“Аллоҳ (ҳаётингизни) турғизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг. Уларни ўша моллардан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўз айтинг”.
“Эси пастлар” – мол мулкини яхши тасарруф қила олмайдиган етимлардир. Аммо, уламолар бу ҳукмни умумлаштириб, молу мулкни яхши тасарруф қила олмайдиган ҳар бир кишини эси пастлар тоифасига қўшганлар.
Биз оятда “эси паст” деб таржима қилаётган ибора арабчада “сафиҳ” дейилади. Кўплиги “суфаҳаа” бўлади. Аслида бу ибора енгиллик маъносини англатади. Шундан келиб чиқиб, эси пастларни “мол-мулк тасарруфига енгилтакларча муносабатда бўлувчилар” дейиш мумкин.
Аллоҳ (ҳаётингизни) турғизиш (воситаси) қилган молларингизни эси пастларга берманг. Бу амрнинг баёнида “молларини” демасдан, “молларингизни” деб хитоб қилинишида ҳам катта ҳикмат бор. Қуръони карим эси пастларнинг шахсий-ҳуқуқий молларига ҳам уларга масъул бўлган жамоатнинг моли деб қарамоқда. Ўша мол-мулк бекордан-бекорга совурилмаслиги/исроф бўлмаслиги учун уларга масъул бўлган жамоат ҳам жавобгар экан. Валлоҳу аълам.
Аллоҳ таоло оқил бўлмаган одамларнинг қўлларига уларнинг ҳаёт кечириши учун аталган мол-мулк / молиявий маблағларни бериб қўйишдан қайтаради. Зеро, улар ғайри оқилликлари сабаб уларга берилган мол-мулкларни билиб-билмай исроф қилиб юборишади.
Ушбу оят асосида уламолар вояга етмаган етимлар ва эси пастларга нисбатан улар ўз мол-мулкларидан фойдаланишларига тақиқ қўлланилиши керак дейишади. Бундай тақиқ баъзида ёшга боғлиқ бўлиши мумкин – вояга етмаганларнинг ўзларича пул ишлатишлари тақиқланади. Баъзан бу одамнинг ақлдан озганлиги билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзан эса бу муайян бир шахснинг онгидаги ва динидаги нуқсон билан боғлиқ бўлиши мумкин. Баъзан эса унинг тўловга яроқсизлиги (банкротлиги) туфайли (яъни унинг қарзлари мавжуд маблағларидан ошиб кетганлиги ва шу сабабли улар зиммаларидаги барча қарзларини тўлай олмаслик ҳавфи) бўлиши мумкин (агар қарз берувчилар суд/қозидан унинг мол-мулкини ҳибсга олишни сўраб мурожаат қилишган бўлса).
“Уларни ўша молларидан ризқлантиринг, кийинтиринг ва уларга яхши сўзланг (юмшоқ гапиринг)”: бу муборак оятда сизнинг қарамоғингизда бўлган етимлар ва эси пастларга яхши муносабатда бўлиш, уларнинг кийим-кечаклари ва таомларига етарли маблағ сарфлаш ҳамда уларга фақат яхши сўз айтиш ва уларга яхши муомала қилиш амр этилган”.
Манба: “Тафсири ҳилол” ҳамда машҳур муфассир Ибн Касирнинг тафсир-таржимаси асосида тайёрланди.