«Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз эгаларига топширишни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи Зотдир»
Мусулмонлар жамоасига Аллоҳ таоло амр этган муҳим ишлардан бири – омонатларни ўз эгаларига топширишдир.
Бизнинг давримизда, ўтмишда зўр мусулмонлар бўлган халқимизнинг ҳозирги ҳолатида ҳамма ўлчовлар, ҳамма тушунчалар бузилиб кетган. Шу жумладан, омонатлар ҳақидаги тушунча ҳам бузилган. Одамлар омонат деганда қимматбаҳо нарсани бошқа бировнинг ҳузурига сақлаб бериш учун қўйишнигина тушунадилар. Аслида, омонатнинг турлари кўпдир. Жумладан, уламоларимиз:, «Аллоҳнинг бандага юклаган омонатлари бор: намоз, рўза, закот, каффорот ва назрлар ҳам омонатдир» дейдилар. Шунингдек, бандаларнинг бандалардаги турли ҳақлари ҳам омонат ҳисобланади.
Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларидан бирида:
«Биров сенга бир калима айтиб, сўнгра атрофга қараб қўйса, билгинки, шу сўз омонатдир», деганлар.
Демак, омонат кенг тушунилиши лозим бўлган атамадир. Энг буюк омонат эса, иймон омонатидир. Бу омонат инсондан бошқа махлуқотларга қасдсиз, иродасиз, ҳаракат ва йўлланмасиз берилгандир. Улар хоҳласалар-хоҳламасалар, иймонлидирлар. Фақат инсонгина, ақлга ва ҳур иродага эга бўлгани учун, ўз иродаси, ҳаракати, қасди ва уриниши билан мўмин бўла олади. Худди мана шу асл омонатдан бошқа омонатлар туғилади. Иймон омонатини адо қилганларгина Аллоҳнинг барча омонатларини ҳамда бандалар орасидаги омонатларни ҳалол адо эта оладилар. Барча омонатларни ўз эгаларига эриштирганларгина иймони ҳақиқий кишилар ҳисобланадилар. Мўминлар ушбу иймон ила жаҳон халқлари ичида танилганлар. Омонатга хиёнат қилишлик мунофиқликнинг уч аломатидан биридир. Мусулмон инсон барча омонатларга, жумладан, одамлар ила ўзаро муомаладаги, моддий масалалардаги омонатларга, катта-кичикка насиҳат қилиш омонатига, ёш авлодни тўғри тарбиялаш омонатига ва бошқа омонатларга риоя этади, хиёнат қилмайди. Аллоҳ кўрсатмасин, агар хиёнат содир бўлса, катта хатога йўл қўйилган бўлади. Хиёнатчи ҳатто шаҳид бўлган тақдирда ҳам, гуноҳи кечирилмасдир!
Имом Ибн Аби Ҳотим Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анхудан ривоят қилган ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам қуйидагиларни айтадилар:
«Шаҳидлик омонатдан бошқа ҳамма гуноҳларни ювиб юборади. Қиёмат куни, агар Аллоҳнинг йўлида қатл этилган бўлса ҳам, одамни келтириб, омонатни адо қил, дейилади. У эса: «Қандай қилиб уни адо этаман, ахир дунё тугади-ку!» дейди. Шунда унга омонат жаҳаннамнинг қаъридан кўринади. У тушиб елкасига кўтариб чиқади. Энди чиқай деганда, елкасидан омонат тушиб кетади. У ҳам омонатнинг изидан тушади. Шу ҳолат абадий равишда давом этади», деганлар.
Аллоҳ таоло мусулмонларга юклаётган иккинчи буюк вазифа – одамлар орасида адолат ила ҳукм юритишдир.
«…ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм килишни амр қилур».
Зайд ибн Аслам розияллоҳу анҳу: «Бу оят ҳокимлар тўғрисида нозил бўлгандир», деганлар.
Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Модомики, ҳоким жабр қилмаса, Аллоҳ у биландир. Агар жабр қилса, ўзини ўзига вакил қилиб қўяди», деганлар. Бошқа бир ҳадисда: «Бир соатлик адолатли ҳукм қирқ йиллик ибодатга тенгдир», дейилган.
Албатта, бу гапдан, ким бир соат адолат қилиб қўйса, қирқ йил ибодат қилмай юраверса ҳам бўлаверар экан, деган маъно чиқмайди. Бу ердаги ибодатдан мурод нафл ибодатдир.
Эътибор билан мулоҳаза қиладиган бўлсак, ояти каримада:
«Агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз» дейилмоқда.
Ҳа, айнан «одамлар» орасида, мусулмонлар орасидагина ёки бошқа бирор махсус тоифа орасида эмас. Ким бўлишидан қатъи назар, барча одамлар орасида адолатли ҳукм юритиш мусулмонларнинг бурчидир. Воқеликда ҳам мусулмонлардан бошқа ҳеч ким, ҳеч қайси тузум ёки жамият бу ишни уддалай олмаган. Исломнинг ҳукм ҳақидаги назариясига биноан, ҳукмнинг ва давлатнинг бардавом бўлмоғи учун асосий шарт – адолатдир. Иймон асосий шарт эмас. Уламоларимиз, иймонли ва адолатсиз ҳукм узоқ давом этмайди, аммо, ҳукм адолатли бўлса, бардавом бўлади; ҳам иймонсиз, ҳам адолатсиз ҳукм эса, доимо вақтинчалик ҳукм бўлади, деб алоҳида қайд этганлар.
Бир оятнинг ўзида икки буюк асосга ҳам омонатга, ҳам адолатга иршод қилишлик катта марҳаматдир. Шунинг учун, оятнинг давомида:
«Аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур!» дейилмоқда.
Бизнинг бурчимиз эса, Аллоҳ таолонинг ваъзини жон қулоғимиз ила тинглаб, унга амал қилишдир. Чунки Аллоҳ биз бандаларининг бу амрга қандай амал қилаётганимизни эшитиб, кўриб турибди.
«Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир».
Эшитиш ва кўриш эса, охиратдаги ҳисоб-китоб учундир. Албатта, Аллоҳ Ўзига хос эшитиш хусусияти билан ҳамма нарсани эшитади ва ўзига хос кўриш хусусияти билан ҳамма нарсани кўради. Ҳеч бир нарса Унинг эшитиш ва кўриш қудратидан четда қолмайди.
Манба: “Тафсири ҳилол”