (яъни вақтинча) фойдаланишга беради. Албатта бунинг учун ҳеч қандай ҳақ олмайди, чунки ория савоб учун қилинадиган иш ҳисобланади.
Зеро Аллоҳ таоло Қуръони каримда марҳамат қилиб: “Яхшилик ва тақво йўлида ҳамкорлик қилинг” дейди (Моида сураси, 2 оят). Шунингдек, Мааъуун сурасида:
4. “(баъзи) «намозхонлар»га вайл бўлсинки.
5. Улар намозларини унутувчилардир.
6. Ундоқ кишилар риё қиладиганлардир.
7. Ва мааъуун – рўзғор буюмларини (кишилар омонатга сўрашганда) ман этадилар”, деган.
Ория савоб умидида қилинадиган ихтиёрий ишдир, аммо баъзи фавқулотда ҳолатларда бу амал мажбурий тус олади. Масалан қаттиқ совуқда бошқа бир инсон ўлиб қолмаслиги учун унга иссиқ кийим бериб туриш шарт бўлади.
Ҳанафий мазҳабида таклиф ориянинг мажбурий шарти ҳисобланади (яъни орияга бирор нима бермоқчи бўлган одам буни орияни қабул қилаётган одамга таклиф қилиши лозим).
Қуйидагилар ориянинг қўшимча шартлари ҳисобланади:
– ория таклифини берувчи шахс оқил бўлиши;
– балоғатга етган бўлиши (фақат Ҳанафий мазҳабида бу талаб қилинмайди);
– орияга берилаётган нарса мавжуд бўлиши (яъни ўзи йўқ нарса таклиф қилинмаслиги керак);
– орияга бериш ҳуқуқининг мавжудлиги (яъни орияга бериш ҳуқуқи бўлмаган шахс бу ишни қилолмайди);
– орияга берилаётган нарса қайтарилиши ҳам мумкин бўлиши керак (масалан озиқ-овқат ёки ёқилғи орияга берилиши мумкин эмас, чунки бу ишлатиб юбориладиган нарсалардир);
– орияга бериладиган нарса ишлатиб наф олинадиган нарса бўлиши шарт (яъни ишлатиб наф/манфаат олиб бўлмайдиган нарса орияга берилолмайди);
Орияга турли нарсалар, жумладан уй-жой, кийим-кечак, от-улов, экин майдони ва ҳоказолар берилиши мумкин.
Ория – «сенга мана шу нарсани орияга бердим», «мана шуни вақтинча фойдаланишга сенга бердим», «сенга топширдим», «сенга шу еримни ундан фойдаланиб туришинг учун бердим» каби жумлалар ила тўғри бўлади.
Ория ижара эмас, чунки ижара ҳақ эвазига амалга оширилади, ория эса юқорида айтганимиздек савоб умидида эвазсиз амалга ошириладиган ихтиёрий ишдир.
Орияга берилаётган нарсадан турлича фойдаланиш мумкин бўлса у ҳолда ундан қай тарзда фойдаланиш мумкинлиги (шарти) айтилади, агар айтилмаган бўлса, у ҳолда олувчи қай бир фойдаланиш усулини биринчи бўлиб танласа ўшандек фойдаланади, бошқача эмас.
Орияга берилган нарсани белиланган вақтдан аввал қайтариб олиш макруҳ ҳисобланади. Орияга берган одам берган нарсасини белгиланган вақтдан олдин қайтариб олса ва шу туфайли орияга олган одам зарар кўрса, у ҳолда орияга берувчи кўрилган зарарни қоплаб бериши керак бўлади.
Агар деҳқончилик қилиш (яъни экин экиш учун) орияга ер берилса қайтариш вақти тайин қилинган ёки қилинмаган бўлса ҳам ҳосил йиғиб олинмагунча ерни қайтариб олиш мумкин эмас.
Нақд пул, вазн ёки сон билан ўлчанадиган нарсалар «ория қарзи» дейилади.
Орияга олинган нарса белгиланган муддатда эгасига қайтарилади, зотан орияга олган нарсасини эгасига қайтармаган одам катта гуноҳ иш қилган, бировнинг ҳақига хиёнат қилган бўлади. Зеро Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам, «Ория адо этилур» деганлар (Имом Абу Довуд ва Имом Термизий ривоят қилишган).