“Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг. Эркакларга ўз касбидан насиба бор. Аёлларга ўз касбидан насиба бор. Аллоҳдан фазлини сўранг. Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир”.
Ояти каримада афзаллик ва фазл нимадан иборат эканлиги очиқ айтилмай, умумий ҳолда қолдирилган. Буни Қуръоний усулга кўра, ҳар ким ўз фикри, идрокига яраша тушуниб олаверади. Фазл сиҳат-саломатликда, мансабда, мол-давлатда, хотиржамликда, ҳилмда, обрў-эътиборда бўлиши мумкин. Инсон кўп жиҳатдан ўзидан афзал шахсни кўриб, унга ҳасад қилса, нима учун фалончига бўлади- ю, менга бўлмайди, деяверса, жамиятда ўзаро адоват, бир-бирини кўра олмаслик каби ижтимоий дардлар авж олади, охири бориб, ундай жамият ҳам, унинг аъзолари ҳам ҳалокатга учрайди. Шунинг учун хам, Аллоҳ таоло мусулмонларни бу оғир гунохдан қайтариб:
«Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг», демоқда.
Шунингдек, баъзи эркак-аёл орасида ҳам ҳасад бўлиши мумкин. Буни ушбу ояти кариманинг нозил бўлиш сабаблари ҳақидаги ривоятлардан хам тушуниб олса бўлади.
Имом Аҳмад Мужоҳиддан қилган ривоятда: «Умму Салама:
«Эй, Аллоҳнинг Расули, эркаклар ғазотга қатнашадилар, биз эса, ғазот қилмаймиз, мерос ҳам бизга ярим ҳисса берилади?» деди. Шунда Аллоҳ таоло: «Аллоҳ баъзингизни баъзингиздан афзал этган нарсаларни (ҳасад ила) орзу этманг» оятини туширди», дейилади.
Шунинг учун хам, ояти каримада:
«Эркакларга ўз касбидан насиба бор, аёлларга ўз касбидан насиба бор», дейилмоқда.
Яъни, ҳар ким ўз ҳолатига яраша касб қилади ва ҳар ким ўз касбига яраша топади, фақат, касбини яхшироқ эгаллаши, кўпроқ ишлаши лозим. Бировларга берилган неъматларга ҳасад ўрнига ҳаракат қилиш керак. Ҳаракат сендан, баракат Аллоҳдан. Демак, банда ҳаракат қилиш давомида Аллоҳдан баракат ҳам сўраши керак:
«Аллоҳдан фазлини сўранг».
Шуниси фойда. Чунки Аллоҳ таоло сўраган бандасини ноумид қўймайди.
Имом Термизий Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан ривоят қилган ҳадисда Пайғамбаримиз алайҳиссалом:
«Аллоҳдан фазлини сўранг, зеро, Аллоҳ сўралишни хуш кўради. Ибодатнинг афзали кушойиш (енгиллик)ни кутишдир», деганлар. Ихлос билан фазли улуғ Аллоҳнинг Ўзидан фазл сўраш банданинг иши, фазлидан бериш эса, Аллоҳнинг иши. У Зотнинг Ўзи ҳар кимга билиб беради:
«Албатта, Аллоҳ ҳар бир нарсани билувчи Зотдир».
Кимга нимани ва қанча беришни ҳам яхши билади. Кимга молу дунё, кимга илм, кимгадир мансаб ва ҳоказолар беради. Шунингдек, эркакни эркак, аёлни аёл қилиб яратган Зот уларни нимага буюришни ҳам яхши билади. Модомики, эркакларга бир нимани фарз қилган экан, уларни шунга мос ва яроқли этиб яратганидандир. Аллоҳ таоло аёлни аёл қилиб яратган, унинг нимага муносиб ва нимага яроқли эканини яхши билади.
Масалан, аёл киши эркак кишидек, жиҳодга қурол кўтариб чиқмаса хам, эркак кишини туғиб, тарбия қилиб, ўстирадиган шу аёл. Аллоҳ таоло аёлни шундай ишга мослаб яратган. Бу ишни эркаклар уддалай олмайдилар. Эркаклар жиҳодда ўлиб кетсалар, аёллар янги эркакларни туғиб, яна тарбиялайверадилар. Шу билан бирга, бола туғишдаги тўлғоқ қийинчиликлари жиҳодга тенглаштирилди, унга жиҳоднинг савоби ваъда қилинди.
Мерос масаласида ҳам шу. Аёлларга эркакларга берилган улушнинг ярми тегиши улар қадрининг пастлигидан эмас. Буни аввалги оятлар тафсирида ҳам айтиб ўтилди. Балки, бу тақсим адолатнинг айни ўзидир. Эркак киши кўплаб мол сарфлашига тўғри келади. Жумладан, аёлга уйланиш вақтида унга маҳр беради, оила сарф-ҳаражатини бўйнига олади. Шунингдек, аёлни ва болаларни боқиш, кийинтириш ҳамда бошқа сарфлар ҳам эркак зиммасида. Аёлларда эса, бундай мажбурият йўқ, ҳатто ўзига сарфлаш ҳам зиммасига юклатилмаган. Бундан ташқари, эркак киши бошқа қариндошларига нафақа бериши керак, лозим бўлса, хун тўлаш, етказилган тан жарохатининг эвазини тўлаш, бева-бечораларга ёрдам бериш каби вазифалар ҳам эркакка юклатилган. Аёл киши буларнинг барчасидан озод қилинган. Ҳолбуки, шу каби даъволар билан жоҳилият даврида аёл кишига ҳеч қандай мерос берилмас, аксинча, унинг ўзи мерос тариқасида олинар эди. Аммо, Ислом аёлнинг шаънини кўтариб, ўзига яраша мерос ҳаққини тайин қилди.
Демак, Аллоҳ баъзи шахсларни бошқалардан афзал қилиб қўйса, унга ҳасад қилмаслик керак, балки фазлни Яратувчининг Ўзидан сўраш лозим керак экан.
Манба: “Тафсири ҳилол”