“Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг. Агар улар ундан бирор нарсани чин кўнгилдан тутсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин”.
Бу оятда ҳам аёлларга нисбатан қўлланилган яна бир зулм бекор қилинмоқда.
Исломдан аввал турмушга чиқадиган хотин-қизларнинг маҳрини уларнинг валийлари олишар эди. Гўё бу ишга аёлларнинг алоқаси йўқдек билишарди. Қизнинг отаси, ака-укаси ёки бошқа яқин қариндошлари куёв томон билан савдони пишириб, маҳрни олиб, ўзлари тасарруф қилишарди. Таъбир жоиз бўлса, қизга худди бирор сигирни сотгандек муносабатда бўлишарди. Ислом бу номаъқул олди-бердини ҳаром қилди. Оила қуришни икки жоннинг бир-бирига рағбати орқали юзага келадиган муқаддас боғланишга айлантирди. Маҳрни эса келинга берилиши фарз бўлган ҳаққа айлантирди.
«Аёлларга маҳрларини кўнгилдан чиқариб беринг».
Берилганда ҳам, куёв томонидан чин қалбдан чиқариб берилиши талаб этилди. Шундай қилиб, маҳр келиннинг шахсий мулки бўладиган бўлди. Бу ҳол келинни ҳурматлаш, тақдирлаш ва эъзозлашнинг муҳим бир кўринишидир. Келин ўзига фарз сифатида берилган маҳрнинг тўлақонли эгасидир. Нима қилса, ўзи билади. Жумладан, унинг ҳаммасини ёки бир қисмини куёвга қайтариб бериши ҳам мумкин.
«Агар ундан бирор нарсани сизга рози бўлиб берсалар, бас, уни енглар. Ош бўлсин, офият бўлсин».
Чин кўнгилдан қайтариб берилган маҳрни куёв бемалол қабул қилиб олса бўлади. Шу тариқа Ислом аёлларга ҳақ-ҳуқуқларини тўла олишда яна бир катта ҳукмни жорий қилди. Аёл кишининг обрў-эътиборини оширди.
Шу ўринда жамиятимизда маҳр билан боғлиқ ўзимиз кузатаётган баъзи ноҳуш ҳолатларни айтиб ўтиш лозим.
Бугунги кунда баъзилар тўйга катта харажатлар қилишади, юзлаб одам чақириб ош беришади, базм уюштиришади, лекин маҳрга келганда ё у бутунлай эсларидан чиқади, ёки маҳрга гўё бир рамзий нарсага қарагандек қарашади ва шунга яраша арзимаган нарса билан бу масалани “ёпишади”. Бундайлар динимиз талабларини билишмагани учун шундай қилишади десанг, динимиз талабларини бир яхши тушунадиганлар ҳам маҳрни имкон қадар кам бериш учун йўл қидиришаётганлигини кўриб ҳайратга тушади одам. Ваҳоланки ушбу оятда кўриб турганимиздек, эр унга тегишга рози бўлган аёлга маҳрни оғриниб эмас, чин кўнгилдан чиқариб бериши лозимлиги уқтирилмоқда ва маҳр келиннинг ўз мулкига айланишига ҳам ишора қилинмоқда.
Набий алайҳиссалом бирор никоҳни маҳрсиз қўймаганликлари собитдир.
Мусулмонларнинг барчаси никоҳ маҳрсиз бўлмаслигига ижмоъ қилганлар.
Маҳр шундай муҳим нарсаки, келин-куёв ўзаро келишиб, иккимиз ҳам розимиз, бу ҳукмга амал қилмай қўяверамиз, дейишлари ҳам мумкин эмас. Агар билимсизлик оқибатида ёки бошқа сабабларга кўра маҳр белгиланмай, никоҳланиб кетган бўлсалар ҳам, кейин барибир маҳр берилиши керак. Ҳаттоки, эр маҳрни беришдан олдин вафот этиб қолса, унинг меросхўрлари маҳрни адо этишлари лозим бўлади.
Аёл маҳрни олганидан кейин нима қилса, ўзи билади, чунки бу унинг мулки. Жумладан, мазкур оятда зикр қилинганидек, эрига қайтариб бериши ҳам мумкин.
Агар келин ўз ихтиёри билан рози бўлиб, эри берган маҳрнинг ҳаммасини ёки бир қисмини қайтариб берса, эр уни бемалол олиб, тасарруф қилса бўлаверади.
Манба: https://islom.uz/ да берилган мақола асосида тайёрланди.