“Aҳли китоблар орасида шундайлари (ҳам) борки, уларга катта миқдордаги пулни омонат берсанг (ҳам), сенга (хиёнат қилмасдан) қайтаради. Лекин, шундайлари (ҳам) борки, ундайларга бир динор (пул)ни омонат берсанг (ҳам), то устида қаттиқ туриб олмагунинггача, сенга қайтариб бермайди. Бунинг сабаби: “Омийлар (араб мусулмонлар)га бизга (етишга)ча йўл бўлсин”, – дейишларидир. Улар била туриб, Аллоҳ ҳақида ёлғон гапирадилар”.
Изоҳ: Бу оят омонатга хиёнат қилмайдиган, кейинроқ исломга кирган яҳудий Абдуллоҳ ибн Салом ҳамда хиёнаткор Фанҳос ибн Азуро ҳақида нозил бўлган, дейилади.
Ушбу оятда Аллоҳ таоло аҳли китобнинг бир қисмини хиёнати ҳақида хабар бериб, мусулмонларни барча аҳли китобларга ишонмаслик, уларни илоҳий китобларидаги ҳар бир нарсага амал қиляпти, деб ўйламаслик кераклиги ҳақида огоҳлантиради. Улардан баъзилари ҳақиқатан ҳам мақтовга лойиқдир. Яъни, улардан баъзиларига (Абдуллоҳ ибн Саломга ўхшаб) кўп олтинларни омонат қўйсангиз ҳам, омонатни ўз вақтида эгасига қайтаради. Қурайш унга минг тилла қўйган эди ва у ҳеч қандай хиёнат қилмай, ўз вақтида қайтарди. Қуръони Карим, ҳатто аҳли китоб бўлса ҳам, ҳалол кишиларга баҳо беради, зикр қилади. Аммо улардан баъзилари, масалан Фанҳос ибн Азуро дегани, ўз ихтиёри билан омонатни қайтариб бермади. Чунки омонатга хиёнат қилувчи бундай аҳли китоблар ўзларига фатво чиқариб: “Аллоҳ таоло уммийларнинг (саводсиз араблар дейишмоқчи) мулкини бизга ҳалол қилди”, дейдилар. Улар шундайки, ўзларини “билувчилар” қолганларни эса уларнинг хизматкорлари деб ҳисоблайдилар.
Оят охирида Аллоҳ таоло уларнинг даъволарини рад этиб, уларнинг ўз манфаати учун чиқарган “фатволари” Аллоҳдан эмаслигини айтади. Улар Аллоҳга атайлаб ёлғон сўзлайдилар ва ўз ишларини ҳийла-найранглар билан амалга оширадилар (Тавротда бундай рухсат йўқлигини яхши билишса ҳам).
Манба: Қуръони каримни ўзбек тилига Шайх Абдулазиз Мансур таржимаси ва тафсири ва рус тилига Элмир Кулиев таржимаси.
Оятдан олинган хулосалар:
- Аҳли китобларни ичида ишончлилари ҳам, ҳиёнаткорлари ҳам бор эканлиги;
- Биз ўз ишимизга пухта бўлишимиз ва “омонатни” (бу пул бўладими ёки сир бўладими, фарқи йўқ) дуч келганга ишонавермаслигимиз кераклиги (мақолда айтилганидек “Ўзингга эҳтиёт бўл, қўшнингнингни ўғри тутма”). Ўз ишига пухта бўлиш деганда тақдим этилган шартнома/битимларни диққат билан ўқиш, ҳамкорлик қилинмоқчи бўлаётган томонни (у одам бўладими, ташкилот бўладими фарқи йўқ) текшириш, суриштириш, ҳамкорлик режасини астойдил ишлаб чиқиш, лозим бўлса мутахассисларга кўрсатиш назарда тутилади;
- Билим олишга интилиш кераклиги (токи турли ғайридинлар мусулмонларни билимсиз деб менсимай муомала қилишмасин ва бундан фойдаланишмасин);
- Аллоҳ ўз манфаатлари йўлида турли “фатволар” чиқарувчиларни Қуръони каримда ошкор қилиш орқали Қуръон биз учун дастуруламал эканлигини яна бир бор билдирганлиги.